10.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 20-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 20-қисм. 
*** 

Беҳосдан ўша 1970 йилги «Қора сентябрь» ҳодисалари бошланиб кетди. Ҳодисалар алалоқибат ҳақиқий маъракага айланди, ҳатто унинг садолари бутун минтақага ёйилди. Натижада араб етакчилар майдонида сиёсий ҳаракатларни ўрнидан қўзғатиб юборди.

Умму Аҳмаднинг уч ўғли бўлиб, уларнинг ҳар бири хотин, бола-чақали эди. Улар ҳам ўша Иордандаги мудҳиш воқеага аралашган бўлган. Бола-чақаси хавф остида қолганидан Умму Аҳмаднинг на уйқусида маза қолди, на еб-ичишида. Эри – Абу Аҳмад эса уни тинчлантиришга уринар, Аллоҳга таваккал қилиш лозимлигини айтиб, Унинг қадарда ёзиб қўйганидан ўзгаси бўлмаслигини такрорларди. Шундай бўлса-да у – она! Она қалби бундай ҳолатларда «Хотиржамлик» сўзини уқармиди. Бу халоватсизликлар оқибатида Абу Аҳмад Иорданга сафар қилишга қарор қилади. Шунда Умму Аҳмад эрига нола қила кетди:

-Бир ўзингиз кетмоқчи бўляпсизми?!

-Ҳа!

-Бир ўзингиз борганингизнинг нима фойдаси бор? Хавотирим ошгани қолади-ку...

-Унда нима қил, дейсан?! Қўл қовуштириб олдингда ўтираверайми?!

-Бормайсиз! Унда мен ҳам сиз билан бирга кетаман.

Абу Аҳмад аёлини шаштидан қайтара олмади. Қўл қовуштириб ҳам ўтиролмасди. Фарзандлар-у набира-келинларидан хабар олгани чол-кампир ҳозирлик кўриб, йўлга тушишди. Манзилга етиб борганида ҳақиқий уруш манзарасига гувоҳ бўлдилар. Ҳайдовчилик қилиб юрган ўғли - Саъидникига боришганида уларнинг ташрифидан кўзлар қувонмади. Хавф-хатар икки баробарга ошганди. Чунки ғоят хатарли пайтда - ўт очишлар ҳали тўхтамаган вақтда келишганди. Вазиятнинг оғирлигидан барча эшик деразаларни михлаб, ичидан бор жиҳозлар билан тўсиб ташладилар, токи бирор дайди ўқ келиб уйдагиларни яраламасин, деб. Уй ичида ҳаракатлансалар ҳам, энкайиб юришарди. Кимдир тик ҳолида юргудай бўлса, қолганлар ваҳима қилиб юборар эди:

-Энгишиброқ юрсанг-чи! Ташқаридан дайди ўқ келиб, миянгдан дарча очиб қўймасин тағин!

Бир бурчакда яшириниб ўтиришар экан, Абу Аҳмад кампирига «Уйингда хавфсиз ўтиргандинг, ёқяптими? Нариги хонага бир чиқиб келасанми, тур!» дея ҳазил қиларди. Умму Аҳмад дарров «Эътиборингиз учун, узоқда туриб хавотирдан ўлай дегандан, шу ерда - болаларимнинг олдида бўлганим минг карра яхши, шу мен учун хавфсиз», дея жавоб берарди. Абу Аҳмад ҳам-«Ҳа... Бўпти-бўпти, ишқилиб, охири бахайр бўлсин! Ё Сатир! Ё Сатир!» дея ҳали у набирасининг бошини эгишга, ҳали бунисини ўрнидан турмасликка буюриб ўтирарди.

Жараш ва Ажлундаги ҳодисалар ниҳоясига етиб, қўзғолончилар Ливанга кетишиб, тинчлик қайтиши биланоқ Абу Аҳмад кампирини олиб, Халига йўл олди. Яна дўконига чиқа бошлади. Тужжор қўшнилари билан суҳбат қураркан, у ерда ўз кўзлари билан кўрган ҳолатларни сўзлаб берарди. Тинглаётганлар соғ-омон қайтганлари билан муборакбод этишар, Аллоҳга ҳамдлар айтишарди. Кўп вақт ўтмай Араб қаҳрамони дея танилган, кўпчилик фаластинликларнинг умидига айланган Жамол Абдунносирнинг ўлим хабари радиоларда янграй бошлади. Бу хабар фаластинликларга гўё осмондан урган чақмоқ каби бўлди. Бунинг оқибатида бутун ватандошлар шаҳари-ю қишлоқлари, лагерлари-ю чодирларида катта намойишларга чиқишди.

Соҳилдаги лагерларда ўқув масканлари бир неча кунга тўхтаб қолди. Озиқ-овқат дўконлари ёпилиб, очлик эълонлари бўлди. Ўқитувчи-мураббийлар-у кўплаб зиёлилар бошчилигида катта намойиш парадлари ўтказилди. Намойишга чиққанлар марҳум раҳбарнинг суратини, арабий шиъорлар ҳамда Жамол Абдунносирга раҳмат сўралган битикли дуолар туширилган плакатлар кўтариб олишган ҳамда унинг эзгу ишлари ва мақтовга сазовор сифатларини айтиб, мақташарди. Бу намойишларда қатнашганларнинг аксар қисми лагерларда яшовчилар бўлди. Эркаклар йиғлар, аёллар дод-вой солишарди. Намойиш авжида чўққига етганди. Биз ҳам ўқувчилар сифатида катта-ю кичик, ўғил-у қиз бўлиб уларга қўшилдик. Намойишчилар «Яшасин араб бирлиги!», «Фаластин араб ўлкасидир!», «Қонимиз ҳам, жонимиз ҳам фидо, эй Жамол!», дея жўр бўлишарди.

Шаҳарнинг марказий Умар Мухтор кўчасига ўтишлари билан у ерда босқинчиларнинг катта қўшини кутиб турарди. Аввалига намойишчиларни бошлари узра ўқ узиб, қўрқитиш орқали тарқатвормоқчи бўлишди. Аммо намойишчилар ортга қайтмади, қўлларига тош олиб, босқинчиларга отишди. Илгарилаб бораётган оломонни кўрган босқинчилар уларнинг оёқларига ўқ уза бошладилар. Шунда яраланганларни «Шифо» касалхонасига ва 1967 йилдан ўша вақтгача хизмат кўрсатиб келаётган хайрия жамғармаси шифохонасига олиб борилганди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.