13.02.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 30-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 30-қисм. 

***

Кўпинча Абдулҳафиз бизникига чиқарди. Маҳмуд акамнинг хонасида Абдулҳафиз ва бошқалар жамланиб, фикрий масалаларда суҳбат қуришарди. Абдулҳафиз социализм ғояларини илгари суради. Маркс ё Ленин ёзган китоблардан далиллар келтириб, диалектикага оид ҳаракатлар масаласида тортишарди. Совет Иттифоқининг халқимизга бўлган қўлловини айтиб, ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишини таъкидларди. Социалистик давлатлар бизни қўллаб-қувватлашларига ишонарди. Шунинг учун бу қўлловни фурсат билиб, фойдаланиб қолишга чақирарди. Маҳмуд акам бўлса, озодлигимиз борасида турли фикрий оқимларга бўлиниб кетмаслигимиз зарурлиги, ҳар бир шахс ўз фикрига эга бўлишини айтиб, муҳими ватан озодлиги йўлидаги «Фатҳ» ҳаракати байроғи остида бирлашимиз зарур деб ҳисобларди. Чунки озодлик сари бу йўлга диёнатли ҳам, капиталист ҳам, социалист ҳам, насроний ҳам, мусулмон ҳам сиғади, дерди. Фикрий ихтилофларга ҳожат йўқ дея ҳисобларди.

Бошқа тарафдан, Шайх Аҳмад ҳам ўз йўналишида даъватларни бошлаб юборганди. Шайхга қулоқ тутган муридлар масжидга қатнаб, намоз ўқий бошлади. Қуръон тиловат қиладиган, фиқҳ, сийрат ва ҳадис каби дарсликлар қилишадиган бўлди. Шайх Аҳмад атрофига йигитларни йиғиб, дарс ўтарди. Шу тариқа Шайхнинг дарс ҳалқаси кенгайиб борарди.

Ҳасан акамнинг бағри кенг. Бошқалар учун кўп фидойилик қилади. Уй-рўзғор, Маҳмуд акамнинг ўқиши каби ҳаражатларни камтарона иши орқали ўз зиммасига олган. Бу билан ўқишини ҳам ташлаб қўймаган. Ундан ташқари, ўқишни яхши баҳолар билан битирган бўлишига қарамай, «Саноат» факультетига киришга ҳам рози бўлди. Агар салгина фурсат берилса, у ҳам бирор фан бўйича мутахассис бўла оларди. Аммо вазият танглиги туфайли «Саноат» факультетида қолишга мажбур бўлганди. Чунки ҳам ўқир, ҳам ишлаб, оила боқарди.

Ҳасан акам савдо-сотиқ ичида юриб, Шайх Аҳмад билан танишди. Шайх бир неча марта Ҳасан акамдан керакли эҳтиёжларини харид қилган. Шунда Ҳасаннинг гўзал хулқи, одобини кўриб, унга ҳам ўз даъватини етказа бошлаган. Илм давраларига чорлаган. Ҳасан акамга дин йўли дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот келтирадиган йўл эканлигини уқтириб, юрагига кириб борган. Ҳасан акам ҳам намоз бошлаб, масжидга қатнашга ваъда берди. Шундан сўнг ҳар намозга таҳорат олиб, масжидга қатнайдиган бўлди. Кўпинча шом намозидан сўнг хуфтонгача уйга қайтмасди. Нима бўлганда ҳам, Ҳасан акамнинг намозга эгилиши қўрқитадиган ҳол бўлмаган. Албатта, бу - яхши. Ҳасан кап-катта йигит, онгли, унинг устига эсли-ҳушли. У ҳам Маҳмуд акам билан қўшни Абдулҳафизнинг тортишувларига қўшилиб қоларди. Ҳасан акам раддия берганда кучли далиллар келтирар, хоссатан Абдулҳафизга асосли фикрларни айтарди. Ҳамма Абдулҳафизни атеистликда, иймонсизликда, куфрга кетганликда айбларди. Аммо Абдулҳафиз маҳбуслик даврида ўзи кўтариб юрган фикрларни обдон ўрганганлиги боис Ҳасан акам ва бошқалардан билимлироқ кўринарди. Ундан динни афюн, одамлар гиёҳванд моддага ўрганиб қолгандай динга боғланиб қолган, дегандай гаплар чиқарди. У диндорларнинг ватан озодлиги йўлида хизматлари қани, дея диндорларга ҳужум қиларди. Ҳасан акам бу саволларга қониқарли жавоб беролмасди. Ҳасан акам ушбу масалада Маҳмуд акам билан ҳам тортишиб кетарди. Ватан озодлиги учун динга қайтиш, ўзни ислоҳ қилиш лозимлигини айтса, Маҳмуд акамдан кучлироқ раддиялар оларди. Ҳасан Умар розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган ушбу иқтибосни далил сифатида айтарди: «Бу умматнинг охири худди аввалидай ислоҳ бўлмагунигача ислоҳ бўлмайди». Маҳмуд акам:

- Дин борасида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унга эътироз билдирмаймиз. Фақат, ватан озодлиги йўлида ҳеч қандай фикрий ва диний ихтилоф бўлмаслиги лозим, - дер эди. Ҳасан акам бунга жавоб тополмай, жимиб қоларди. Маҳмуд акам Ҳасанга савол беришни бошларди:

- Халқимиз орасида насронийлар фарзандлари ҳам бор. Улар ҳақида нима дея оласан? Ватан озодлигида уларнинг ўрни қандай бўлади? Агар озодлик сари кураш эълон қилсак, уларга қандай мурожаат қиласан?

Ҳасан акам эртаси куни масжиддан қайтаётиб, ўзи билан бир неча китоблар олиб келди. Китобларнинг бирида социализм қораланиб, ботиллиги исботланганди. Иккинчиси Исломда иқтисод ва сиёсат низомлари ҳақида. Учинчиси ақида масалаларига оид китоб. Қолганлари ҳам қандайдир китоблар. Ўша китобларни мутолаа қилиб, кечаги жавоб беролмаган саволларга жавоб изларди. Маҳмуд акам Ҳасаннинг ўсиб бораётганини айтиб, изоҳ билдириб турар, баъзан бирга ўтириб, масжидга қатнаши, фаолиятлари ҳақида сўраб турарди. Гапларини тинглаб, қўшилиб қолаётган одамларидан узоқроқ бўлишни маслаҳат берарди. Ҳасанни қайтарар экан, онамни ҳам мавзуга аралаштириб, Ҳасан акамни ўша жамоаларга қўшилиб қолмаслиги кераклигини айтарди.

«Ихвончи» деган гапни кўп эшитадиган бўлиб қолгандик. Маҳмуд акам онамга: «Ўша масжидда дарс берадиган, атрофига одамларни тўплаган шайх Аҳмад деганлари ихвончи бўлади», дерди. Бу гаплардан онам ташвишга тушиб қолди. Чунки «Ихвончилар» (Мусулмон биродарлар жамоаси) араб қавмчилигини тан олишмайди, Жамол Абдунносирга қарши бўлишган, ҳатто уни ўлдирмоқчи бўлишган. Бутун давлат тизимлари уларга қарши, уларни ёмон кўришади, таъқиб қилишади, деган миш-мишлар юрарди. Ҳасан акам ҳам шу оқимга қўшилиб қолса, шубҳасиз, ўзини хатарга қўйган бўларди.

Онам Ҳасанни чақириб, олдига ўтқазволар ва Маҳмуд акамдан эшитган ихвончилар ҳақида маълумот олишга ҳаракат қиларди. Ҳасан акам ихвончи бўлиб қолганини қатъий рад қиларди. Бораётган мажлисларида бирор ким ихвончилар ҳақида сўз очмаганлигини айтиб, бор-йўғи ибодат, ва Қуръон ҳамда ҳадис илмларидан таълим олинаётганини билдирарди:

- Фақат ибодат ва диний таълим оламиз. Бошқа жамоалар ҳақида бирор ким сўз очмайди. Қуроъон ўргансам, динимизни ўргансам шу хатоми, онажон?!

- Йўқ, болам! Эҳтиёт бўл, дейман-да... Бошоғриқ ишларга аралашиб қолмагин тағин...

- Бошоғриқли ишлардан узоқ юраман-ку, биласиз. Бошингизни уқалаб қўяйми? Бошоғриқли иш қилмасам ҳам, текинга уқалаб қўяман, майли.

Шундай қилиб, онамни кулдириб, рози қилиб чиқарарди. Мана шундай - Маҳмуд билан Ҳасанни ёки Маҳмуд билан онамни ёки онам билан Ҳасаннинг суҳбатларини кўп тинглаганман. Менга Маҳмуд акамнинг гаплари тўғрироқдек туюларди. Лекин Ҳасан акамнинг олийжаноблиги барибир фикрларига ҳам ром этарди инсонни. Қандайдир оддийлиги сабабми, одамни хотиржам қиларди. Шу сабабдан Ҳасан акам билан масжидларга бирга боришдан чўчимасдим. Ўша пайтлари гоҳ намоз ўқиб, гоҳ ўқимай юрардим. У билан масжидга қатнай бошладим, шомдан хуфтонгача бўладиган дарс мажлисида иштирок этдим. Дарсни Шайх Аҳмад берарди. «Зумар» ва «Муддасир» сураларининг тафсир дарсига қатнашдим.

Шайх Аҳмад ўта таъсирли гапирарди. Қиёматнинг даҳшатлари ҳақида, охират азоблари ҳақида, жаннат неъматлари ҳақида, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Парвардигордан буйруқларни қандай олганлари ва даъват байроғини қандай кўтарганлари ҳақида жуда гўзал сўзларди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.