01.03.2025 08:40

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 34-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 34-қисм. 


Муҳаммад акам ва амакиваччам Иброҳим иккиси Ҳасан акамнинг диёнатидан таъсирланишганди. Бирга масжидга қатнаб, намоз ўқий бошлашди. Мен улар каби илтизомли эмасдим. Баъзан ўқиб, баъзан ташлаб қўярдим. Баъзан улар билан бирга масжидга бориб, жамоат бўлиб намоз ўқирдим. Гоҳида намоздан сўнг ўтиладиган ҳалқаларига ҳам қўшилганман. Бундай ҳалқада бир йигит туриб, диний мавзуда гап бошлайди, бирор оятни тафсир қилади ёки бир ҳадисни шарҳлаб беради. Ёки қандайдир китобни ўқиб, ўқиганини шарҳлаб беради. Гоҳида Пайғамбаримиз сийратидан бирор қисса айтиб беради. Баъзида шом намозидан сўнг ўтириб, зикр қилишарди. Улар айтадиган дуоларни билмасам ҳам оғзимни қимирлатиб, ўзимни худди билгандай тутардим.

Маҳмуд акам Муҳаммад ва Иброҳимларнинг ҳам диёнатлилашиб бораётганидан норози бўларди. Бундан илгари Ҳасан акамни ҳам ҳаспўшлаган. Шунга бўлса керак, уларнинг ҳаммасини жамблаб, гоҳо алоҳида ўтқазиб олиб, суҳбатлашиб турарди. Масжидга ҳадеб қатнайверишдан қайтарар, у ерда бўладиган ҳар хил фаолиятларга аралашиб қолмасликка чақирарди. Ихвончи бўлиб кетишдан огоҳлантирарди:

— Ўша аллома шайх Аҳмадинг ихвончи бўлади. Ихвончилар Абдунносирга қарши тоифа... Араб бирлигига қарши. «Фаластин озодлиги иттифоқи» қўшинларини тан олишмайди. Уларнинг айтишича, Фаластин урушида шаҳид бўлганлар шаҳид саналмас эмиш. Ўзлари бўлса, на бир амалиётда иштирок этишади, на бир қўллаб-қувватлови бор... Қўлига-ку умуман қурол олишмайди...

Уччовлон баракайига Маҳмуд акамга боқиб, бири гап бошлайди:

— Нима дедингиз? Мен масжидга бориб, шу одамлар билан қўшилиб юрибман. Нима деб гапиришларини жуда яхши эшитганман. Сиз айтган гапларнинг бирортасини ҳам айтишмаган.

Маҳмуд акам асабийлашиб, товуши янада кўтарилиб деди:

— Э... Сенга билмасам, гапираманми?! Улар сенга бу гапларни дарров гапирмайди. Дин ҳақида гапиради, Ислом ҳақида гапиради, Расул ҳақида гапиради, намоз ҳақида гапириб, кейин секин-аста қайноқ мавзуларга кириб боради...

Уччовлоннинг бири ҳаяжонлашиб дейди:

— Хой ака, қўйсангизчи бу гапларни... Биз ёш бола эмасмиз-ку, ахир.

Ҳар сафар масжидга борганимда, ўша дарсларида сиёсатга оид, Фаластин ҳақида, жангарилар ҳақида, босқинчилар ҳақида, ҳатто Фаластин озодлиги масаласида бирор калима ҳам эшитмаганман. Озодлик учун курашаётган бирор ҳаракатнинг номи тилга олинмас эди. Фақат диний мавзулар ҳақида гапириларди, холос. Балки мен бормаган дарсликларида гапирилган бўлиши мумкин, ким билсин? Аммо, нима бўлганда ҳам, мен ўша пайт ҳудди Ғазодаги бошқа болалар қатори Фаластин ғалаёни рамзига айланган Ёсир Арафатга ҳурматим чексиз эди. Уни ўзимга қаҳрамон сифатида кўрардим. Ҳар доим намойишларга унинг суратини кўтариб чиққанимизда: 

«Жонимиз ҳам, қонимиз ҳам сенга фидо бўлсин, эй Ёсир Арафат!» — деган шиорларимизни юрагимнинг туб-тубидан, сидқидилдан айтардим. Аммо Ҳасан акам менга ва лагердаги бошқа йигитларга ўхшамасди. Бу шиорларни айтаётганда унда таъсирланиш ҳиссини кўрмасдим. Шундай бўлса ҳам, бирор марта Ёсир Арафат ёки «Озодлик қўшини» ҳақида бирор яхши ё ёмон гап айтганини эшитмаганман. Шаҳидлар мавзуси кўтарилганда, гоҳида:

— Шаҳидлик мавзуси қалб ва ниятга боғлиқ. Ким шаҳид, ким шаҳид эмаслигини фақат Аллоҳ билади, — дея очиқ айтарди.

Бора-бора ошкоралик зиёдалашиб борди. Қачон «Фалончи шаҳид бўлибди», дейилса:

— Унинг шаҳид бўлганини ким қаердан билибди? Эҳтимол, Аллоҳга иймон келтирмайдиган Худосиз бўлса-чи, унда нима бўлади?! — дер эди.

Бундай пайтларда Маҳмуд акам ҳиссиётга берилиб, бақириб юборарди:

— Ўзинг ким бўлиб қолибсан? Шайхларинг ким бўлибди? Уни шаҳид, буни шаҳид эмас деб белгилайдиган кимсанлар?! Ўзларинг хотинларинг пинжига кириб олиб, ватан учун жонларини елкасида кўтариб жанг қилаётганлар устидан фатво ўқийсан?!

Ҳасан акам тушунарсиз алланималарни пичирлаб, асабий ҳолда туриб кетарди. Орқасидан Муҳаммад ва Иброҳим ҳам туриб кетарди. Шундай тарзда мажлис ҳам сочилиб кетарди.

Бу каби тортишув мажлисида Абдулҳафиз (қўшни, Ҳасаннинг қайн укаси) ҳам бўлиб қолса борми, тортишув янада авж оларди. У диндорларга ҳужум қиларди. Нафақат диндорларга, балки диннинг ўзига ҳам ҳужум қиларди. Ихвончиларни Саудиядан маош олиб ишлайдиган югурдакка чиқарарди. Ҳасан ака бўлса, уни худосизликда айбларди. Аллоҳга иймони йўқлигини айтиб, ғазабланарди. 1942 йили Исроилни биринчилардан бўлиб тан олган Совет Иттифоқининг лайчалари, деб атарди.

Менга Ҳасан акамнинг гаплари кўпроқ маъқул келарди. У айтган сўзлар юрагимнинг туб-тубигача етиб борарди. Лекин айрим нуқталарда унинг аниқ позициясини кўрмасдим. Исломчиларнинг ватан озодлиги йўлидаги аниқ позицияси номаълумлигича қоларди. Босқинчиларга қарши курашаётган жангчиларнинг ватан озодлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида уларнинг ўрни қандайлиги мажҳул эди. Бу ҳақида сўралса, жавоб беришдан ожиз қоларди.

Афтидан, Ҳасан акам шайх Аҳмаддан ушбу масала ҳақида сўраган кўринади. Шайх Аҳмад келгуси дарсда шу ҳақида сўзлашини айтибди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.