“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 16-қисм)
***
Кўча
бошида бир тўп кишилар хайрия жамғармаси томонидан бериладиган қора шолчани
ёзволиб, ҳар куни асрдан то кеч тушгунига қадар карта ўйнаб ўтиришарди. Гўё шу
ўйин тасалли берадигандек вақт ўтказишарди. Қоронғу тун кундуз эшигини қоқиб
келганида шолчани йиғиштириб, уйларига тарқалиб кетишарди. Қўзғалишларидан
бироз вақт ўтиб, карантин вақти киргани ҳақидаги эълон янграй бошларди.
Ўзи ёш бўлишига қарамай, одамлар Шайх Аҳмад дея мурожаат қилишадиган йигит намоздан қайтаётиб, уларнинг олдидан салом бериб ўтарди. Бу сафар ҳам бекорчиларнинг олдидан ўтаркан, тўғри уларнинг жамоасига келиб қўшилди. Ўтирганлар Шайхнинг ташрифидан ҳайратга тушиб, карталарини четга суриб қўйишди. Шайх уларга:
- Йигитлар, ижозат берсангиз, бир масалада
сизлар билан бироз суҳбатлашмоқчидим, - деди. Улар:
- Марҳамат,
тақсир, қулоғимиз сизда, - дея жавоб беришди. Лекин баъзилари кучли ҳаяжон
туфайли ютунганларида томоыларидаги кекирдаклари бир силкиниб олди.
Шайх вақтни фойдасиз нарсалар билан зое қилишнинг оқибатлари ҳақида оят ва ҳадислардан далиллар келтириб, гап бошлади. Сўнг тоат-ибодатга тарғиб қиладиган масалаларга тўхталиб, Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматларини эслатди. Охират азобидан огоҳлантирувчи оятлар билан ҳам таништирди. Шайх уларга мурожаат қилар экан, одоб билан, ҳикмат билан, лутф билан сўзларди. Келажакда Исломнинг байроғи Фаластинда кўтарилиши лозимлиги, бу муқаддас диёр – Исро ва Меърож ўрни эканлигини айтиб, маъруза қилди. Тўртовлон диққат билан эшитар, бошларини силкиб, Шайхнинг гапларини маъқуллашарди. Гап шундаки, Шайх Аҳмад айтаётган гапларнинг кўпини биринчи маротаба тинглашаётгандилар. Чунки ватанпарварлик билан дин-диёнат мавзуси бир-бирига мужассам этилганди. Зеро сўнгги вақтларда диндор деганда теваракдаги воқеа-ҳодисалар билан иши йўқ, таркидунё қилган инсон сифатида гавдаланиб қолганди. Ё ҳеч нарсага аралашмайдиган домла бўл, ё ватан учун курашадиган, динга алоқаси йўқ фидокор бўл деган тушунча бўларди. Бу икки йўналишни ўзида мужассам қилган Шайх Аҳмаднинг суҳбати уларга ижобий таъсир қилди.
Йигитларнинг бири Шайхдан энди улар нима қилишлари кераклиги ҳақида сўради. Шайх Аҳмаднинг юзига енгил табассум юриб, аввалига ғусл қилишларини, сўнг ҳар азон чақирилганида таҳорат олиб, масжидга боришларини айтди. Йигитлар бошини силкиб, маъқуллашди. Шайх Аҳмад ҳар бири билан қўл сиқиб хайрлашди. Йигитлар ҳам карталарини йиғиштириб, шолчасини четга сурганча уйларига тарқалишди.
Давоми бор...