22.02.2025 08:28

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 32-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 32-қисм. 


***

Онам Маҳмуд акамни уйлантириб қўйиш мавзусини тез-тез очадиган бўлди. Маҳмуд акам уйлар тор эканини, бир хонани ўзи эгаллаб олса, қолган оила аъзоларига зулм бўлишини айтиб, рад жавобини берарди. Яна бирор хона қуриб олгач, уйланишга рози бўлар экан. Товуқ катагидек келадиган учта хонамиз бўларди. Онам уч хонанинг бирига Маҳмуд уйланса, қолган икки хонанинг бирида онам ва опаларим, иккинчисида биз  -  ўғил болалар яшасак бўлишини айтиб, кўндиришга ҳаракат қиларди. Маҳмуд акам рад этиб:  «Бўлмайди. Меҳмон келиб қолса, қаерга олиб кирамиз?», дерди. Онам жавоб берарди: 

- Нима қилибди?! Меҳмон келса, бизнинг хонамизга ё укаларингнинг хонасига кираверади-да... Лагердагиларнинг ҳаммасида шу аҳвол-ку ҳозир! Амакингнинг ҳовлиси ҳам турибди. Хоналари нураб кетгани рост. Лекин таъмирлаб, бирор хонасидан фойдаланиб турармиз.

Амакимнинг ҳовлисидаги яшашга яроқсиз бўлаёзган учта хонани таъмирлай бошладик. Бирига Маҳмуд уйланадиган бўлди. Шу билан меҳмонлар учун ҳам, Ҳасан акам уйланиши учун ҳам хоналар етарли бўлиб қолди. 
Амакимнинг ҳовлисини яроқли ҳолга келтиргач, Маҳмуд акам онамга Ҳасан акамни ҳам қўшиб уйлантириш таклифини берди. Шунда ҳам тўй ҳаражатларини тежаб қолардик, ҳам Ҳасан акам ҳам оила қуриб қолар эди. 

- Ҳасан жуда яхши бола. Менинг ўқишим ва рўзғор деб ўз таълимидан воз кечган. Иним ҳам уйланиб қолса, шодлигим икки ҳисса бўларди, - деди Маҳмуд акам. Онамга ҳам бу фикр маъқул келиб, Ҳасан акамни тўйга кўндириш операциясини бошлаб юбордилар. Бир неча кунлик босим ва тарғиботлардан сўнг Ҳасан акам ҳам тўйга рози бўлди. Энди олдинда асосий иш – келин топиш қолганди. Онам иккисидан ҳам қандай қиз излашини, нима шартлари борлигини сўраб, уларни ҳижолатга қўярди. Улардан жўяли жавоб ололмагач, ўзи яхши оиланинг қизи деб билган танловларни галма-галдан таклиф қилиб чиқарди. Шу билан онам ҳам маҳаллама-маҳалла юриб, келин излашга тушиб кетди. Қайси хонадонда қиз бор деб эшитса, ўша хонадонга бориб, уй тозалигини, оиласидаги урф-одатларни, тартиб-интизомни текшириб келарди. Бундай совчиликка борган хонадонларининг аксаридан норози бўлиб қайтарди. Опам ўқитувчилар олийгоҳида ўқийдиган бир қизни таклиф қилиб қолади. Унинг тўлин ойдек эканини, гўзал хулқини, оиласи ҳам одмигина  -  ўзимизга мос оила эканини эшитган онам совчиликка учиб борди. Уйга қайтганида юзларида рози-ризолик аломати сезилиб турарди. Буёғига икки ёш бир-бирини ёқтирса, тўй эди. Онамнинг қизни таърифлашидан сўнг бош муҳандис рад қилармиди..? Энди келин тарафни рози қилса бас, тўй кунини белгилаш қоларди, холос. Эртаси куни онам яна қиз тарафга бориб, расмий равишда совчиликка келиш ҳақида изн сўради. Қизнинг онаси хўжайини билан енгил маслаҳат ўтказиб олгач, жума куни асрдан кейин келишлари мумкинлигини айтди. 

Жума куни тоғам ва Фотима опамлар ҳам келди. Кўплашиб бориб, икки ёшни учраштириб, бир-бирларига маъқул бўлишгач, Маҳмуд ва Видадни унаштириб қайтишди. Бу хушхабар қиз тарафда ҳам, куёв тарафда ҳам зағрудалар билан нишонланди. Икки ойдан кейинга тўй ҳам белгиланди. Икки ой муддат Видаднинг ўқишини якунлаб олиши, онамни эса, Ҳасан акам учун қиз топишга берилган муддати бўлди.

Онам қанча изламасин, Ҳасанга муносиб қиз топишга қийналарди. Қайси қизни кўрса, ёқтирмай келарди. Унисининг сочи жингалак, бунисининг бурни узун, бошқаси озодамас, яна бошқасининг уйи ивирсиқ,  хуллас, Ҳасанга навбат келганда, онамнинг қиз ёқтириш хусусияти ишдан чиқиб қолди. Кўнглига ўтирадиган келин тополмай, ўзи ҳам қийналиб кетганди. Бир куни Ҳасан акам онамдан: «Она, нега ўзингизни қийнайсиз?», деб сўради. Онам жаҳл билан ўгирилиб, сўзлади: 

-Сенинг кам жойинг борми?  Сенга муносибини излаб топиш осон бўлмайди-да..
Ҳасан акам кулимсираб, деди: 
-Айтмоқчи бўлганим, аслида келин шундоққина ёнингизда, сиздан узоқ эмасди. Беандишалик бўлмасин, деб айтолмагандим. Қийналиб кетганингизга айтсам, сизга енгил қилган бўламан, деб ўйладим. 

Онам Ҳасанга таажуб ила термулиб деди: 
-Нима демоқчисан? Ёки ўзингда бирор... Хўш-хўш.. Ким у?! 
-Суъад, ойи! Қўшнимиз Умму Абд бор-ку, шунинг қизи Суъадни айтяпман. Яхши қиз, тўғрими?  Сизга ёқарди-ку?

Онамнинг юзига табассум юриб,  Ҳасанни эркалата кетди: 

-Оббо бизнинг шайх Ҳасан-е.. Суъадни яхши кўрардим, дегин?  

Ҳасан акамнинг ҳижолатдан юзи қизариб, гапида давом этди: 

-Она, мени яхши биласиз-ку, улғайганимиздан буён  бирор марта ҳам у қизга қарамаганман. Тарбияли қиз деб ўзингиз мақтардингиз-ку. Қолаверса, ўзимиздай ночор оила. Ота-боболаримиз айтишган-ку, «Юртинг лойини юзингга сурт»,  деб (Фаластин халқ масали. Буни киши ўз қариндошидан, қишлоқ-шаҳаридан, маҳалласидан, яъни, ўзи яхши билган ердан уйланишига тарғиб ўлароқ қўлланилади). 

Онам Ҳасан акамнинг гапларини жиддий айтяптими-йўқми аниқлагач, опамлардан маслаҳат олди. Улар ҳам яхши сифатларини айтиб, мақташди, маъқуллашди. Онам эрта тонгда Умму Абднинг хонадонига чиқиб, бор гапни очиқлади. Умму Абд пешингача вақт беришини сўраб, қизининг кўнглига қўл солиб кўрмоқчилигини айтди. Онам пешиндан сўнг яна Умму Абдникига жавоб олиш учун чиқиб кетди. Жавобнинг қандай бўлганини онам ва Умму Абд иккисининг зағрудалари овозидан билиб олгандик. Маҳалла-кўй табриклаш учун хонадонимизга ташриф буюра бошлади. 

Уйимизда аллақачон тўй тараддудлари бошланиб кетганди. Аввалги бир ой ҳеч ким тинмади. Онам икки қуда бўлмишнинг уйи билан ўз уйимиз орасида яшади. Мен, Муҳаммад акам ва амакиваччам Иброҳим тўйнинг асосий хизматчиларидан бўлдик. Тўйнинг авжида онам додлаб йиғлади. Атрофини ўраб олган ака-опаларимга йиғлашининг сабаби отамиз шундай кунларимизда биз билан бирга бўлолмаганини айтиб, ҳаммамизни йиғлатди.

Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.