“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 31-қисм)
***
Ҳасан акам «Синоат» факультетини тугатибоқ, ўзига муносиб,
маоши яхши ишга жойлашди. Иш жойи
Ғазонинг Зайтун минтақасида эди. У ердагилар ишига қараб маошини яна кўтариб
бериш ваъдаси билан ишга олишди. Узоқ йиллик фақирлик ва қаҳатчиликдан сўнг
олтин даврларимиз бошланаётгандек эди гўё. Мен олтинчи синфни тугатай деб
қолгандим. Амакиваччам Иброҳим еттинчи синфга кўчганди. Муҳаммад акам эса
тўққизинчи синфга ўтган.
Таҳани опам ўнинчи синфни битириб, ўқитувчиликка топширганди.
Дунё бизга қайта кула бошлади. Айтгандай, узоқ вақт ўтиб, амакиваччамиз
Ҳасан ҳам кўриниш берди. Аммо кўриниши буткул ўзгарган. Катта киши бўлиб
кетган. Соч-соқолини ўстирган, бизнинг урфларда кийилмайдиган либосларда,
яҳудларнинг кийинишига ўхшаш кийимларда, бўйнида, қўлида тилла занжирлар
тақилган, клёш шимларда, чўнтагида тамаки қутиси дўмпайиб кўриниб турган ҳолда
кириб келди. Бошқа сайёрадан ташриф буюрган меҳмон каби ховлимиз эшигини тақиллатди.
Мен чиқиб, эшикни
очдим. Мутлақо танимабман.
Бармоқларини сочим орасига солиб, бироз қисди
ва «Сен Аҳмадсан-а?» деди.
Овозидан таниб қолиб, «Ҳасан ака, сизмисиз?!», дедим. У «Ҳа-да...» деб жавоб
берди. Мен «Она... Маҳмуд
ака... Ҳасан акам
қайтибди...» дея жар солдим. Ҳамма
уйдан отилиб, ҳовли
дарвозаси томон чиқишди. Бунгача Ҳасан ака икки-уч қадам босиб, ҳовлига кириб келганди. Ҳовлига чиққанларнинг барчаси Ҳасанни кўриб, худди чақмоқ ургандай қотиб қолишди. Ҳамма нима дейишни билмасди. Биринчи
бўлиб Маҳмуд акам ўзини қўлга олиб, Ҳасан ака билан саломлашиб, қучоқлашди.
Иброҳим ҳам келиб кўришди, сўнг Маҳмуд акам хонасига бошлади. Ака-укалар Маҳмуд
акамнинг хонасига
жамландик. Онам дастурхон тузашга кириб кетди. Маҳмуд акам Ҳасанни нималар
бўлгани, нега бу аҳволга тушиб қолгани ҳақида саволга тутиб кетди. Ҳасан яҳудий
ўйнаши борлиги, отасининг корхонасида
ишлаётганини, иқтисодий аҳволи жуда зўр эканини, Яфада ижарага уй олиб
яшаётганини айтиб ўтирарди. Тили арабчага келишмай қолган экан. Гапирётганда
иброний сўзларни аралаштириб гапирадиган бўлиб қолибди. Шу вақт онам дастурхон солиб, чой
қўйди. Ҳасан онам билан саломлашди:
-Келинойи,
яхшимисиз?
-Аллоҳга шукр, яхшиман!
-Муҳими,
келинойи... Уйдан кетганим яхшиликка
бўлган экан. Дунё кўрдим. Роҳат-фароғатда яшадим. Бўлмасам, лагердек дўзаҳда
яшаб юрган бўлардим ҳалигача.
-Дунёни яҳудий қиз ўртоғинг билан кўрдингми?
-Ҳа! Яҳудий бўлса нима қилибди?! -деди Ҳасан. Сўнг Маҳмуд акам суҳбатга
қўшилди:
-Хўп,
яхши. Кейин-чи, Ҳасан?
-Кейин-пейини
йўқ. Шунчаки, сизлар билан кўришиб қўяй, деб келдим. Иброҳимни кўрмоқчи
бўлдим. Нимадир керакми-йўқми билай, ҳол-аҳвол сўрай, дедим.
Шу пайт Ҳасан чўнтагидан кармонини чиқариб, бир пачка қоғоз пул олди-да, кўпгинасини санаб, Иброҳимга
узатди. Имброҳим укаси жим ўтирарди. Биз ҳам жим ўтирдик. Кейин Ҳасан укаси билан гаплаша бошлади:
-Ушла, Иброҳим, бу пул сенга. Иброҳим
жавоб берди:
-Йўқ, керакмас, раҳмат. Амакимнинг
оиласида яхши яшаяпман. Камчилигим йўқ.
-Олсанг-чи...
Мен акангман-ку...
-Сиз қачон уйга қайтсангиз, ўшанда акам бўласиз. Ўша
яҳудларни ташлаб, биз билан яшамас экансиз, ака демайман.
-Шошма Иброҳим. Шошилмасанг-чи. Мен мана шу файзсиз лагерга келишим ўрнига,
нега сен мен билан кета қолмайсан?
-Худо сақласин! Ҳеч қачон!
-Ўзинг биласан, - дея Ҳасан тиржайди. Маҳмуд акам Ҳасан акани қайтаришга
уриниб, гап бошлади:
-Ҳасан, ахир уйинг бор. Қачон келсанг, яшасанг бўлади. Қўйсангчи шу яҳудлар
орасида яшашни. Келсанг,
уйингни биргалашиб таъмирлаймиз, нима дединг? Кейин яхшироқ қиз топиб уйлаймиз сени.
Ўзимизни Ғазода қиз қуриб қолибдими? Энг яхши қизни топиб, уйлаймиз. Ўзим сенга дурустроқ иш ҳам
топиб бераман.
Ҳасан бу гапларни мийиғида кулиб тинглаб ўтирарди. Бу
мийиғида кулиш барчасини рад этишининг белгиси эди. Чиндан ҳам шундай бўлди - ҳамма таклифни рад
этди ва илиқ хайрлашиб, ҳовлидан
чиқиб кетди.
Давоми
бор...