07.03.2025 08:03

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 36-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 36-қисм. 


***

1973 йилги ғалаба биз, фаластинликларга ҳеч нарса бермаган бўлса-да, барчамизнинг ҳиссиётларимизда стратегик бурилиш нуқтаси бўлиб қолди. Тўғри, Исроил завол топмади. Юртимиздан кетмади. Ватанимизга қайтмадик. Ҳатто босиб олинган ерларимиз ҳам қайтариб олинмади. Аммо Миср қўшинларининг қўли баланд келиб, Сувайш каналини ўз назоратига олгани, бу сафар Исроил мағлуб бўлгани бизни қувонтирар эди. Биз ўша вақтларда Исроилни енгилмас армияга эга, деб бутун вужудимиз билан ишонардик. Бундай сохта қаҳрамоннинг араб қўшинлари томонидан мағлуб бўлиши хурсанд қилмай қўймасди. Бундан фахрланганимиздан бошимиз кўкка етай деганди.

Аммо бу ҳиссиётларимиз Анвар Садатнинг Исроил билан қайта битим тузиш эълон қилинганидан сўнг аста-секин тўзий бошлади. Унинг Исроилга ташриф буюришга тайёр эканини эшитганимизда, қанчалик тушкунликка тушганимизни кўрса эди. Радиодан Садатнинг Исроил расмийлари олдида туриб сўзлаётган нутқи биз, фаластинликларни, аёвсиз қамчилаётгандек туюларди. Телевизори борлар кўзлари билан кўриб туришарди. Бизда телевизор йўқ эди, аммо радиодан келаётган овоз азоблаш учун кифоя қиларди. Бўлаётган воқеалар чинми ёки ёлғонми, идрок қилолмайдиган даражада тушкунликка тушганмиз.

Бу битим нафақат фаластинликларни, балки араб оламини ҳам қайғуга солиб, турли низоларга сабаб бўлганди. Фаластинликлар сифатида Садатга ва у тузган битимга қарши овозни қўллайдиган бўлдик. Боғдоддан узатиладиган Садатга қарши тўлқинни севиб тинглайдиган бўлдик. Бу вақт бизнинг оиламизга нисбатан таъсир қилган муҳим жиҳат — Мисрнинг фаластинлик талабалар учун эшикларини ёпиши бўлди. Садат ва унга қарши кучлар орасидаги зиддият шу ҳолатга олиб келганди. Ундан ташқари, мисрлик ёзувчи Сбаъийни фаластинликлар томонидан ўлдирилгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам Садатнинг фаластинликлар билан алоқасини заифлаштирди ва у талабаларни қабул қилмайдиган қарор қабул қилди.

Муҳаммад акам Ғазодаги ўқишини якунлаб турганди. Шу йили Миср олийгоҳларидан бирига қабул қилиниш арафасида эди. Иқтисодий аҳволимиз ҳам анча яхшилангани боис, уни ўқишга юборишга имконимиз етар эди. Чигал вазиятга кириб қолган Муҳаммад акам Ғарбий соҳилдаги «Бирзейт» олийгоҳида ўқишга қарор қилди. Бу олийгоҳ Ромаллоҳга яқин жойда жойлашган. У ўқишга топшириб, қабул қилинди ва йил бошиданоқ ўқишга қатнай бошлади. Дўстлари билан Ромаллоҳдан уй ижарага олиб яшади. Шундан сўнг, ойда бир марта уйга келиб, бир-икки кун туриб кетадиган бўлди.

1948 йилда босиб олинган ерларда фидоий ҳаракатлар тўхтамаганди, аммо катта суратда пасайганди. Ватан учун кураш сиёсий ва касаба тусига айланиб қолганди. Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда фаластинликларни ҳам сайловларда иштирок этишга рухсат бера бошлади. Шу тарзда минтақанинг турли ҳудудларида сиёсий рамкалар шакллана бошлади. Халилда «Фатҳ» ҳаракати намоёндалари Фаҳд Қовасимий бошчилигида «Мусулмон биродарлар» жамоаси билан Иордания Ғарбий соҳилда ҳукм юритганидан бери раислик қилиб келаётган шайх Жаъбарига қарши бирлашишди. Сайловда ғолиб бўлиши мушкуллигини сезган шайх Жаъбари сайловдан четланди. Шундай қилиб, «Фатҳ» ва «Ихвон»чилар сайловда ютиб чиқишди. Натижада «Фатҳчилар» ва «Ихвончилар»дан иборат фикрий ва сиёсий қоришиқ партия ҳосил бўлди.

Қолган ҳудудларда ҳам уларга тобе бўлган таниқли шахслар ғалаба қозонганди. Булардан бири Набулсдаги Бассам Шикъа эди. Бир вақтнинг ўзида Ғарбий соҳилнинг турли шаҳарларида «Муҳандислар касабаси», «Тиббиёт касабаси», «Қонуншунослар уюшмаси» каби меҳнат уюшмалари ҳам шакллана бошлади. Бу ерларда сайловлар ўтказиларди. Сайловда рақобат асосан Ёсир Арафат бошчилигидаги «Фатҳ» ва бошқа сиёсий кучлар ўртасида кечарди.

1970-йилларнинг охирларида Миср ғазолик талабалар учун таълим эшигини ёпгач, Ғазодаги етакчи шахслар йиғилиб, Ғазонинг ўзида олийгоҳ барпо қилиш масаласини муҳокама қилишди. Бу ишга изн бермаган Исроил ҳукумати билан музокаралар бошланди. Аммо бу масала у қадар мураккаб эмасди. Ғазода Азҳарнинг диний маъҳади ичида кичик таълим маскани очилиб, тунги таълим тизимида фаолият юритди. Бу маскан гўё маъҳадга тобе каби кўрсатилиб, секин-аста кенгайтириб борилди. Исроил эса буни расман эътироф этмади ва доим бу масалада қийинчиликлар туғдирди.

Ғазолик етакчилар олийгоҳни расман очиш учун ташқаридан — «Озодлик» ҳаракатидан ва араб давлатларидан моддий ёрдам сўрашди. Айни пайтда Миср ва Исроил ўртасидаги «Кэмп-Дэвид» келишуви амалга оширила бошлади. Шу муносабат билан Исроил 1967 йилда босиб олган ерларни тўлиқ эгаллаб, якка ҳокимликни ўрнатиш билан бирга инфратузилмани ривожлантириш ишларини ҳам бошлади. «Шаҳарни бошқариш» атамаси эса аслида ҳарбий ҳокимиятнинг янги номидан бошқа нарса эмасди. «Фатҳ» каби гуруҳларга сиёсий имкониятлар очилганини ҳисобга олмаса, сезиларли ўзгариш йўқ эди.

Шу вақтларда исломий фаоллар Усмоний қоидалар асосида муассасалар ҳамда уюшмалар очилишини талаб қила бошлашди. Шундан сўнг уларга «Исломий уюшма», «Мусулмон ёшлар», «Исломий жамият» ва хайрия жамғармаларидан тортиб, болалар боғчалари ва тиббий марказларгача рухсат берилди. Мана шу уюшмалар орқали аҳолига хизмат кўрсатишди ва исломий ғояларни тарқатишди.


Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.