08.02.2025 08:32
Саудия Умра зиёрати учун менингитга қарши эмлаш талабини бекор қилди
Саудия Арабистони ҳукумати Умра зиёрати учун мамлакатга ташриф буюрувчиларга қўйилган менингитга қарши мажбурий эмлаш талабини бекор қилди.
Саудия Арабистони фуқаро авиацияси бошқармаси (GACA) барча авиакомпанияларга эмлашни талаб қилувчи циркулярнинг бекор қилингани ҳақида расмий кўрсатма юборди. Бу эса Умра зиёратини режалаштираётган зиёратчилар учун муҳим енгиллик яратади.
Эслатиб ўтамиз, Саудия ҳукуматининг эмланишни талаб қилувчи қарори 2025 йил 1 февралдан амал қилаётган эди. Бунда зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнаб кетишдан камида 10 кун ва кўпи билан 3 йил олдин менингитга қарши эмланганлик сертификатига эга бўлишлари шарт эди. Аммо янги қарорга мувофиқ, энди бу талаб амал қилмайди.
Саудия ҳукумати Умра зиёратчилари учун янги тартиблар ҳақида расмий маълумотларни ўз веб-сайти ва дипломатик каналлар орқали тақдим этишда давом этмоқда.