05.01.2025 09:35

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 18-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 18-қисм. 


Онам уларга «Нима хоҳлайсизлар?!. Нима керак сизларга..?! Нима хоҳлайсизлар биздан?!» дея бақира кетди. Зобитларнинг бири тўғри акамга яқинлашиб, савол-жавоб қила бошлади:

- Маҳмуд сенмисан?

- Ҳа, менман Маҳмуд!

- Сен билан маҳкамага боришимиз керак. Озгина суҳбат ўтказамиз, холос.

Онам додлай бошлади:

- Нима хоҳлайсизлар ўзи?! У эндигина Мисрдан келдику ахир?!

- Маҳкамада суҳбат ўтказишга чақиришяпти. Эрталаб қайтиб келади.

Зобитлар Маҳмуд акамга ўзлари билан бирга юришини айтишди, акам кийимларини алмаштириб чиқмоқчилигини айтса ҳам, кўнмай олиб кетишди. Онам ҳам бирга бормоқчи эди, йўлини тўсиб, эшикни ўзлари ёпишди. Ташқарида то маҳалладан чиқиб кетгунларига қадар мошиналар овози эшитилиб турди. Ўша кеча уйқу тотмадик. Онам туни билан йиғлаб чиқди. Шўрлик ич-ичидан эзиларди:

-Мен бечорага хурсандчилигимни ҳам тоттиришмади-а.

Фотима опам билан Ҳасан акам: «Бир неча саволлар сўраймиз, кейин эрталаб уйга қайтади, дейишдику», - деб онамни юпатмоқчи бўлишарди.

- Оҳ... Савол... Яна қанча саволлари бор буларнинг... Шу саволини кундузи чақирув қоғози юбориб сўрашса бўлмасмиди... Юрагимни ёрмасдан... Яна қанча саволи бор буларнинг... Эй Худойим... Шўрим қурисин! Эҳ... Маҳмуд, Маҳмуд... Нима қилгандинг? Нималар қилгандинг, жон болам?..

Тунни шундай ўтказдик. Тонг отиб, карантин вақти тугаши биланоқ онам Ҳасан акамни олиб, маҳкамага йўлга тушди. У ерга бориб, ичкарига кирмоқчи бўлганида, эшик олдидаги қўриқчилар қўйишмади. Онам бўлган ҳодисани айтиб, тушунтиришга урунарди. Аммо улар араб тилини тушунмагани учун фақат ёдлаб олишган ибора билан «Руҳ мин ҳўн», яъни «Кет бу ердан!» дейишарди, холос. Ҳижолатли вазиятни кўрган Ҳасан акам онамни тушунишмаётганини, барибир зобитлар киришга рухсат бермасликларини, ундан кўра йўлнинг нариги бетида Маҳмуд акамнинг чиқишини кутиб туришлари яхши фикр эканлигини айтиб, уни кўндирди. Иккиси маҳкама эшигининг рўпарасида ўтиришаркан, соат кетидан соатлар ўтса ҳам Маҳмуд акам чиқмасди. Тоқати тоқ бўлган онам ҳар гал яна киришга уринганида Ҳасан акам шаштидан қайтариб, кутишга кўндирарди. Биз эса уйда қолиб, онам ва Ҳасан акамлар Маҳмуд акам ҳамроҳлигида уйга кириб келишларини кутиб ўтирардик. Ўша куннинг шом вақтига яқин онам билан Ҳасан акам иккиси оёқларини судраб, юзларида маҳзунлик билан кириб келишди. Онамни авваллари бу каби оғир аҳволда кўрмагандим. Ўта кучли маҳзунликда кириб келганларидан саволга ўрин қолмаганди. Лом-мим дея олмадик. Ёпинчиқларимизни юзимизнинг ярмигача кўтариб, жим ётардик. Ҳасан акам онамнинг ёнига келиб ўтирди ва эртанги кун режаси ҳақида гапириб, онамга тасалли берди:

-Худо хоҳласа, эртага бирор адвокат ёллайман. «Қизил Ҳоч»дагиларни ҳам бу ишдан хабардор қиламан.

Онам ўзи ҳам бирга боришини айтиб, рози бўлди.

Эрта тонгда режалаштирган ишни амалга ошириш учун яна кўчага отланишди. Бир адвокат ёнлаб, «Қизил Ҳоч» ташкилотига ҳам хабар беришди. Кўп югуришлар ортидан фақат кутишдан бошқа чора йўқлигини англагандик. Бир ойсиз ҳеч қандай маълумот ололмадик. Фақат кутиш, кутиш ва яна кутиш керак бўлди. Бошидаги қора кунлар ўта оғир ўтди. Биз ғазоликлар мусибат қанчалар катта бўлмасин, мослашишга кўникиб кетганмиз. Бошида бироз сабр қилсак, сўнг олдинги мусибатлар каби мослашиб кетаверардик. Бу иш ортидан ҳамма режаларимиз ҳавога учганди. Ҳасан акам савдо-сотиғи давом эттирди, мен ва Муҳаммад акам тоғамнинг корхонасидаги тозаловчилигимизни. Кун ора онам Ҳасан акамни олиб, «Қизил Ҳоч» жамғармаси бориб, Маҳмуд акамдан бирор янгилик борми, йўқми суриштиришарди. Шу ҳафта, кейинги ҳафта, ўн кундан кейин каби ваъдалардан бир ой ўтиб, адвокатимиз ниҳоят Маҳмуд акамнинг иши маҳкамага топширилишини айтди. Афтидан, қўйилаётган айблов қўрқадиган даражада катта эмаслигини ҳам айтиб, бизни хотиржам қилишга уринди. Яна икки-уч ҳафта кутсак, иш бир тарафга ҳал бўлишини билдик. Икки ҳафта ўтиб, Маҳмуд акам маҳкамага юборилди, у ерда иш яна икки ойга чўздирилди.

Яна икки ҳафта ўтиб, «Қизил Ҳоч»дагилар Маҳмуд акам билан ҳар ойда бир марта Ғазо марказидаги қамоқхонада учрашишимиз мумкинлигини айтишди. Келаси ой бошидан - жума кунининг эрта тонгидан зиёратига боришимиз мумкин экан.

Ҳасан акам ўн биринчи синфни якунлаган эди. Уни четга юборишни оилавий шароитимиз кўтармагани сабабли хайрия ташкилотларига қарашли олийгоҳнинг «Саноат» коллежига кириб ўқишга рози бўлди. Шундай қилиб, «Чилангарлик» бўлимига қабул қилинди. Шу йилнинг аввалидан ўқишни бошлаши лозим эди. Агар улгуриб қолса, икки йилдан кейин «Саноатчи» дипломи билан битирарди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.