04.03.2025 08:30

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 35-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 35-қисм. 


***
Лагердаги ҳаёт ривожланиб, мулоҳаза қилса бўладиган даражада ўзгара бошлаганди. Аксар хонадонларда бир ёки иккита Исроилда ишлайдиган ишчи бўларди. Мўмайгина даромад топиб, эски Ғазога солиштирганда анча фарқ сезиларди. Айрим ишчилар эса Саудияга, Қувайтга бориб ишларди. Ҳар бир хонадонда радио ва телевизор бор эди. Ҳатто музлатгич ва газ печка сотиб олганларни ҳам кўриш мумкин эди. Кўп уйлар маҳалладан ўтказилган сув қувурига ҳам уланиб улгурган. Биз ҳам радио сотиб олгандик, лекин ҳали телевизор, музлатгич ва газ печка кабиларни олиш насиб қилмаганди. Шундай бўлса-да, танглик ҳаётида яшаётган кўплаб оилалардан аҳволимиз анча яхши эди.

Муҳими, 1948 йилги фожиадан сўнг охирги йилларда лагер аҳли кўпайиб, чодирлар торлик қилиб қолганди. Хусусан, уруш пайтида гўдак бўлганлар улғайиб, оила қуриб фарзандли бўлишганди. Қисқа қилиб айтганда, лагерлар жўжалар солинган қутига ўхшаб қолганди. Шу ондан бошлаб янги турар жойлар барпо қилиш ҳақида гаплар урчий бошлади. Узунқулоқ гапларга қараганда, ҳарбий ҳокимиятдан ким ҳовлисини кенгайтирмоқчи бўлса, Турар жой қуриш вазирлигига исмини ёздириб қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Маълум миқдорда тўлов қилганидан сўнг, лагердаги ҳовлиси бузиб юбориш шарти билан янги турар жой барпо қилинадиган минтақадан ўзига уй ёздириб олиши мумкин экан.

Бу иш лагерларда кучли муҳокамаларга сабаб бўлди. Одамлар бу масалада иккига бўлиниб қолишганди. Қандай тўпланиш бўлмасин, шу мавзу очиладиган бўлди. Ушбу фикрни қўлловчилар воқеликка мослашиш кераклигини, консерваланган балиқ каби чодирда яшаш мумкин эмаслигини айтарди.

Чиндан ҳам янги авлодлар туғилиши ва улғайиб бориши натижасида бу тарзда яшаб бўлмай қолди. Муаммо турар жойлар барпо этилишида эмас, уни сотиб олиш қимматлигида эди. Ушбу фикрни маъқулламайдиганлар эса босқинчининг бу иш ортида ғаразли мақсади борлигидан хавотирда эдилар. Улар лагерларни муҳожирлардан бўшатиб, ўзларига тўла тобеъ қилиш йўлини излаётганидан қўрқардилар. Тортишувлар давом этаверди. Ҳали янги турар жой сотиб олиш амалга ошмай, гаплигича қоларди. Чунки иккига бўлиниб қолган тарафлар бир қарорга келишлари лозим эди.
***
Акаларим уйлангунларига қадар пардоз учун косметика деган нарса борлигини билмасдим. Онам ҳам лагердаги бошқа аёллар каби бундай воситалардан фойдаланмаган. Лагер аёллари фақат муайян муносабатлар туфайли юзидаги тукларни тердириб, қошларини ингичкалатишларини билардим.

Кунлик рўзғорига емиш тополмайдиган, гўштнинг таъмини фақат тўй-маросимларда татиб кўрадиган, меваларнинг турлари ва номларини ҳам ажратолмайдиган, биология китобларидан бундай мевалар борлигини англаб қоладиган бу мунисалар пардоз-андоз қилмасалар-да, ғоят гўзал эдилар.

Бирор қиз турмушга узатилса, аёллар уни безатиш учун косметикадан фойдалангани билиниб турарди. Шундай бўлса-да, кўп аёллар бу матоҳдан бехабар эди. Акамлар уйлангач, кунларнинг бирида хонасига кирганимда, ойна олдида пардоз учун косметика воситалари борлигини кўриб, шу орқали бу нарсани тушунгандим.

Кўчаларда яланғоч кийиниб, шундай пардоз воситаларидан фойдаланган аёлни кўрмас эдик. Тўғри, кўп аёллар бошига рўмол ўрамасликлари мумкин эди, аммо косметикадан фойдаланиш урф бўлмаганди. Бу ҳол одамларнинг иқтисодий аҳволи бироз яхшилангунга қадар давом этди. Молиявий аҳволи ўнгланган айрим оилаларда саноқли аёлларнинг шундай воситалардан фойдаланаётгани кўзга ташлана бошлади.

Лагерда истиқомат қиладиган қизлар ўз табиийлигича гўзал бўлишарди. Ҳеч қандай пардоз воситаси, пластик жарроҳликдан фойдаланмас эдилар. Ҳатто қош териб, сурма қўйишга ҳам боришмаган. Шундай бўлса ҳам, тўлин ой каби гўзал эдилар. Улардаги энг яхши фазилат – ҳаё эди. Бирортасига гапирсангиз ёки савол сўрасангиз, юзини ердан узмасди. Агар тасодифан кўзи бегона кишига тушиб қолса, дарҳол назарини олиб қочар, юзлари қизариб-бўзариб кетарди. Бу эса, уларнинг гўзаллигига янада нафосат қўшарди.

Халил – қўшнилардан бирининг фарзанди. У лагерда яшовчи қизлардан бирига назар солиб, унга боғланиб қолганди. Ўзини севиб қолгандай ҳис қилар, турли ҳиссиётлар қуршовида қолганди. Шундан сўнг ўша қизнинг уйдан мактабга, мактабдан уйга қайтишини пойлайдиган бўлиб қолди. Аммо ҳеч қачон яқин боришга, бир оғиз сўз айтишга журъати етмас эди. Кўпинча узоқдан бир назар солиб қўйиш билан кифояланарди.

Агар кўзлари тасодифан учрашиб қолса, иккови ҳам дарҳол юзини буриб, ҳар тарафга жўнарди. Бу ҳол то совчи қўйилиб, ўқиш тамомланганидан сўнг тўй қилишга келишилгунига қадар давом этди. Йигит ҳам яхши иш топиб, оила боқа оладиган бўлгунига қадар кутиб туришга қарор қилди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи йигит-қизларнинг мактуб алмашиб юрганларини ҳам учратиш мумкин эди. Аммо бу каби журъатлилар озчиликни ташкил қилар, аксарият йигит-қизлар жамиятнинг умумий қоидаларига амал қилишарди. Бундай муносабатлардан эҳтиёт бўлишарди. Онамнинг қатъий буйруғига биноан биз ҳам бундай ишлардан мутлақо йироқ бўлганмиз.

Бир куни соҳил тарафдан уйга қайтиб келаётганимда, маҳалла бошидан Иброҳим амакиваччам масжиддан қайтиб келаётганини кўриб қолдим. Мен уни кўрардим, у эса мени кўрмас эди. Кўча бошида ана шундай журъатли, ҳаёсиз қизлардан бири Иброҳимга нималардир деб гап отди.

Иброҳимга қараганимда, у ҳижолатдан юзи қип-қизил бўлиб кетганди. Юришини уч баробар тезлатиб, худди узоқ муддатга қамалишдан қочгандек шошилиб кетди. Шу воқеа Иброҳимни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Қачон менга қарши чиқса, шу воқеани келинойисига (онамга) айтиб қўяман деб таҳдид қилардим. У эса бу ҳолатдан жуда ҳижолат бўларди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.