20.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 23-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 23-қисм. 


***

Ўнинчи фасл

Маҳмуд акам ўқишдан ёзги таътилга келган сарафарларининг бирида у билан бир йигит ҳам ҳамроҳ бўлган. Тергов жараёнида тафтиш қилаётиб, ёнидан Мисрдаги «Фатҳ» ҳаракати бўлимига аъзо бўлганлар рўйхати ёзилган мактуб чиққан. Ушбу рўйхатда Маҳмуд акамнинг ҳам исми бўлган. Мактубда рўйхатга туширилганлар Ғазода амалиёт иштирокчилари бўлиши ёзилган. Маҳмуд акам шу мактубга биноан ҳибсга олинганди. Ғазо марказидаги терговхонада гумондорларни кесиб, чопиб азоблашганидан у ер «Кушхона» дейиларди. Терговхона энига тўрт, бўйига йигирма метрча келадиган бинодан иборат эди. Турли ҳажмдаги эшиклари бўлиб, шу эшиклар ортида тергов қилинарди. Бино ичида узун йўлак бор. Терговга олиб келинганларни шу йўлакка ўтқазиб ёки қўлларини орқага боғланган ҳолда деворга қаратиб қўйиларди. Бошларига эса елкасигача ёпадиган халта кийдириб қўйишарди. Ҳарбийлар уларнинг орасида юриб, узлуксиз бирини тепиб, бирини шапалоқлаб урарди. Кимдир ҳушидан кетса ёки ўзини йўқота бошласа, устидан муздек сув қуйиб юборишарди. Вақти-вақти билан бирор бир асирни хоналарнинг бирига судраб олиб кириб кетишарди. У хонада араб тилини чала-чулпа гапирадиган бир неча терговчи кутиб оларди. Улар ҳам қайтадан минглаб саволлар ёғдиришар, узлуксиз калтаклашарди. Терговчиларнинг бири гумондорга дўст ролини ўйнарди. Ўзини унга раҳми келгандай тутиб, ширин сўзлар билан аврашга ўтарди. Дўппослаётган терговчиларга бақириб «Бас қилинглар! Бўлди-да-э.. Шунчалар шафқатсизмисиз?! Ўзим гаплашаман у билан, қочинглар ҳамманглар! Нари туринглар!» дерди. Қолганлар унга ёпирилса, улардан ҳимоя қилиб тўсарди.

- Сўзлашга қўйинглар. Дўппослаш билан нимага эришасизлар?! Айбини эътироф этмоқчи шундоқ ҳам. Азоблашдан нима наф?!

Қолганларни ташқарига чиқариб юбориб, ширин сўзлар билан гап бошларди. Тамаки узатиб, гугурт чақиб берар, чой қуйиб берар ва ҳамма нарсани билишларини айтиб, ўзини бунчалар азобга қўймаслигини, барибир ташқаридаги ёвузлар бўйнига олишга мажбур қилишини айтиб аврарди. Режа иш берса, ёзиб беришини сўрарди. Ўхшамаса, яна ташқаридагиларга қўйиб берарди.

Асир бошида қопчиқ, қўли орқага қилиб кишанланган. Терговчиларнинг бири кўкрагига ўтириб, бўға бошлайди. Бошидаги халтанинг устидан сув қуяди. Иккинчиси қорнига ўтириб олади. Учинчиси икки оёғини икки тарафга кериб, орасига курси қўйиб ўтирволади ва оёғи билан унинг моягини эзғилайди. Яна икитаси оёқларини маҳкам ушлаб туради. Бу - азоблашнинг биринчи босқичи. Кейин иккинчи босқичга ўтишади. Биринчи босқичдаги услубни столга ётқизишиб давом этишади. Сўнг кишанланган қўлидан симга боғлаб, шифтга осишади. Бу ҳолатда оёқларининг бармоқ учлари ерни тегар-тегмас силаб туради. Шу ҳолда кейин қорнига муштлаб уришади, жисмидаги исталган қисмига тепишади. Устидан совуқ сув қуйиб, вентиляторни қаратиб қўйишади. Бу ҳолатда асир совуқдан титраб, бадани муздек қотиб қолади.

Юқорида айтилган қийноқ услубларининг барини Маҳмуд акамга ҳам қўллашганди. Қийноқ шу даражада кучли бўлган-ки, аъзойи баданида кўкармаган жойи қолмаган. Афти-ангорини таниб бўлмас шаклга келтирилган. Ўша "Кушхона"да қирқ кун на тузукроқ таомланмай, на яхши ухламай ва на ювунмай яшаган. Кучли қийноқлар натижасида ўлиб қолиш хавфи мавжуд бўлиб қолса, тушириб, бир зиндонга киритиб қўйишади. Эни бир ярим, узунаси икки метрлик бу тор хонада беш-олти киши ётарди. Уларнинг ҳаммаси уйқусизлик ва ваҳшиёна қийноқдан азият чекканлар. Бир-бирига суяниб, қаттиқ уйқуга кетишади. Шу билан яна жаллодларнинг қўлида уйғонади. Олиб чиқиб, яна қайтадан тергов қилишади.

Маҳмуд акам бир неча ҳафта ҳеч нимани бўйнига олмади. Улар ўқишдаги талабаларнинг ёнидан ҳаракатга аъзо бўлганлар рўйхати топилганини, рўйхатда унинг ҳам исми борлигини айтиб сўроқ қилишарди. Маҳмуд акам бари бўхтон эканлигини айтиб, қатъий инкор қилиб тураверган. Бўйнига олмагач, қайта-қайта қийноққа солишган.

Акам ниҳоят улар ўз ҳолига қўймасликларини англаб бўлганди. Шунинг учун бир инсон уни «Фатҳ» ҳаракатига аъзо қилганини, Ғазога қайтганида ўзлари алоқага чиқиши кераклигини айтиб, тан олади. Бор бўлган гап шу эканини айтса ҳам, тергов қайтадан бошланади: «Қурол ишлатганмисан?», «Сенга нима вазифа берилган?»,«Яна кимлар аъзо бўлган?», «Бошқаларни ҳам бунга даъват қилганмисан? Ким улар?» каби минглаб саволлар беришарди. Саволларга жавоб беришдан бош тортса, янада кучлироқ қийноққа дучор қилишарди. Шундан сўнг Маҳмуд биринчи айбловни бўйнига олганига пушаймон бўлди. Қайта-қайта қийноққа тутилди, узоқроқ муддатга маҳкум этилди. "Кушхона"дан терговчиларнинг шалоқ овозлари, тергов қилинаётганларнинг бақириқлари куну тун узилмасди.

Қирқ кунгача терговчилар акамдан бошқа маълумот ололмадилар. Бир-икки ҳафта изоляторга солиб қўйишди. Кейин оддий қамоққа юборилди. Қамоқхона бўлимларининг бирида маҳбус либосини кийдириб, йигирма кишилик хонага қўйишди. У ерда фаластинлик биродарлари илиқ кутиб олишди. Ҳаммаси ўзларини таништириб, ким қаердан, қанча муддат олган ва нима туҳмат билан қамалганлари ҳақида суҳбатлашиб ўтиришди. Маҳмуд акамнинг ташвиши - онамни, бизни тезроқ кўриш эди. Ўзининг ҳамон тирик эканини, бошқалар каби узоқ муддат берилмаганини етказиб, хотиржам қилишни хоҳларди. Хонадошларидан оила билан қачон учрашиш мумкинлиги ҳақида сўради. Улар ҳар ойнинг биринчи жумасида кўришиш мумкинлигини айтишди. Ичидан соғинч ҳисси вулқон бўлиб отилаётган Маҳмуд акам биз билан кўришиш учун яна олдинда икки ҳафта борлигини англади. Онам бўлсалар, яқинлари ҳибсда бўлган қўни-қўшнилардан, хусусан, қўшнимиз Умму Абддан кўришга борганда нималар олса бўлиши, егулик ва кийим-кечак олиб борса киргишадими-йўқми, шулар ҳақида маълумот йиғиб юрарди. Зиёратга ўзи билан уч кишигина бориши мумкин экан. Катталардан икки киши ва бир ёш бола ёки уч катта. Кимлар онам билан боришини кўп муҳокама қилдик. Ҳамма бирга боришни хоҳларди. Охири онам Фотима опам, мен ва Марямни боради, деди. Ҳасан акамнинг жаҳли чиқиб кетди. Ўтирган жойидан отилиб туриб «Нега мен бормайман?!», деди.

Онам унга биринчи марта учрашишлари экани, у борса ҳарбийлар билан жанжаллашиб қолиши мумкинлигини айтиб, Маҳмуд акам билан учрашувни бекор қилишларидан қўрқаётганини тушунтирди. Қони қизиқ, улғайиб, мускуллари бўртиб қолган, овозлари йўғонлашган Ҳасан акам салгина изза қилишса ҳам чидолмай, олишиб кетиши мумкин эди-да. Онамнинг райини қайтаролмай, истамаса ҳам қолишга рози бўлди.

Давоми бор…

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.