03.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 17-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 17-қисм. 
***

Йўлларни кенгайтиришгани лагеримизни Исроил ҳарбийлари назоратида бўлиши учун жуда қулай қилиб қўйгани кундек равшан эди. Улар ҳарбий техникаларини бемалол олиб кирадиган, лагерда нималар содир бўлаётганини осонгина билиб оладиган, қайси бурчакда кимдир уларни шубҳалантирса, бемалол тафтиш қиладиган ё ўлдирадиган бўлишди. Ҳарбий техникалари кутилмаганда исталган бурчакка зудлик билан олиб бориш учун қулай шароит яратилгани фидойилар ишини анча қийинлаштирди.

Шунинг учун эҳтиёт чораларини кўришга, фидойиларга ҳарбийлар келаётганини тезда билдиришнинг янги йўлини топиш керак эди. Лагердаги одатлардан бири қаерда босқинчиларнинг ҳарбий техникаси кўрингудай бўлса, ёш болакайлару қизалоқлар, ҳатто айрим катталар ҳам баланд овозда «Сотинглар» дейишарди. Ким бу овозни эшитса, жўр бўлиб «Сотинглар... Сотинглар... Сотинглар... Булардан қутилинглар..» дея жўр бўлишарди. Бу иборалар билан босқинчи ҳарбийга қурол-аслаҳаларини сотиш назарда тутиларди. Бу ибораларни бора-бора халқ қўшиғига айлантириб юборгандик. Ўқувчилар мактабга кетаётганида ё қайтаётганида бирор ҳарбий гуруҳни кўриб қолсалар, «Сотинглар... Сотинглар... Сотинглар... Булардан қутилинглар... Бундан шиппаклар яхшидир...» дея куйлашга тушишарди.Исроил ҳарбийлари бу қилиққа қандай чора кўришни билмай ҳайрону лол бўлишиб, жим туришарди.

Фидойиларга айни мана шу одат қўл келиб, қачон болалар шовқинини эшитсалар, эҳтиёт чораларини кўришарди. Одатда бу сўзларни ёш болалар айтарди. Ёш болалар бўлмаганида катталарнинг бундай йўл билан фидойиларни огоҳлантиришлари хавфли эди.

***

Кунлар елдек ўтаверар, Маҳмуд акамнинг Мисрдан қайтадиган кунлари тобора яқинлашарди. Акам «Муҳандислик» факультетини тамомлаганди. Ҳар куни «Қизил Ҳоч» ташкилоти қароргоҳидаги пешлавҳадан унинг исмини қидирардик. Бу пешлавҳага ҳар куни Мисрдан қайтадиган талабаларнинг рўйхати илинарди. Бир неча кунлик кутишлардан сўнг ниҳоят пешлавҳада акамнинг ҳам исми пайдо бўлди. Учинчи қаторда турган исмни кўриб, ойимга бош муҳандис Маҳмуд келаётгани ҳақидаги хушхабарни етказиш учун уйга учиб бордик.

Уйда дарров кутиб олишга тайёргарлик бошланиб кетди. Ҳамма оёғини қўлига олиб елиб-югурди. Онам Ҳасан акамга кўпроқ оҳак олиб келишни буюрди. Ҳовлимизда ҳандақ қазиб, оҳакни солганимиздан сўнг устидан сув қуйиб, яхшилаб эритдик, кейин бирозгина мовий ранг қўшиб, уйларни чиройли қилиб оҳаклаб чиқдик. Онам сафардан келаётган акам, ўзимиз ва табриклашга чиқадиган қўни-қўшнилар учун егуликлар, ширинликлар ҳамда турли ичимликлар ҳозирлади. У келадиган куни чиройли кийиниб, кутиб олиш учун ҳукумат идораси олдига чиқдик. Шу пайт ҳарбий мошиналар ҳамроҳлигида автобуслар кириб келди. Биз ўзимизга ўхшаган юзлаб оилалар билан талабаларнинг тушиб келишларини интиқлик билан кутардик. Талабалар автобусдан битта-битта тушиб келишар, ҳар тушган талабанинг оиласи ўқдай учиб бағрига отиларди. Ва ниҳоят бизнинг бош муҳандисимиз ҳам автобус эшигидан мўралаб, оҳиста қадамлар билан кўриниш берди. Ҳаммамиз отилиб бордик. Онам ҳаммамиздан олдинроқ етиб борди. У бизларни икки қўлочини очиб кутиб олди. Кўзлардан қувонч ёшлари дув-дув оқарди. Маҳмуд акам онамни қучиб, пешонасидан, қўлларидан ўпди. Юзидан ёшлар оқаётган онам акамни ўқишни муваффақиятли битиргани билан табрикларди. Қайта-қайта бағрига босиб, йиғисини босолмаётган онамни Маҳмуд акам: «Айрилиқ ортда қолди, она, машаққатлар ортда қолди. Худо хоҳласа, энди фақат олдингизда бўламан», - деган сўзлар билан юпатди. Онам ҳам: «Алҳамдулиллаҳ! Алҳамдулиллаҳ! Иншааллоҳ, болам, қайтганинг рост бўлсин!»  - дерди.

Уйга кириб келарканмиз, бутун маҳалла уйимизда жамул-жам экан. Эркаклар Маҳмуд акамни галма-галдан қучоқлаб табриклашди, аёллар эса оғизларида қийқириб зағурда чалиб қутлашди. Уйимиз гўёки тўй бўлаётгандай шукуҳга тўлганди ўшанда. Онам қўшниларга ширинликлар улашар, акам эса ҳовлимиз кенг бўлишига қарамай, қисилиб-қисилиб уйга кириб борди. Бу вақтда қўшнилар «Эош муҳандис қайтди.. Эҳеҳеей!» - дея баланд овозда бақиришарди. Шундай қилиб, қўшнилар Маҳмуд акамни ўртага олиб, Миср ҳақида, ўқишлари ҳақида, соғлиги ҳақида сўраб, суҳбатлашиб ўтиришди. Қуёш ҳам ботиб, тун аста этагини ёзди. Кетидан карантин вақти кирди. Қўшнилар дарвозадан чиқаркан, қайтадан оиламизни муборакбод этиб хайрлашишди. Ниҳоят, узоқ йил илм сафарида бўлган Маҳмуд акамни оила бағрига олдик.

Оиламиз деганда амакиваччам Иброҳим ҳам назарда тутилмоқда. Чунки у ҳам ҳар биримиз каби оиламизнинг бир бўлагига айланганди. Чақ-чақлашиб ўтирар эканмиз, ҳар ким орзу-умидлари ҳақида сўзлай кетди. Ҳасан акам тижоратни қўйиб, ўқишга кўпроқ бел боғламоқчи. Мен билан Муҳаммад акам бўлсак, тоғамнинг корхонасида майда иш қилишни тўхтатиб, томини ундай қиламиз, деворини бундай қиламиз, ичи ундай бўлади, таши бундай бўлади, дея ҳовлида янги хона қуришни режа қилардик. Бу режаларнинг барчаси Маҳмуд акам ишга жойлашиб, маош ола бошлаганидан кейингина амалга ошиши мумкин эди. Маҳмуд акам лагерни ташлаб, Ғазодан ташқарига чиқиб ишламаслиги тайин эди. Ахир эндигина узоқ муддатли сафардан оила бағрига қайтган бўлса... Қандай қилиб яна ишлаш учун ташқарига чиқиб ҳам кетарди?!

Икки кунимиз нишонлаш, муборакбод этувчиларнинг келди-кетдисига қараш билан ўтди. Учинчи куни эди, тунги карантин эълон қилиниб бўлгач, уйқуга кетгандик. Бирдан ҳарбий машиналар овозидан уйғониб кетдик. Таажжубланарлиси, сал ўтмай бизнинг дарвозамизни қаттиқ қоқиб, ҳаммамизни ҳовлига чиқишимизни сўрай бошладилар. Онам ва опамлар бошларига рўмолларини ўрашди, олди қаторда Маҳмуд акам бошчилигида ҳовлига чиқдик.

Не кўз билан кўрмайлик, ўнлаб аскарлар атрофимизни қуршаб олиб, қуролларини бизга ўқталиб турарди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.