30.01.2025 07:32
АҚШда 1 февраль “Жаҳон ҳижоб куни” сифатида расман тан олинди
АҚШнинг Нью-Йорк штати Сенати 1 феврални расман “Жаҳон ҳижоб куни” сифатида тан олиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор маҳаллий жамоатчилик орасида диний эркинлик ва хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида баҳоланмоқда.
Қонун лойиҳаси нью-йорклик сенатор Роксана Персо томонидан таклиф этилган бўлиб, унда АҚШ ва Нью-Йорк аҳолиси ўз дин ва эътиқодларини эркин амалга ошириш ҳуқуқига эга экани таъкидланган.
Қарор матнида ҳижобнинг ислом анъанасидаги ўрни ҳақида шундай дейилади:
"Ҳижоб – аёлларнинг қадр-қиммати ва ҳурматини тарғиб қилувчи анъанавий кийим бўлиб, у иффат ва диний эътиқодга ҳурматни сақлашга хизмат қилади."
Америка-Ислом муносабатлари кенгашининг (CAIR-NY) Нью-Йорк бўлими директори Афаф Нашер бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бундай қарор маданий ва диний хилма-хилликни тарғиб қилишда муҳим қадам эканини таъкидлади.
"Бу ҳижобли аёлларнинг овозини эшитиш, улар дуч келаётган нотўғри қарашлар ва муаммоларни ҳал этиш учун муҳим имкониятдир", дейди у.
“Жаҳон ҳижоб куни” қандай пайдо бўлган?
Бу кун 2013 йилда Бангладешлик Назма Хон ташаббуси билан таъсис этилган. АҚШда истиқомат қилувчи Хон ўзи ҳижоб туфайли кундалик ҳаёт ва таълимда дуч келган қийинчиликлардан келиб чиқиб, “Жаҳон ҳижоб куни” лойиҳасини бошлаган.
Ҳозирда 1 февраль бутун дунё бўйлаб ҳижобли аёлларга нисбатан тушуниш ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш куни сифатида нишонланади. Бугунги кунда 45 мамлакатда 70 дан ортиқ кўнгилли ташкилотлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб келмоқда.