“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 21-қисм)
Босқинчи
кучлар томонидан ўзларига қарши жангариларни назорат қилиш, уларнинг ҳаракатини
кескин пасайтириш мақсадида бир қанча тартиб-қоидалар жорий қилинганди.
Жумладан, минтақада яшовчиларнинг сонини аниқлашга киришиб, ҳар бир балоғатга
еткан инсонга шахсини тасдиқловчи ҳужжат беришди. У ҳужжатларда балоғатга
етмаган фарзандлари ҳам киритилди. Ҳатто туғуладиган гўдакларини ҳам рўйхатга
киритиш қолиб кетмаганди. Буларнинг барчаси учун ҳужжат тўғрилаб берадиган
идора ташкил қилиб, фуқаролар иши билан шуғуллана бошладилар. Шу тарзда ҳарбий
ҳоким билан уйбоши ва маҳалла фаоллари орасида алоқа ҳосил бўлди. Вақти-вақти
билан уларни ҳарбий ҳоким ҳузурига чақириб турадиган, одамларга нимани
етказмоқчи бўлсалар, айнан улар орқали етказишадиган бўлди. Қарабсизки, уйбоши
ва маҳалла фаоллари мўйлаб қўйиб, бошига расмий либос кийиб, ҳоким ҳузурига
қатнайдиган бўлишди. Одатда ҳоким уларга ҳурмат билан муомалада бўлади. Илло,
намойишлар ё амалиётлар бўлса, уларни тургизиб олиб, боплаб танбеҳ беради.
Шундай вақтларда уларнинг бирортаси сўзламоқчи бўлса, «Жаноб ҳоким!» ё «Ҳоким
ҳазратлари!» дея лагамбардорлик ила мурожаат қилишади.
Уйбошиларга
махсус муҳр берилган бўлиб, ким ташқарига сафар қилмоқчи бўлса ё бирор иш
бошламоқчи бўлса, ё уй солмоқчи бўлса, қўйингки, қандай расмий ишга эҳтиёжи
тушса, ўша уйбошиларга бориши лозим эди. У ҳужжатини муҳрлаб, баъзан эвазига
чойчақа ҳам олиб турарди. Ҳарбий босқинчилар қўлларига харитани олволиб, кунни
кун демай, тунни тун демай қандай махфий ерлари бўлса, барчасини ўрганиб
чиқдилар. Гоҳ пиёда, гоҳ уловда юриб, соҳили қолмай, водийси қолмай, қир-у
адирларигача ўрганиб чиқишди. Шаҳар-у қишлоқ ва лагерларда икки-уч ё тўрт саф
бўлиб юрган ўнлаб аскарларни кўриш мумкин бўларди. Ҳар бирининг қўлида милтиғи
бўлиб, ўнга-чапга назар солиб юрарди. Охирги сафдагилари бўлса, орқадан ҳужум
бўлмаслиги учун тез-тез орқага тўлиқ ўгирилиб туришарди. Баъзида тўхтаб,
бошлиқлари харитасига назар ташлагач, яна белгиланган манзилга қараб ҳаракатланарди.
Гоҳида кўчада кетаётган йигит ё кишиларни тўхтатиб, ҳужжатини сўрашарди. Кейин
зобитлардан бири чўнтагидан қидирувга берилганлар номи туширилган қоғозни олиб,
текшириб чиқарди. Ҳар кун, бўлмаса, кун ора ўнлаб катта-катта «Жип» мошиналари
бирор хиёбонга ёки кимнингдир уйига фидойиларни ёки уларга ёрдам берганларни
қўлга олиш учун келарди. Қайтаётганларида бирор кишининг қўлини кишанлаб,
бошига ҳарбий тусдаги халтани кийдирган ҳолатда олиб кетишаётганини кўрардик.
Баъзан олиб кетилаётган кишини кийимидан таниб қолардик ёки умуман танимасдик.
Шу кетишда тўғри терговга олиб кетардилар.
Улар қанчалар вазиятни қўлга олишга уринмасин, фидойиларнинг қаршилик амалиётлари давом этаверарди. Ҳар уч-тўрт кунда портлаш овозидан сўнг бир қанча босқинчи ҳарбийларнинг ўлгани ё яраланганини эшитардик. Ёки бўлмасам, қайсидир фидойи босқинчиларнинг пиёда аскарини қуроли билан нишонга олиш каби ҳолатлар тез-тез бўлиб турарди. Лекин фидойилар бу ишларни деярли очиқ-ойдин қилишарди. Уларнинг бири одамлар олдидан ўтаётганда кийими ичига яширган қуроли ё халтага солиб олгани яққол сезилиб турарди. Қурол кўтариб ўтиб кетаётганини ҳамма билиб турарди. Барибир бу ошкоралик секин-аста махфий йўлга кўчишга мажбур бўлди. Етмишинчи йилларнинг бошларида «101» деб номланган бўлим ташкил этилди. Унинг қўмондони қизил бош кийимда танилган, халқ орасида «Қизил қалпоқ» лақаби билан машҳур Маир Дажен исмли шахс бўлганди. У ўзига хос ёвуз услублари билан ҳарбий амалиётларда ҳурмат қозонганди. Ўшанинг бригадаси хиёбонлар-у кўчаларга бостириб кириб, шубҳали кўринган кишиларни ўққа тутаверган. Оддий аҳолига ҳеч қандай ҳад-чегараларсиз тажовуз қилардилар. Шундай ёвузлик ва қонунларга риоя қилмаслиги орқасидан фидойиларнинг ҳаракатини сусайтиришга эришишди.
Ушбу
бригаданинг ҳар бир таркиби йигирматагача жисмонан бақувват, ўта кучли
таёрланган махсус ҳарбийлардан иборат эди. Энг замонавий қуроллар билан
қуроллантирилган, бошига қизил рангдаги ҳарбий бош кийим кийишган, қўлида
калтароқ таёқ, камарида эса симсиз алоқа жиҳози бўлиб, ундан чиқадиган овозлар шаклда
баланд эшитилиб турарди.
Шулардан
бири қайсидир фидойининг амалиёт уюштириш арафасида сезиб қолиб, таъқиб қила
бошлайди. Бояги фидойи беркинишга улгурганди. Дарҳол симсиз узатгич жиҳозидан
ўша минтақага ёрдамчи куч сўраб хабар қилганида, дарровда ёрдамчи кучлар келиб
ўша минтақани ўраб олишди. Эркаг-у аёлни, катта-ю кичикни ташқарига олиб чиқиб,
бир четга тизиб қўйишди. Терговчилар улар билан бирма-бир тергов олиб борди.
Ўзлари таъқиб қилишаётган йигитни яширинган деб гумон қилишган хонадонларни
ағдар-тўнтар қилишди. Алалоқибат изқуварлар унинг изини топгач, карнай орқали
ташқарига чиқишини талаб қилишди. Ҳеч қандай жавоб сезишмагач, яширинган дея
гумон қилинган туйнукка гроната улоқтиришди. Ўша маскан вайрон бўлгунига қадар
портлатдилар. Яксон қилиб бўлгач, экскаватор олиб келиниб ковлатишди.
Вайроналар остидан, ҳалок бўлган тўрт нафар фидойини топишди.
Вақтлар
ўтиб, «Халқ озодлиги» ҳаракатининг нуфузи пасаяркан, ундан ажралган кишилар «Фатҳ»
ҳаракати таркибига қўшила бошлади. Баъзи минтақаларда эса «Халқ Фронти» ҳаракатидаги
кишилар ҳар амалиёт кетидан қўлга олинаверишлари оқибатида таркибида озчилик
қолганди. Хусусан, сўнгги амалиётиларидан кейин ўнлаб йигитлари қўлга олиниб,
фаолияти деярли тўхтаб қолганди. Тунда эри ва фарзандлари қўлга олинган она қайғудан
кўз ёш тўкса, бошқаси тонгда зағруда чалиб, ойлаб, йиллаб тутқунликда қолган
жигаргўшаларининг қоронғу зиндонлардан озод этилиб, уйга қайтганини нишонларди.
Халилда бўлса, босиб олинганидан бир неча кундан сўнг ҳибсга олишлар бошлаб
юборилди. Ўшанда Исроил қўмондонлари Халилдаги фаоллар раҳбари шайх Муҳаммад
Алий Ал-Жаъбарийнинг хонадонига ташриф буюришиб, унга ҳурмат бажо қилишган.
Шунингдек, Шайхнинг қандай талаб ва истаклари борлигини сўрашган. Шайх улардан
ҳарбийлари оддий аҳолига ва уларнинг мол-мулкларига тажовуз қилмасликларини
сўраган. Улар бунга ваъда беришган экан. Чиндан ҳам, Халилда шайхнинг бу истаги
бажарилганини мулоҳаза қилса бўларди.
Вақтлар
ўтиб, барибир, ерларни кенг қамровли мусодара қилиниш бошланди. Жумладан,
қолган оилалар ерларига қўшиб, шайх Жаъбарийнинг ҳам ерлари мусодара қилинди.
Ўрнига ўзларига турар-жойлар қура бошлашди. То «Холид Ибн Валид» масжидига
қадар турар-жой қуришда давом этишди. Бундан ташқари, «Усома Бин Мунқиз» номидаги
мактабни ҳам эгаллаб олишган, қолаверса, шаҳар марказида жойлашган машиналар
тураргоҳини ҳам ўзлаштириб, секин-аста ҳарбий қароргоҳга, кейинчалик ўзларининг
аҳолисини «Иброҳимий шариф ҳарам»ига олиб борадиган йўлга айлантиришди. Бу «ҳарам»ни
яҳудлар ўзларига тегишли муқаддас даргоҳ деб билишар, у ердан мусулмонларни
сиқиб чиқаришга уринишарди.
Душман бора-бора ҳарбий босқинни ҳам кучайтираверди. Бу ишни аҳолига адоват қилмаган ҳолатда, босиқлик билан амалга оширди. Имкон қадар одамлар билан яхши муомалада бўлишга ҳаракат қилган. Ёки, ҳеч бўлмаганда, адоват қилмай кириб борган. Масалан, араб қизалоқни яҳуднинг боласи уриб қўйса, Лифонер каби хохомлар яхши қўшничиликни давом этмоқчилигини ифода этиб, араблар урфига монанд равишда маҳкамага бориб, етказган зарарларини қоплаб беришарди. Муҳими, араблар билан тинч-тотувликда давом этишни истарди.
Қуддус
билан Бейт-Лаҳм орасини боғлаб турувчи йўлга яқин «Дуҳайш» ва «Уъруб» лагерларидаги
каби кескинлик совиб улгурмаган минтақаларда ҳукумат одамлари, сайёҳлар,
ҳарбийлар шу йўлдан ҳаракатланиб бораётганида ҳарбийга қарши амалиятлар
уюштириб туриларди. Бунинг ортидан бир неча одам қўлга олинар, қайта карантин
жорий қилинарди.
Давоми
бор...