07.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 19-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 19-қисм. 

Тўққизинчи фасл

«Карома» ғалабасидан сўнг Иордан қироли Ҳусайн чиқиб: «Барчамиз фидойилармиз!» деганди. Минглаб муҳожир фаластинликлар Ғарб давлатларидаги «Фатҳ» идорасига отилиб боришди. Улар улкан ғалабадан фахр ҳиссини туйиб, ушбу ҳаракатга қўшилиш мақсадида боришарди. Шундай қилиб, Фаластин ғалаёни Иордания ва бир қанча араб давлатларида илдиз ота бошлади. Ушбу ҳаракат етакчилари турли мамлакатларда ифтихор билан кутиб олинарди. Хусусан, Ёсир Арофат Қоҳирада Араб қаҳрамони дея танилган Жамол Абдунносир ҳузурида ўзига хос равишда кутиб олинди.

Ўша вақтларда кўплаб оилалар Ғарбий Соҳил билан Сурия, Иордания ё Ливандаги чодирларга бўлиниб, тарқаб кетганди. Улар орасида нафақат 1948 йили ҳижрат қилган оилалар, балки 1967 йилдаги даҳшатли урушда қирғинбаротга учрамаслик учун қочишга мажбур бўлган оилалар ҳам бор эди. Халиллик тижоратчилардан Абу Аҳмаднинг оиласи ҳам ана шундайлардан бири эди. У ўша Абдулфаттоҳ (почча) кўп суҳбатлашиб қоладиган инсонлардан бири. Уларни кўпроқ тижорат борасидаги масалалар боғлаб турарди.

Абу Аҳмаднинг тўрт ўғли бўлиб, улардан бири ўзи билан Халилда қолган бўлса, қолган учтаси 1967 йилги урушда босқинчилардан қочиб, Иорданияга ҳижрат қилишган ва ўша ерда қўним топишганди. Улардан иккиси Иорданиядаги ғалаёнда иштирок этган, бири юк машинаси ҳайдовчиси эди. Урушда қатнашган иккиси Халилга қайта олишмасди. Чунки босқинчилар томонидан ҳибсга олиниш эҳтимоли катта эди. Учинчиси эса гоҳ-гоҳида Халилга келар, аҳли-оиласини зиёрат қилиб турарди. Баъзан отасининг дўконига келганида Абдулфаттоҳ оға билан ҳам суҳбатлашиб, Иорданиядаги фаластинликлар аҳволи ҳақида сўзлаб берарди. Иорданиядаги фаластинликлар ўзаро ифтихор туйишга чорлашарди. Аммо Аҳмаднинг бу борадаги қараши бошқача эди. У келажакда рўй бериши мумкин бўлган ишлардан хавфсирарди. Шубҳасиз, фаластинлик кучларнинг Иордания ҳудудида ўсиб бориши Иордан қиролини ташвишга солиб қўйган. Бундан ҳам баттари, баъзи фидойилар у ерда инсонларнинг ҳис-туйғуларини ҳисобга олмай иш тутиб қўйишган. Гоҳида одамларнинг ҳиссиётларига қарши муболағавий равишда хатоларга йўл қўйишган. Иш фаластинлик қуролли кучлар билан қирол ўртасидаги муносабатни яксон қилишгача олиб бориши мумкин. Аҳмад бу хавотирларини бир неча бор ўртоқлашди. Аммо ўтирганлар бу масалада хотиржам эди. Аксинча, иш бу даражага бориши мумкин эмаслигини таъкидлашарди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.