16.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 22-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 22-қисм. 


***

Шаҳарларда ўзини катта олиш хислати шакллана бошди. Хусусан, Халил шаҳрида бу нарса яққол сезилиб турарди. Шаҳар ва қишлоқларидан сиқиб чиқарилган муҳожирларга паст назар билан қараладиган бўлди. Ҳозиргидай қишлоқликларга юқоридан туриб боқиш ўша вақтдан авж ола бошлаганди. Шаҳар ва қишлоқ орасидаги бундай муомала аввалдан мавжуд бўлса-да, босқинчилар келиши билан кучайганди. Ўз шаҳаридан, ўз қишлоғидан қувиб чиқарилиб, муҳожирга айланишининг ўзи паст назар билан боқилишга лойиқдек эди гўё. Қишлоқликлар деҳқончилик қилар, чорва боқиб, сутидан тайёрланган турли маҳсулотларни шаҳарга олиб келиб сотишарди. Тушган пулга эса шаҳарнинг ўзидан кийим-кечак, озиқ-овқат харид қилиб, ортиб қолса уч-тўрт тийин ўзи билан олиб кетса кетар, бўлмаса шу ҳам йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, рози-ризолик чеҳраларидан уфуриб турарди. Эрталаб саҳар пайти ёш гўдаклар, аёллар қўлидаги саватга тухум ё бирор мева солиб, қишлоқ марказида автобус келишини кутиб ўтиришарди. Соатлаб кутиб, соатлаб йўл юриб, шаҳарга келишарди. Автобус бекатида бу аёл мева-чева олвоган, буниси сутли маҳсулотлар, наригиси тухум кўтарган бўларди. Шаҳарга етиб келишгач, тужжорлар улар олиб келган маҳсулотларни айланиб-ўргилиб, авраб арзимас чақага сотиб олишади. Маҳсулотини сотиб бўлган қишлоқликлар тўғри бозорга кириб, эхтиёжларини харид қилар, яна қишлоқларига қайтиб кетишади. Айрим деҳқонлар олиб келган маҳсулотларини сотолмай, уйга қайтариб олиб кетишга мажбур бўлишарди. Бордию юки оғир бўлса, бирор қўшниси ё қариндоши келиб ёрдамлашиб юборгунига қадар кутиб ўтирарди. Шундай бўлса ҳам, уларнинг кўзларида ҳаётидан нолиш аломатларини сезиб бўлмасди.

Ичкарида ишлашга рухсат берилгани ортидан кўплаб фаластинликлар яҳудларнинг урф-одатларини ўрганиб олишганди. Уларда жума кунининг пешин вақтидан сўнг шанба куни кириб келади. Кўплари бунга риоя қилмаса-да, ҳукумат тарафидан мажбурий татбиқ бор эди. Бирор корхона, бирор расмий иш жойида чироқ ёқилмасди. Айниқса, «Ғуфрон куни» дея номланган байрамида ҳамма нарса тўхтатиларди.

1973 йили «Ғуфрон куни» олдидан таътил олган фаластинлик ишчилар уйларига қайтиб, маҳалла чойхонасида ўтиришарди. Ўша ерда ишлари, муаммолари ҳақида суҳбатлашишарди. Ҳазил-мутойибалар қилишар, турмушлари ҳақида гаплашиб ўтиришарди. Бизнинг минтақадаги ишчилар ҳам худди шундай - олтинчи октябрь куни маҳаллада чақ-чақлашиб ўтиришганди. Шу пайт қўшнилардан бири радио кўтарганча бақириб келиб қолди:

-Араблар билан Исроил ўртаси уруш аланга олди!

-Қандай уруш ҳақида гапиряпсан?! Қайси араблар урушаётган экан?! - деди атрофини ўраб олган одамлар. У эса ҳансираб, қўлидаги радиога ишора қиларкан: «Мана, радиода айтяпти. Эшитсангизлар-чи...» - деди. Радиода мисрлик бошловчи Миср ҳарбийлари оёққа турғизилиб, Синога ҳужум қилишганини, у ерда назоратни қайта қўлга олишганини эълон қилаётганди. Буни тинглаган инсонлар қулоқларига ишонмаганидан бир-бирларига боқар, қолганлар ҳам шундай эшитдими ё унга шундай туюлдими, деб сўрарди. Радиодан келаётган хабарларнинг қолганини тинглаб, одамлар хурсандлигидан дўпписини осмонга отдилар. Хабарнинг қолган қисмида урушга Сурия ҳам киришгани, уруш арабларнинг фойдасига ҳал бўлаётгани, бир қанча самолёт ва танклар Миср ҳарбийлари томонидан яксон қилингани айтилганди. Яқин ғалаба ҳақидаги хаёллар ҳар бир муҳожирнинг ўй-хаёлини чулғаб олганди. Ташқарида ҳамма уйдан чиқмаслигини эълон қилишиб, карантин жорий этишганида, Худо хоҳласа, сўнгги карантинимиз шу бўлади, деб ўтиришарди. Ҳамма ўз уйида, оиласи билан радионинг атрофида терилиб, жараённи лаҳзама-лаҳза кузатиб борарди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.