19.12.2024 17:51

Уйғурларнинг қонли кўз ёшлари эвазига ўсаётган Хитой брендлари

Бугун биз устимизга кийиб юрган Хитой либосларини ишлаб чиқариш қанчага тушганини биласизми? Шу туфайли, қанчадан-қанча болалар онасиз қолган, қанча эркаклар қулдек ишлатилган, қанча аёллар хўрлик ва таҳқирларни бошидан кечирган? Биз кийган ҳар бешинчи пахталик кийим нисбатан мана шундай оғир шароитларда, зулм остида ишлаб чиқарилишини билармидингиз?! 

"Made in China" – биз бозор ёки дўконларни айланар эканмиз, ушбу ёрлиққа жуда кўп дуч келамиз. Лекин ушбу ёрлиқ осилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сон-саноқсиз уйғур болалари тиним билмаслиги, уларнинг ота-оналарига босим ўтказилиб, қийноққа солинишидан хабаримиз борми? Ҳатто Хитойда журналист сифатида ушбу ҳақиқатларни очиқ айтадиган бўлсак, қамалишимиз ҳам тайин. Мисол учун, Гонконгда ижтимоий эркинликларнинг чекланиши ва минтақа автономиясининг тугатилишига қарши намойишлар пайтида кўплаб фаоллар ҳибсга олингани айни ҳақиқат. Уларга янги хавфсизлик қонунлари бўйича айбловлар қўйилган. Ушбу ҳудуднинг Хитой билан бирлигини бузган ҳар бир киши умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Бироқ Хитойнинг 2017 йилдан бери уйғур туркларига нисбатан олиб бораётган геноцид сиёсати амалга оширган барча жиноятларидан ошиб тушади. Маълумотларга кўра, ҳозирда 1,8 миллион шарқий туркистонлик уларни маданий ва диний ўзлигидан маҳрум қилиш учун мўлжалланган қайта тарбиялаш лагерларида сақланмоқда. Ҳибсдагилар Хитой Коммунистик партиясига содиқлик ваъдасини беришга, Исломдан воз кечишга ва мандарин тилини ўрганишга мажбурланяпти. Бундай жойларда аёлларнинг жинсий зўравонликка учраши ҳам оддий ҳолатга айланган. Бу мисоллар қанчалик оғриқли бўлмасин, Хитой ҳукумати мавжуд вазиятни бошқача кўрсатиб, ўзининг зулм сиёсатини яширишга уринмоқда. 

Бугун биз ушбу зулм сиёсатининг "меваси" бўлган Хитой брендлари – SHEIN ва TEMU'нинг қандай қилиб кенгайгани ва ҳаётимизнинг бир қисмига айлангани, шу билан бирга инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига алоқадорлиги ҳақида гапириб бермоқчимиз. 

Эътироф этиш керак,1970 йиллардан бери Хитой улкан иқтисодий ўсишни бошдан кечирди. Ўз вақтида бу юксалиш "иқтисодий мўъжиза" деб ҳам аталади. Миллионлаб одамлар қашшоқликдан қутулди, бироқ Хитойнинг глобал иқтисодиётга кириб бориши миллий озчиликнинг эксплуатация қилиниши билан бирга кечди. Эксплуатация жараёни кучайгани сари, Хитой иқтисодиёти ҳам ўсиб борди. 

Ethical Consumer маълумотларига кўра, Хитой жуда тез иқтисодий ўсиш ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув натижасида дунёдаги энг катта ишлаб чиқариш марказига айланган. Шу билан бирга ушбу улкан устахона ишчилари ҳаддан ташқари кўп вақт ишлаш, хавфли шароитлар ва жинсий зўравонликка дуч келишади. Ҳар доим ҳам тўланмайдиган жуда кам миқдордаги иш ҳақи ҳатто асосий яшаш харажатларини ҳам қоплай олмайди. Бундай ҳуқуқбузарликларга дуч келганлар кўпинча дардини бошқага айта олмайди.  

Жумладан, ярим миллиондан ортиқ уйғур ишчилари қайта тарбиялаш лагерларидан озод қилинганидан кейин пахта теримида ишлашга мажбур бўлишган. Тадқиқотларга кўра, бугунги кунда уйғурлар дунёдаги пахтанинг 20% ​​ни ишлаб чиқаради. Бу эса дунё миқёсида ишлаб чиқарилган ҳар бешинчи кийимдан бири мажбурий меҳнат самараси эканини англаш мумкин. Минглаб уйғурлар Хитой фабрикаларида кийим-кечакдан тортиб, турли технология маҳсулотларигача ишлаб чиқаряпти. Бу жараённинг охири кўринмайди. Мамлакатда улар доимий равишда кузатув остида ушлаб турилади, ўзларининг динини, миллий қадриятларини унуттиришга қаратилган мафкуравий дарсларга қатнашишга мажбур бўлади.

Ethical Consumer маълумотларига назар ташлайдиган бўлсак, Amazon, Apple, Adidas, Nike ва H&M сингари машҳур компаниялар ҳам ўзининг таъминот занжирларида уйғурларнинг мажбурий меҳнатига алоқаси борлиги аниқланган саксон учта компаниялар қаторига киради.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига шиддат билан кириб бораётган SHEIN ва TEMU компаниялари ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

Бу икки бренд ўзининг фавқулодда паст нархлари билан чакана дунё савдо бозорига сезиларли таъсир кўрсатди. SHEIN модага кўпроқ эътибор қаратса, TEMU ҳаётни осонлаштирадиган барча нарсани сотади. 2023 йил октябрь ҳолатига кўра, TEMU Apple App Store'даги энг яхши бепул илова, SHEIN эса АҚШда энг кўп юклаб олинган иккинчи харид иловасига айланди. Хўш, қандай қилиб улар бу қадар арзон маҳсулотлари билан харидорлар эътиборини тортишди? Қандай қилиб улар ҳар куни мижозларига ўн минглаб янги маҳсулотларини туҳфа этишади? Жавоби оддий: уйғурларни арзимаган пул эвазига, зиммасига катта норма юклаб, кучли босим билан ҳеч қандай шартномаларсиз ва меъёридан ортиқ вақт ишлатиш орқали. Кўплаб ҳисоботлар мода гиганти SHEIN'ни ахлоқсиз бизнес амалиётларида –ишчиларни эксплуатация қилиш, муаллифлик ҳуқуқини бузиш ва атроф-муҳитга зарар етказишда айблайди. Bloomberg томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, SHEIN пахтасининг катта қисми Шарқий Туркистонда етиштирилиб, қайта ишланади. Ишчилар одатда ҳафтасига бирор кун ҳам дам олмасдан, кунига ўн тўрт соатдан ўн саккиз соатгача ишлайди. Иш ҳақининг ниҳоятда пастлиги сабабли улар қаттиқ меҳнатдан бўйин товлай олишмайди. Рад этган тақдирда ҳам берилган нормани бажаришга мажбур этилади. Бундан ташқари, қўшимча иш вақти, ёмон иш шароити, иш жараёнида заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланилиши сабаб ишчилар соғлиғига путур етаётгани учун ҳеч қандай компенсация тўланмайди. Ўрганишларда уйғурларнинг кунига ўн саккиз соат ишлаб, атиги 0,02 доллар пул топишлари маълум бўлган. Айниқса компанияларда ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган заҳарли кимёвий моддалар нафақат атроф-муҳитга, балки шарқий туркистонликларнинг саломатлигига ҳам жиддий зарар етказади. 

TEMU ҳам бугунги кунда жуда тез ривожланаётган онлайн харид қилиш платформаси сифатида АҚШ қонунчиларининг жиддий танқидларига учрамоқда. Уларнинг фикрича, Хитой электрон тижорат компанияси таъминот занжирларидаги мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари назоратга олинмаган. Шунингдек, TEMU АҚШга жўнатилган товарларни тўғридан-тўғри жўнатиш учун божхона текширувларидан қочишда айбланган. Компаниялар "de minimis" (аҳамиятсиз) деб номланувчи ҳуқуқий бўшлиқдан фойдаланади. Бу хитойликларнинг божхона текширувларисиз АҚШга арзон пакетларни жўнатиш имконини беради. Ушбу тартибга кўра, мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан назорат кучлидир. Бугунги кунда турли ҳисоботларда Хитойда ишлаб чиқарилган ҳар бир маҳсулот – кийим-кечакдан тортиб, технологияларгача болалар меҳнати билан боғлиқлиги ҳақидаги қайдлар учраяпти.

Шунингдек, дунёда уйғурларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, уларнинг инсоний ҳуқуқлари бузилиши ва Хитой ҳукуматининг репрессив сиёсатига қарши глобал миқёсда турли кампаниялар олиб борилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фуқаролик жамияти гуруҳлари ва фаоллар Хитой ҳукуматининг уйғур халқига нисбатан зулмини тўхтатишга чақирмоқда. Масалан, Эркин уйғурлар ҳаракати ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситалардан фойдаланиб, Шинжон минтақасида уйғулар дуч келаётган босимни халқаро жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилмоқда. Ҳаракат баёнотида уйғурларнинг қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштирилаётгани, мажбурий меҳнатга тортилаётгани ва маданий зулмни бошидан кечираётгани таъкидланган. АҚШ ва баъзи Европа давлатлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилганлиги сабабли баъзи Хитой расмийлари ва компанияларига санкциялар киритди. Улар "Магнитский қонуни" (Америка ҳудудига кириш учун виза чекловлари ва АҚШ банкларидаги молиявий активларни блокировка қилиш) асосидаги глобал санкциялар уйғурларга нисбатан зулмни тўхтатишни мақсад қилишини айтишмоқда. Ўз навбатида Еврокенгаш ҳам Хитойдаги мажбурий меҳнат масаласи бўйича қатор қарорлар қабул қилди. Кенгаш уйғурларнинг ҳуқуқлари топталиши орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европа бозорига киритмасликни талаб қилди. Шунга қарамай Хитой бу борада бирор ўзгаришни амалга оширмади.

Кўп давлатлар Хитойнинг уйғурлар ва бошқа миллий озчиликнинг ҳуқуқлари бузилишига нисбатан ўз муносабатини билдирмоқда. Албатта, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари расмий Пекиннинг мусулмонларга нисбатан зулмидан астойдил куйиниб, танқид қилмаётган бўлса-да, ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Хитойга босим ўтказяпти. АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Япония, Германия, Франция ва Австралия каби давлатлар Хитойни туркий халқларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, уларга нисбатан турли қийноқлар ва маданий ассимиляциядан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида эллик бир аъзо давлат инсон ҳуқуқлари бузилишини қораловчи қўшма декларациясини эълон қилди ва Хитойдан БМТ Олий комиссари ҳисоботидаги тавсияларига риоя қилишини сўради. Бошқа томондан, Куба каби Хитойнинг иттифоқдоши сифатида танилган баъзи давлатлар Хитойни ҳимоя қилиб, бу вазият мамлакатнинг ички иши эканлигини, дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича икки хил стандартлар бўлмаслиги кераклигини таъкидлашди. Бу каби халқаро реакциялар уйғурлар ва бошқа озчилик жамоалари номидан бир оз олдинга силжишларга олиб келган бўлса-да, Хитой сиёсатида айтарли ўзгаришлар бўлмади. 

Хулоса қилиб айтганда, биз SHEIN ва TEMU каби Хитой брендлари таклиф қилаётган паст нархлар ортидаги оғир ҳақиқатларни эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак. Ушбу брендлар Хитой лагерларида қулдек ишлатилаётган туркий халқларнинг машаққати ортидан иқтисодий ўсишга эришмаслиги керак. Бугунги кун воқеалари дунёнинг энг катта иқтисодлари – Ғарб давлатлари ва Хитой компаниялари ҳар қандай вазиятда инсонпарварликни эмас, балки ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйишини кўрсатмоқда. Шу боис, биз истеъмолчи сифатида сезгир бўлишимиз, уйғурлар ва фаластинликларга нисбатан геноцидни қўллаб-қувватлаётган компанияларнинг маҳсулотларини имкон қадар сотиб олмаслигимиз зарур. Уларнинг ёрлиғи ортида юзлаб оғриқли ҳикоялар ва мусулмонларнинг зулм остидаги ҳаёти борлигини эсдан чиқармайлик. Агар биз улардан маҳсулот харид қилмасак, ўлмаймиз, лекин сотиб олсак, улар ўлиши мумкин.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.