13.04.2025 09:10
268
“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 43-қисм)
Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 43-қисм.
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, 12-қисм, 13-қисм, 14-қисм, 15-қисм, 16-қисм, 17-қисм, 18-қисм, 19-қисм, 20-қисм, 21-қисм, 22-қисм, 23-қисм, 24-қисм, 25-қисм, 26-қисм, 27-қисм, 28-қисм, 29-қисм, 30-қисм, 31-қисм, 32-қисм, 33-қисм, 34-қисм, 35-қисм, 36-қисм, 37-қисм, 38-қисм, 39-қисм, 40-қисм, 41-қисм, 42-қисм
Кармул мактабида ўқирдим. Ўқиш даврида амакиваччам Иброҳим бошчилик қиладиган исломий гуруҳ Қуддус ва бир қатор Фаластин ичидаги туристик ҳудудларга саёҳат уюштирарди. Хоҳловчилар бориб номини ёздириб, тўлов қилиб қўйса бўлар экан. Гуруҳ фаолларидан бири менга ҳам шу саёҳатга боришни таклиф қилди. Мен иккиландим, бир оз ўйлаб кўриб, кейин жавоб беришимни айтдим. Уйда Иброҳим ҳам бу мавзуни қайта очди. Унинг айтишича, фурсатни бой бермай, зудлик билан бориб номимни ёздириб келишим керак экан. Акс ҳолда, Ғазодан ташқарига чиқиш, Ғарбий соҳил, Қуддус ва босиб олинган ерларга бориб юртимиз билан танишишдек фурсатни бой беришимни айтди. Ўйланиб турганимни кўрган Иброҳим:
— Агар тўловини ўйлаётган бўлсанг, ўзим тўлайман. Фақат йўқ демасанг, бўлди, — деди.
Мен жилмайиб, гап тўловда эмаслигини тушунтирдим. Айтолмаганим — бу каби сафарларга эҳтиёткор муносабатда бўлардим, асло тўловдан қочиш эмас. Барибир Иброҳим қийин-қистов билан розилигимни олди. Улар билан бирга боришга ваъда бердим.
Шундай қилиб, эртаси куни бориб, саёҳатга масъул шахсга сафар тўловини бериб келдим. Жума куни эрталаб йўлга ҳозирлик кўрдик. Мактаб эшиги олдида тўпландик. Ҳамма ўзи билан икки кунга етадиган егулик ғамлаб олганди. Иброҳимни ушбу саёҳатга бошчилик қилиб боришини аниқ билардим. Ҳа, адашмагандим. Автобусга ўтирар эканмиз, Иброҳим сафар олдидан ўқиладиган дуони бошлади. Қолганлар орқасидан қайтардик:
بسم الله مجريها و مرساها. الحمد لله الذي سخر لنا هذا و ما كنا له مقرنين و إنا إلى ربنا لمنقلبون. اللهم إنا نسألك في سفرنا هذا البر و التقوى و من العمل ما ترضى
Қачон қайсидир қишлоқнинг бирор қисми ёки тарихий ёдгорлиги олдидан ўтсак, ёхуд урушда яксон қилинган ё яҳудийлар арабларга тегишли обидаларни йўқ қилган Фаластин шаҳарларидан ўтсак, Иброҳим ёки ёнидаги шериги тўхтатиб:
— Бу — Асқалон шахрининг тарихий обидалари. Бу кекса дарахт — Ҳамамаҳ қишлоғининг марказида жойлашган. Бу ерда "Шерлар ҳиёбони" масжидининг қолдиқлари бор. Нарироқда илгари мактаб ҳам бўлган. Бу тарафда уйлар бор эди, — дея шарҳлаб, таништириб боришарди.
Биринчи бўлиб тўхтаган жойимиз гўзал бир чўл бўлганди. Ўша ерда насронийларнинг черкови ҳам бор экан. Шу ерда автобусдан тушдик. Ҳозир у жой “Дайр Латрун” деб номланади. Иброҳим бу ерда Абу Убайда Амр ибн Жарроҳ бошчилигида Фаластин фатҳи йўлида “Амвас” маросими бўлиб ўтганини шарҳлаб берди.
Иброҳим маросимнинг баъзи тафсилотларини сўзлаб берар экан, эгилиб чўлнинг қизғиш тусли қумидан бир ховуч олиб:
— Мана шу қум Расулуллоҳ саҳобасининг қони тўкилганига гувоҳлик беради, — деб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
Бу пайтда нарироқдаги дарахт баргларини шаббода тебратаётганидан таралаётган товуш ва новда устида чуғураётган қушнинг овозини ҳисобга олмаганда, тингловчилар орасида жим-житлик ҳукмронлик қиларди. Иброҳим гапида давом этди:
— Бу тупроқ — бизнинг тупроқдир. Бу ер — бизнинг еримиз. Бу учун Расулуллоҳ саҳобаларининг пок қонлари тўкилди. Энди бу ерлар қайтадан озод бўлиши учун Расулуллоҳга эргашганларнинг пок қонлари керак бўлади.
Баданимда титроқ пайдо бўлди. Эшитган гапларим вужудимни ларзага солди. Хусусан, бу гапларни уйда — онамнинг олдида кар ва соқов бўлиб юрадиган Иброҳимдан тинглаётганим ҳаяжонимни икки ҳисса оширарди. Қаерга тўхтамайлик, Иброҳим ўша ерлар ҳақида кенг қамровли маълумотларга эга эди. Фасоҳат билан, ўта гўзал нутқ сўзларди. Уни кузатиб борар эканман, унга нисбатан кучли эҳтиромим янада ошиб борарди.
Автобус яна жойидан қўзғалди. Ҳийла масофа босиб ўтдик. Иброҳимнинг шериги тоғ этагига ишора қилиб:
— Дар-Ясин қишлоғи мана шу тоғ этагида жойлашган, — деди.
У ерда босқинчилар қандай қирғинбарот қилганлари дунёга дўстон бўлгани, яҳудийларнинг Фаластин аҳлига қилган ваҳшийлигига мана шу қишлоқ рамз бўлиб қолгани ҳақида гапирди. Бироздан сўнг Қуддусга етиб бордик. Яна озгина юриб, Масжидул Ақсо деворлари кўринди. Атрофида Қуддуснинг қадимий шаҳари намоён бўлди. Бу қадимий шаҳарга оёқда юриб кирдик. Йўлнинг икки томонини тижорий дўконлар эгаллаган. Уларда йўқ нарсанинг ўзи йўқ.
Сайёҳлар Қуддус кўчаларидан эсдалик сифатида оладиган қўлбола совғаларнинг турфа хили сотилмоқда. Сайёҳлар дунёнинг ҳар тарафидан ташриф буюраётган экан. Ҳар бир бурчакда қурол кўтарган ҳолда туриб, кўзлари билан кузатаётган босқинчи аскарлар кўриниб турарди. Улар минтақани қўриқлаш учун жойлаштирилган махсус кучлар эмиш.
Биз Ақсо масжиди эшикларидан бирига яқинлашдик. Айниқса шу эшиклар олдида бутун бошли қўшин туриб, ҳар бир зиёратчини яхшилаб тафтиш қилиб, ҳужжатларини текширар экан. Гоҳида баъзиларнинг ҳужжатидаги рақамни ёзиб олишарди. Бизнинг ҳам ҳужжат рақамларимизни олар экан, шайхлардан бири микрофонда Қуръон оятларини тиловат қилаётгани эшитила бошлади. Қуббатус-Сахра ўзининг жилвадор рангини оламга ёйиб, тош зиналар орқали кўтариладиган тепаликда салобат тўкиб турарди.
Масжид эшигидан шиппагимни қўлимга олиб кирдим. Хушуъ ва кучли ҳаяжон ҳислари вужудимга ханжар каби санчиларди. Икки ракаат “Таҳийятул масжид” намозини ўқигач, масжид имомининг Жума хутбасини қилишини кутиб ўтирдик. Имом минбарга чиқиб хутба қилганида, Ғазодагидан фарқ қиладиган бирор янги гап ёки услубни сезмадим. Жума намозидан сўнг одамлар масжиддан ҳар тарафга тарқала бошлади. Биз қайта жамланиб, Қуббатус-Сахра масжидига кўтарилдик.
Иброҳим ушбу масжид ҳақида сўзлаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Исро ва Маърож” кечаси самога кўтарилган ўша харсанг тош ҳақида, “Исро" ва "Меърож” сафари Маккадан Қуддусга, сўнг Қуддусдан Сидратул Мунтаҳога бўлгани ҳақида тўлқинланиб гапирди. Гапи орасида:
— Қуддус — самога кўтарилишда Ердаги асосий бекат бўлган, — деб эслаб ўтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам самога Маккадан ҳам кўтарилишлари мумкин эди. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан, мусулмонларга Қуддуснинг дин ва ақидадаги аҳамиятини кўрсатиш мақсад қилинганди.
Иброҳим нутқи давомида бир неча марта:
— Расулуллоҳ мана шу ердан — Қуддусдан самога кўтарилганлар, — деб такрорлади.
Баданим жунжикиб, титроқ тутди. Мен каби ҳис туяётганлар кўп эканини англаш қийин эмасди. Биз — Ғазодаги лагер аҳли — Қуддусни биринчи марта зиёрат қилаётгандик. Илгари зеҳнимизда номигина бор эди, холос. Ҳозир эса шу муқаддас заминда турибмиз. Ҳавосидан нафас олмоқдамиз. Кўзларимиз суратни эмас, ҳақиқий манзарани кўриб завқланмоқда.
Аммо, аммо... Бу муқаддас ерни чор тарафдан ўраб олган, истаган одамни киритиб, истаганини ман қилувчи босқинчилар эгаллаб турибди. Араб ва мусулмонлар миллионлаган адади, армияси ва мол-дунёси билан бу лаънати паскашлардан муқаддас заминни озод қилишга ожиз қолмоқда.
Шу ондан бошлаб курашнинг илгари идрок этмаган бошқа жиҳати ҳам борлигини яхши тушуниб етдик. Масала — шунчаки ер ва халқ масаласи эмас экан. Бу — ўз еридан қувиб чиқарилган халқни жойига қайтариш масаласи ҳам эмас. Бу — дин, ақида, тарих ва борлиқ маъракаси экан. Иброҳим ва бу сафарни уюштирганлар ана шу маъноларни қалбимизга мустаҳкам жойлашга муваффақ бўлдилар.
Шу ўйларнинг тубсиз уммонига ғарқ бўлган эдимки, тўсатдан Иброҳимнинг баланд овози эшитилди:
— Энди автобусга қайтамиз. Юрақолинглар. Кейинги бекатимиз — Халил шаҳри. У ерда Иброҳим ҳарамини зиёрат қиламиз.
Ҳушимга келдим. Аста ташқарига юра бошладик. Ҳар бир қадамимиз дарахт илдизи суғирилаётгандек оғир бўларди. Бу муқаддас даргоҳнинг таъсири шу қадар кучлики, борган инсон у ердан чиқиб кетгиси келмайди.
Автобусга йўл олгунча хаёлимдан Иброҳимнинг Салоҳиддин Аюбий ҳақида айтган сўзлари ўтди: "У Қуддусни салбчилар қўлидан озод қилиш ниятида илҳом бўлиши учун минбар қўйган. Яҳудийлар эса уни 1968 йили ёқиб юборган". Ичимда, ўз-ўзимга савол бердим:
— Бу галги озодлик учун яна бир Салоҳиддин бормикин?
Давоми бор...