08.12.2023 18:07

“Аллоҳ қаерда? Нима сабабдан У Ғазо учун қасос олмаяпти?”, дея савол берувчиларга

Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Абу Довудлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига саҳобаларидан иборат бир гуруҳ одамлар келишди ва: “Эй Аллоҳнинг расули, биз ўзимизда шудай бир ҳолатни сезяпмизки, у ҳолатни айтишга ҳам қўрқамиз. У ҳолат бизда бўлишини хоҳламаймиз”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз: “Сизларда шу ҳолат бўляптими”, деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз эса: “Мана шу ҳақиқий иймондир”, дедилар. 
Асосий мавзуга киришишдан олдин ушбу ҳадисни яхшироқ тушуниб олайлик. Шайтон - мўминларнинг душмани. Уларни турли йўллар билан адаштириш, чалғитиш, уларнинг қалбига васваса, шубҳалар солиш билан овора. Лекин Аллоҳ таоло эса мўмин бандаларининг иймонда собит бўлишларини хоҳлайди. Пайғамбаримиз ҳам умматларидан ана шундай шубҳа ва васвасаларни қандай кетказиш лозимлигини ўргатганлар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бир нечта саҳобалар ўзларида содир бўлаётган шубҳа ва васвасалар ҳақида Набий алайҳиссаломдан сўраб, “Биз бу гумонлар ҳақида гапиришга ҳам қўрқамиз. Бу ҳолат бизда бўлишини хоҳламаймиз ҳам”, дейишмоқда. Яъни саҳобалар ўзларидаги васваса, гумонларни қалбларидан ташқарига чиқаришни ҳам хоҳламас эдилар. Пайғамбаримиз: “Бу ҳолат сизларда ҳақиқатдан ҳам содир бўляптими”, деб масалага ойдинлик киритиб олдилар. Сўнгра “Агар ҳақидатдан ҳам қалбингизда шайтоннинг васвасалари пайдо бўлиб, ичингиздаги нимадир уни ташқарига чиқаришингиздан қайтариб турган бўлса, мана шу ҳақиқий иймондир”, дедилар. (Ҳадисга шарҳ таржимон томонидан қўшилди)
Қийинчилик ва фитналар шайтоннинг ўйингоҳи ва мўминнинг иймонига дарз етказиши учун, қалбидан Аллоҳга бўлган ишончни йўқ қилиши учун қулай фурсатдир.  Биз ожиз инсонмиз. Баъзи воқеа-ҳодисалардаги Аллоҳнинг ҳикматлари бизга маълум эмас. Биз фақат кўзимиз билан кўрган нарсаларимизга қараб хулоса қиламиз. Гоҳида бўлаётган воқеа-ҳодисалар туфайли, худди юқоридаги ҳадисда зикр қилинган саҳобалардек, қалбимизга ҳатто айтиш қўрқинчли бўлган фикрлар келиб қолади. Биз эса дарҳол ана шу фикрларни хаёлимиздан кетказиш учун истиғфор айтамиз. Бу ҳолат иймонимизнинг нуқсонли эканидан эмас, аксинча, Пайғамбаримиз юқорида айтганларидек, айни ҳақиқий иймондандир. 
Шундай экан, ҳар сафар сизга ўзгача туюлган ҳолатларда, ақлингиз ҳодисанинг ҳикматини англай олмаётган вақтда ишни ўз Соҳибига топширинг. Чунки У зот қилган ишлари ҳақида ҳеч кимга ҳисоб бермайдиган, Ўз ишида ҳикматли Зотдир. Биз эса унинг қулимиз, холос.
Шайтон гоҳида “Ғазода содир бўлаётган шунча хунрезликлар пайтида Аллоҳ қаерда эди?  Вайроналар остида қолган гўдаклар учун, болаларидан айрилган оналар учун, бечора қариялар учун нега интиқом олмаяпти? Ҳарбий самалётларни ишдан чиқариб, ракеталарни тўхтатиб қолишга Аллоҳнинг кучи етмайдими”, деган васвасаларни қалбингизга солиб қўяди. 
Биринчидан, бу дунё - имтиҳон дунёси, жазо ва интиқом дунёси эмас. Аллоҳ биз бандаларни имтиҳон қилади: нега бу ишни қилдинг, нега қилмадинг, деб. Банда нега буни қилдинг, нега буни қилмаяпсан, деб Аллоҳни имтиҳон қила олмайди. 
Иккинчидан, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳозирги ҳолатга қараб эмас, якуний натижага қараб хулоса чиқарилади. Агар сиз Фиръавн даврида яшаганингизда ва Фиръавннинг ёш гўдакларни қайнаб турган ёққа ташлаб, гўштлари суякларидан ажрагунча куйдирганини кўрганингизда, “Аллоҳ қаерда, нега бу болалар учун қасос олмаяпти, бу болаларнинг айби нима”, деган бўлар эдингиз. Лекин кейинчалик воқеа қандай ривож топганига қаранг! Аллоҳ Фиръавнни қўшини билан бирга денгизга ғарқ қилди ва уларни ҳали аламли, абадий азоб кутмоқда. Ўлдирилган болалар ва уларнинг ота-оналарини эса Пайғамбаримиз жаннатий эканларига гувоҳлик бердилар.
Учинчидан, Аллоҳ таоло золимга имконият беради, унга қудрат беради. Лекин бу ҳаммаси бу дунёда тугади дегани эмас. Охират бор, ҳисоб-китоб бор. Ухдуд воқеасини эсланг. Иймон келтирганларнинг ҳаммаси жарлик ичида ёниб кетдилар. Чақалоқ эса тилга кириб, “Онажон, собит туринг, чиданг, зеро сиз ҳақиқат томондасиз”, деди. Бу зулм учун ҳам Аллоҳ бу дунёда интиқом олгани ҳақида хабар йўқ. Лекин охиратда албатта жазо муқаррарлиги ҳақида хабарлар бор.
Урушларнинг натижалари ҳамиша бизга кўрингандек бўлавермайди. Бир одам бу дунёдаги барча жангларда ғалаба қозониб, охирида жаҳаннамга улоқтирилса, буни ғалаба деб бўлармиди?! Ёҳуд бу дунёда эзилиб, қийналиб, зулм кўриб, аммо ҳақ устида собит қолса ва жаннатга эришса, ана шу одам ҳақиқий ғолиб эмасми?!
Тўртинчидан, агар Аллоҳ таоло ҳар бир зулм учун бу дунёда интиқом олса, бу дунёнинг имтиҳон эканлиги қаерда қолади?! Агар ҳақиқат ҳар бир курашда доим ғалаба қозонаверса, ҳақиқат тарафида курашувчилар сафи натижага сиғинувчи одамлар билан тўлиб кетган бўлар эди. 
Лекин ундай бўлмайди. Аллоҳ таоло бу дунёни қалбларни ларзага солувчи имтиҳон қилиб қўйди. Агар зулм ва жиноятлар бўлмаса, бандалар зиммасига юклатилган жиҳод имтиҳони қандай бўларди. Аллоҳ таоло золимларга имкон берар экан, уларни қудратли қилиб қўяр экан, бу орқали Ўзининг йўлида курашувчи содиқ бандаларини саралаб олади. 
Бешинчидан, бир оддий аёл болани дунёга келтириш жараёнида тўлғоққа чидашга, қон йўқотишга, оғриқларни бошидан ўтказишга мажбур экан, озод бир давлатнинг туғилишидаги умматнинг бошидан ўтказадиган тўлғоқ аёлникидан анча оғир бўлиши табиий. 
Агар сиз Абу Жаҳл Умайя розияллоҳу анҳони оёқ-қўлларини ерга қоқиб, сўнг таналарига тайза санчган вақтда ўша даврда бўлиб қолганингизда эди, ўшанда ҳам “Аллоҳ қаерда, нега жим”, деган бўлар эдингиз. 
Лекин ўйлаб кўринг, Абу Жаҳл қаерда-ю, Умайя қаерда?!
Ёки Хазрати Билолни эсланг. Умайя ибн Халаф у зот розияллоҳу анҳунинг кўкрагига катта харсанг тош ташлаган эди. Бу ҳолатни кўрганингизда ҳам “Аллоҳ қаерда, нега Билолга ёрдам бермаяпти”, деган бўлар эдингиз. 
Лекин ўйлаб кўринг, Умайя қаерда-ю, Хазрати Билол қаерда?!
Бу воқеалар содир бўлган пайтда ҳеч ким мусулмонлар зафар қучишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Лекин воқелик, натижа қандай бўлгани ҳаммага маълум. Мусулмонлар Макканинг тўрт тарафидан кириб, зафар қучдилар. 
Шундай экан, билиб қўйингки, Аллоҳ таоло Ўз ишларида ниҳоятда Ҳаким зот. Ҳар бир ҳодисанинг рўй беришида Ўзи белгилаб қўйган вақт-соат бор. Агар сизда ақл бўлса, тафаккур қилинг, ёки шунчаки Аллоҳнинг ҳикматига таслим бўлинг. Ҳаргиз шайтон қалбингизга солаётган васвасаларга таслим бўлманг. Аллоҳ золимларнинг қилаётган ишларидан алсо ғофил эмас!
Адҳам Шарқовий, “Ватан” газетаси, Қатар.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.