25.02.2025 09:11

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 33-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 33-қисм. 



Ўн иккинчи фасл

Холамнинг эри (Абдулфаттоҳ почча) маҳбуслик муддатини ўтаб бўлганди. Озод бўлгач, яна тижорати, деҳқончилиги ва чорвачилиги билан шуғуллана бошлади. Ҳибсдан чиққунига қадар ўғли Абдураҳим юришни бошлаб юборган. 

Абдулфаттоҳ почча Халилдаги тижорий алоқалари мустаҳкам дўконларга  тез-тез бориб турарди. Дўконларнинг бирида суҳбатлашиб ўтиришар, чойхўрлик қилишарди. Тужжорлар Абдулфаттоҳдан маҳбуслик ҳаёти ҳақида савол-жавоб қилишарди. У ерда қандай муомала қилишади? Қандай қийноқларга солишади? Нима айбловлар қўйишди, каби саволларга Абдулфаттоҳ тавозе билан, одамларни босқинчи ва қамоқхоналардан қўрқитиб юбормаслик мақсадида «чидаса бўлади» , дея жавоб берарди. Яна шуни ҳам қўшимча қилиб қўярди: «Тўғри, маҳбуслик осон эмас. Лекин чидаса бўлади. Иродани мустаҳкамлайди. Инсон ўзини англай бошлайди, куч-қуввати нимада эканлигини тушуниб олади». 

Бу гапни тинглаётган тужжорлар бошини силкиб, маъқуллаб ўтиришарди. Айримлари таажжубланиб, ёнидаги шеригига боқар, балки қайсидир бири Абдулфаттоҳ кетганидан сўнг: «Бу эсипастни қара. Оиласини сарсон қилиб, ўзи бир аҳволга тушиб, яна чидаса бўлади, дейишини! Қуруқ гап бу», деган бўлса ҳам ажаб эмас. 

Укаси Абдураҳмон Халилдаги «Ториқ ибн Зиёд» олий маъҳадининг якуний босқичида ўқиётганди. Ушбу йигит хулқ-атворида, жидду жаҳди, диёнатлилиги ва одамлар билан илиқ муносабатлари билан ном қозонган. Таълим олаётган шаҳри ва чор атрофдаги қишлоқ талабаларининг ичида гўзал сифатлари билан танилган. Ўша кезларда мазкур маъҳад талабалари орасида диний оқимга эргашган диндор талабалар шакиллана бошлаганди. Шу маъҳаднинг устозлари Иордания олигоҳида таҳсил олишган. Ўша ерда таълим олиш чоғида «Мусулмон биродарлар» жамоасига қўшилишган экан. Халилга келиб дарс бера бошлашгач, ўз фикрларини талабалар онгига кирита бошлашган. Натижада фикрларни илиқ қабул қилган талабаларни атрофига жамлашган. 

Шу пайтлари олийгоҳда «Шариат» факультети ҳам очилганди. Шаҳар ҳокимининг ўзи очилишга бош-қош бўлганди. Йигитларнинг ушбу факультетда жамланиши ортидан сиёсий ва фикрий оқимлар пайдо бўла бошлади. Буларнинг ичида энг таниқлиси,  «Мусулмон биродарлар» оқими эди. Бунга сабаб, мураббийларнинг мазкур оқим фикрларини киритиши бўлган. 
Бир қанча йигитлар шу оқимнинг уруғи сифатида жамлана бошлади. Ўзларининг хатти-ҳаракатлари, қолаверса устозларнинг кўмаги билан кенг ёйила бошладилар. Ғазо секторида ёки Ғарбий Соҳил шимолида «Ихвонул-муслимийн» жамоасининг номи Халилдагидак оддий қабул қилинмасди, бу номни ҳақоратлаш, камситиш учун қўлланиларди. Халилда бўлса, бу жамоа ўз тарихига эга бўлган. Халилдаги маълум ва машҳур оилалар ушбу жамоа фикрига мансуб бўлганидан унинг номини қабул қилиниши ҳам осон кечганган. 

Шундай қилиб, «Ториқ ибн Зиёд»  маъҳадида таҳсил оладиган шаҳар ва қишлоқдан келган талабалар «Ихвонул-муслимийн» таълимотидан тор доирада дарс оладиган бўлишди. Улар орасида Абдураҳмон ҳам бор эди. Дарслигида исломий дарсларга замонавий ислом ғоялари моддаси ҳам қўшилди. Кунларнинг бирида ўша йигитлар жамоаси Абдураҳмонни зиёрат қилиш учун Суриф қишлоғига келади. Бу – «Ихвонул-муслимийн» жамоасининг ўзига хос фаолиятларидан бири, шу тарзда боғланиб иймонлашади. Меҳмон бўлиб кетган нафарча Абдураҳмоннинг дўстлари адирликка чиқиб ўйнашди, сўнг ўтириб, дин ва сиёсат мавзуларида суҳбатлашишди. Бу пайт Абдулфаттоҳ почча укасининг дўстларига егулик ҳозирлаётганди. Абдураҳмон эрталабдан тўртта товуқ сўйиб, дўстларини кутиб олишга ҳозирлик кўриб қўйганди.  Абдулфаттоҳ почча аллақачон тушликни таёрлаб бўлган бўлса-да, укаси олиб кетишга келмаётганидан хавотирланиб, тушликни ўзи олиб бориб беришга қарор қилади. Адирга олиб чиқиб, укасига егуликни берар экан, укаси деди: 

-Овора бўлибсизда, ака. Ҳозир ўзим бориб опкелмоқчидим.

Абдулфаттоҳ жавоб берди: 

-Овораси йўқ. Дўстларинг билан баҳонада танишиб оларканман-да.

Улар билан Абдулфаттоҳ ҳам ўтириб, тушлик қилди. Чақ-чақлашишди, кулишиб суҳбат қуришди. Абдулфаттоҳ укасининг дўстларидан ватанпарварлик ҳақида сўраб, гап очди: 

-Ватанпарварлик йўлидаги ишлар ҳақида фикрингиз қандай? Уларнинг бири жавоб берди:

-Муаммо шундаки, халқимиз ҳали ҳамон ватанпарварлик курашидаги муҳим омилларни топа олгани йўқ. Бу йўлда таёргарлик, қурбонликлар даражаси ўта паст! 

Абдулфаттоҳ бироз ҳаяжонга берилиб кетганди: 

-Қандай қилиб бу гапни айтяпсан?! Сенинг бу иддаоингга кўра, нимага суяниш керак экан?! 

-Чунки масала ислом аҳамиятидаги масаладир. Икки қибланинг аввали, уч ҳарамнинг учинчиси бўлган Ақсо масаласи турибди. Ватанпарварлик масаласидан кўра мана буниси  кўпроқ фидойиликларни талаб қилади. Бунга эса, одамларнинг таёргарлиги зарур бўлганидан миллион марта кам. 

Абдулфаттоҳ тортишишда давом этиб деди: 

-Сен Ғазода, Ғарбий Соҳилда, Қуддусда ва кўплаб қишлоқлардаги фидойиликларни эшитмаган кўринасан? 

-Сиз айтаётганларнинг ҳаммасини эшитганман, хабарим бор. Лекин буларнинг ҳаммаси зарур бўлганидан анча оз. Ака... Сиз яҳудларнинг Халилда қандай бемалол юрганини кўрмаганмисиз? Ҳеч ким уларга қаршилик қилолмайди. Сайёҳларнинг ҳарам зиёратига келганларини кўрмапсиз, яҳудлар Иброҳим ҳарамида бақир-чақир, ўйин-кулгу қилишмоқда. Бозорларга келиб, фаластинликлар билан қандай бемалол олди-берди қилаётганларини кўрмаганмисиз? Худди босқинчи эмасдек юришади. Ерларимизни тортиб олмагандай хотиржамлар. 

Шу пайт Абдураҳмон суҳбатга қўшилиб: 

-Шубҳасиз, ватанпарварлик ундовининг ўзи кураш учун камлик қилади. Бунга яна қўшим... - гапини тугатмай туриб Абдулфаттоҳ гап бошлади: 

-Ука, бу халқимиз шунча вақтдан буён ўз ерини ҳимоя қилиб келяпти. Таслим бўлишмайди.  Улар-чи... - деб, у ҳам гапини тугатишга улгурмай, бояги йигит сўзини бўлиб, гап бошлади: 

-Мен сизга ўзим билан содир бўлган бир воқеани айтиб берайми? Хуллас, босқинчилар юртимизни бостириб келган кезларда ҳали ёш гўдак эдим. Халил кўчасида бир яҳудий бемалол кетаётганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди-да, қўлимга тош олиб, ўша яҳудийга отиб, сўнг дарахт ортига беркиниб олдим. Бояги яҳудий кетиб бўлгандир, деб ўйлагунимча беркиниб ўтирдим. Ҳали чиқмасимдан қўшнимизнинг ўғли «Жамол. Жамол. Чиқавер, кетиб бўлди», дея чақира бошлади. Дарахт ортидан чиқиб бордим. Халиги яҳудий бир уйнинг орқасида беркиниб турган экан, шарт келиб, мени тутиб олди-да, бошимга тўппончасини ўқталди. Қайтиб бундай қилмаслигимни тайинлаб, мени қўрқита бошлади. Ўшанда билгандим, мен тош отиб қочган яҳудий қўшниларнинг уйини тақиллатиб, мени топиб беришини, агар топиб бермаса, болаларини қаматиб юборишини айтиб, таҳдид қилган экан. Шундан сўнг қўшнилардан бири мени тутиб бериш учун ўғлига чақиртирган экан. 

Абдулфаттоҳ ҳам унинг гапини бўлиб, ўзи сўз бошлади: 

-Ҳа, бўлиши мумкин, бўлиши мумкин. Лекин одамлар яхши, халқимиз яхши.

-Мен ҳам халқимизни яхши, ҳатто ўшандай одамлар ҳам яхши, дейман. Улар дуруст инсонлар аслида, лекин зарар етишидан қўрқишади. Қурбонлик учун таёргарлиги озда уларнинг... Шунинг учун узоқ амалиёт олиб бориш...- деб, гапи тугамай, Абдулфаттоҳ яна гапини бўлиб, деди: 

-Ҳой бола. Ҳеч қандай амалиётга ҳожат йўқ. Ҳар бир инсон қўлидан келганини қилсин, бўлди. Нега бошингизни оғритиб бу гапларни гаплашяпман ўзи..?! Яхшиси, мен кета қолай, сизлар мазза қилиб ўтиринглар-а.. 

Абдулфаттоҳ этагини йиғиштирар экан, йигитларга: «Хуш келибсизлар! Хуш келибсизлар!  Яхши ўтиринглар! Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», дея туриб кетди. Йигитлар кунни зайтун дарахтлари остида ўйин-кулгу билан ўтказишди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.