29.12.2024 08:43

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 15-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 15-қисм. 

 ***

Яҳудлар Халил ёки ўзлариники қилиб олган Тўлкурм ва Қалқалия каби шаҳарларга яқин шаҳарга келиб, эҳтиёжи бўлган маҳсулотларини харид қила бошлашди. Темирчи ё дурадгорга бориб, юзлаб эшик ёки минглаб деразалар буюртма қилишарди. Чунки ўша ерларда Исроил корхоналарига нисбатан арзонроққа сотиб олса бўларди. Фаластинлик ҳунармандлар бўлса, маҳсулотларни улгуржи олиб, яхшигина пулга сотишарди. Натижада ўзлари ҳам ишли бўларди, ҳамюртларини ҳам иш билан таъминлашарди.

 

Бир томонда аҳолининг моддий аҳволи яхшиланаётган бўлса, бошқа томонда фидойилар жанговар ҳаракатларини тўхтатмас, тўлқин каби бир кўтарилиб, бир тушиб фаолият олиб бораверарди. Сабаби, улар ҳеч қачон моддий кўринишга алданган эмаслар. Ҳар доим ватан равнақи ҳамда зиммаларидаги вожиб вазифани ҳис қилиб яшаганлар. Вазият тақозосига кўра ҳар кимга узр топилиши мумкин бўлса-да, ҳали у ерга граната отиб, ҳали бу ерни ўққа тутиб, фидокорона ҳаракатларида бардавом бўлишган. Карантин ҳам ҳали у ерда, ҳали бу ерда жорий қилиниб, безор бўлмасди. Фидойиларни қўлга олиш бўйича ишлар ҳам тугамасди. Кези келганда соатлаб йўловчиларнинг йўлларини тўсиб қўйиб, текширувлар олиб боришарди. Фидойилар бўлса, босқинчиларга ялтоқланган, сотқин эркак ёки аёлларни аниқлаб, уларни тийиб қўйишдан тўхтамасдилар.

 

Минглаб фаластинликларнинг 1948 йили босиб олинган ерларга ишлашга бориши фидойилар учун ўша ишғол этилган шаҳар-қишлоқлар марказида ҳам фаолият олиб бориш эшигини очганди. Ҳа, бу - қарши кураш учун очилган эшиклардан бири бўлди.

 

Қўшнимиз Умму Абд холанинг ўғли Абдулҳафиз фойдаси кам, лекин қийинчилиги кўп ишлардан безор бўлганини айтиб, ўқишни ташлади ва опа-укаларининг келажаги, таҳсил олишлари учун ичкарига (босиб олинган ҳудудларга – Azon Global) бориб ишламоқчилигини айтди. Онаси рози бўлди. Абдулҳафиз ҳам энди қолган минглаб одамлар сингари эрталаб кетиб, кеч қайтадиган бўлди. Иш бошлаганига бир неча ой ўтиб, дарвозасини тузукроғига алмаштирди. Амал-тақал қилиб кўтарилган деворларини ҳам ўнглатди. Ҳовлисиниэса бетон билан текислатди. Абдулҳафиз икки йил ишлагач, у ерда ишлашдан мақсади шунчаки оилавий шароитни яхшилашгина бўлмаганини англадик. Абдулҳафиз «Ҳалқ фронти» гуруҳига аъзо бўлган экан. У ерда ишлашдан асосий мақсадлардан бири - ичкарида фидойи амалиётларини режалаштириш бўлган экан. Чиндан ҳам, янги муҳитни яхшилаб ўрганиб, мослашгач, овқат идишига граната солиб олиб, Яфага бораркан. У ерда муайян ўринларга ўрнатиб, уйига қайтар, режалаштирган ишлари натижаси ўлароқ душман талофатлар кўра бошлади. Абдулҳафиз икки йил шу зайлда муваффақиятли амалиётлар ўтказиб келди. Бироқ Шин-Бет махфий агентларининг суриштирувлари натижасида Абдулҳафиз шубҳа марказига тушиб қолди. Кечаларнинг бирида бир гала ҳарбий мошиналар келиб, Абдулҳафизнинг уйини ўраб олди. Қаттиқ тинтувдан сўнг ўзини маҳкамага олиб кетишди. У ерда қанчали қийноққа солишмасин, устига қўйилаётган айбловлар туҳмат эканлигини айтиб, инкор қилиб тураверган. Бироқ ўшанда Абдулҳафиздан ташқари унинг бир шериги ҳам қўлга олинган экан. Ўша шериги эътироф этган ишлар асос қилиб кўрсатилиб, бир ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

***

Ўқув мавсуми охирлаб борар, Маҳмуд акамнинг ўқишдан қайтишини интизор кутаётган оиласи «Қизил Ҳоч» ташкилоти қароргоҳига бориб, Мисрда таҳсил олаётган талабаларнинг қачон таътилга қайтишини сўраб келишарди. Маҳмуд акам келадиган куни ҳаммамиз ташкилот биноси олдига чиқдик. Улар автобусда бир ҳарбий «Жип» машинаси ҳамроҳлигида кириб келишди. Сўнг паспорт назоратига кириб чиқишиб, яқинлари бағрига отилишди. Мусофирликни бошидан ўтказган муҳожир талабалар қарши олган яқинлари билан уйларига кетишди. Биз ҳам Маҳмуд акамни кутиб тургандик, у чиқиб келиб, ҳаммамиз билан қучоқлашиб кўришди. Онамнинг пешонасидан ўпди. Онам эса унга фахрланиб боқарди. Ўша ондаёқ Маҳмуд акамга эҳтиром кўрсатиб, «Бош муҳандис» дея мурожаат қилди. Бир йиллик айрилиқдан кейинги висолни нишонлаш учун оилавий шароитимиз танг бўлишига қарамай, онам турли-туман егуликлар ҳозирлаганди. Маҳмуд акам биз учун Мисрдан совға қилиб пахтали янги либослар олиб келган экан.

Ўшанда илк бор янги либоснинг ҳидини, ушлаганда қандай майин бўлишини ҳис қилганмиз. Унгача ундан-бундан қолган эски-туски либосларни ёки хайрия жамғармаси томонидан бериладиган кийимларни киярдик.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.