11.03.2025 08:35

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 37-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 37-қисм. 


Ўн учинчи фасл

Ўқув йили ниҳоясига етди. Халилдаги Ториқ Ибн Зиёд мадрасасининг талабалари якуний имтиҳонлардан ўтиб, натижалар пешлавҳада эълон қилинди. Олийгоҳга қадам қўйиш арафасида турган талабалар келажакдаги орзулари ҳақида ширин ҳаёллар сурарди. Бир талаба Халилдаги олийгоҳда шариат факультетида ўқишни ният қилган бўлса, бошқаси Саудиядаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олиш мақсадида эди. Яна кимдир Иорданияда ўқишни давом эттиришни режалаштираётганди.

Ёши ўтиб қолган поччамиз Абдулфаттоҳ ҳамон Иордания олийгоҳида ўқишни ич-ичидан истарди, бироқ энди кеч эканини яхши англарди. Чунки унинг ўқиш учун вақт сарфлашидан кўра ишга кўпроқ вақти кетаётганди. Бироқ олий ўқув юрти остонасида турган укаси Абдураҳмонда иккинчи имкониятни кўраётганди. У орқали ўз орзусини амалга оширишни ўйлаганди. Укасига Иорданияда таҳсил олиш ҳақида таклиф билдирганда, у рози бўлди ва шариат факультетига кирмоқчи эканини акаси билан ўртоқлашди.

Суриф қишлоғидаги тоғлар устида суҳбат қуришни ёқтирадиган дўсти Жамол ҳам у билан бирга ҳужжат топширишга келишиб олди. Шундай қилиб, иккови ҳам Иордания олийгоҳига қабул қилинди.

Ўқиш бошланишидан бироз олдин улар Амманга жўнаб кетиб, бирга таҳсил оладиган талабалар билан шерик бўлиб, Муҳожирлар туманидан уй ижарага олишди. Бу туман халқона муҳитга эга бўлиб, у ерда айрим асли фаластинликлар истиқомат қилишарди.

Абдураҳмон ва Жамол Суриф қишлоғи ёки Ториқ Ибн Зиёд мадрасасидаги ҳаётдан фарқли равишда, янгича муҳитда яшай бошладилар. Бу ерда фикрлаш тарзи, сиёсий курашлар, жамият урф-одатлари ва талабалар ҳаётида таъсирга эга шахслар – барчаси олдинги ҳаётидан анча фарқли эди.

Улар таҳсил олаётган шариат факултетида қизлар ўранган ҳолда юришарди. Аммо университетда умумий тартиб бошқача бўлиб, Халилга, айниқса, Суриф қишлоғига нисбатан анча эркин муҳит ҳукм сурарди.

Шундай бўлса-да, Абдураҳмон билан Жамол Ториқ Ибн Зиёд мадрасасида «Мусулмон биродарлар» жамоасидан таъсирланганликлари боис йўлдан озишмади. Амман олийгоҳида ҳам шариат фанидан дарс берувчи «Мусулмон биродарлар» аъзолари бор эди. Улар тажрибали, шариат фанлари бўйича докторлик даражасига эга профессорлар эди. Абдураҳмон ва Жамол орзуларидан ҳам ортиқ билим ва тажрибаларга эга шахсларга йўлиқишди. Фикрий ва сиёсий курашларда зарур билимларни ўзлаштиришга ҳаракат қилдилар ва талабалик машғулотларига шўнғиб кетдилар.

Иордания университетида талабалар уюшмаси бекор қилиниши ҳақида қарор чиқарилганди. Бироқ бу талабаларнинг ўзаро фаолиятларига чек қўя олмади. Бирлашмага номзодлар орасидан Жамол шариат факультетида "Тарихни жонлантириш уюшмаси"га танлаб олинди. Номзодлар орасида «Мусулмон биродарлар»га қарши бошқа исломий оқим ҳам бор эди.

Уюшма масъуллари талабаларни тарихий жойларга олиб бориб, улар билан маданий, сиёсий ва тарбиявий фаолиятлар олиб боришарди. Баъзан Ҳаж ва Умра тадбирларини уюштириб берарди. Уюшма аъзоларидан бири Юсуф Қарзовийга бағишлаб «Олим ва золим» саҳна кўринишини тайёрлашни таклиф қилди.

Муҳокамалардан сўнг бу таклиф қабул қилинди ва лозим бўлган барча саъй-ҳаракатлар бошланди. Ҳатто телевизион режиссор ҳам ёлланди. Қайта-қайта машқлар ва катта меҳнатдан сўнг саҳна кўриниши томошабинларга тақдим этилди. Профессорлар ва докторлар томоша жуда яхши чиққанини эътироф этишди.

Бу вақтда Россия Афғонистонга бостириб кирганди. Талабалар уюшмасида бу воқеа катта акс-садо берди. Исломий уюшма аъзолари Афғонистон ва жиҳод ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлади, ўзларини у ердаги мусулмонларга нисбат бериб, уларга ёрдам беришни вожиб деб билишди.

Бора-бора бу фикр шунчалик кучайдики, «Олим ва золим» саҳна кўринишидан тушган 15 000 динордан 5 000 динори Афғонистондаги мусулмонларга ёрдам сифатида юборилди.

Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.