06.04.2025 08:42
283

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 41-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 41-қисм. 


Амакиваччам Иброҳим ўрта мактабни тамомлаб, олийгоҳ остонасига қадам босиш арафасида соҳилдаги икки университетдан бирини танлаш олдида қолди. Учинчи ихтиёр — яқиндагина очилган, Ғазодаги йигирмата талабадан иборат Исломий олийгоҳ эди. Йил аввалида яна бор-йўғи ўн талаба қўшилган экан. Шундай бўлса-да, "Шариат" ва "Усул ад-дин" факультетларига "Араб тили" факультети ҳам қўшилганди. Ушбу янги асос солинган, ноқонуний университетчанинг келажаги мажҳуллигича қоларди. Ундаги талабалар тушликдан кейин, расмий олийгоҳ талабалари дарсларни тугатиб қайтгач, боришарди. Мударрислари эса Азҳар мактабининг ўқитувчилари бўлган.

Иброҳим ўқишни ҳам кўз очиб-юмгунча тамомлаб, имтиҳондан 91 фоизлик натижа билан муваффақиятли ўтганди. Онам Маҳмуд акам билан Иброҳимнинг олийгоҳда оладиган таълими ҳақида суҳбатлашиб, уни "Березит" университетига киритишни маслаҳатлашди. Шу куни кечаси оила дастурхонида жамланиб ўтирар эканмиз, Маҳмуд акам Иброҳимни хонасига чақирди. Унга уч кун ичида Ромаллоҳга боришини айтди. Биргалашиб "Березит" университетига ҳужжат топшириб, Муҳаммад акам билан бирга ўқишини эълон қилди.

Иброҳим эса бу университетга топширишга иккиланаётганини айтди. Маҳмуд акам унга: 

— Ўқишинг учун моддий аҳволимиз кўтармайди, деб ўйлаяпсан чоғи?! Ундай бўлмаса, айтчи, қайси олийгоҳга топширмоқчисан? 

— Ғазодаги янги очилган Исломий университетга топширсам керак, — деди Иброҳим иккиланиб.

Маҳмуд акам таажжубланиб: 

— Исломий университетга! Азҳар мактаби ичида очилган Исломий олийгоҳни айтяпсанми?! 

— Эҳтимол... эҳтимол, — деди Иброҳим.

Бу суҳбатни онам ҳам айвонда тинглаб турганди. Хонага кириб, гап бошлади: 

— Сенга нима бўлди, Иброҳим?! "Березит"да ўқишдан харажатлар сабабли қочяпсанми? Болам, сен ҳам ўз боламдайсан. Бирингизга етгани, иккингизга ҳам етади. Ризқимиз Яратганнинг қўлида-ку! Шуни ҳам ташвиш қилиб юрасанми? Худога шукрки, иқтисодий аҳволимиз ҳам анча яхши. Бўлди, ҳеч қандай гапни эшитишни истамайман. "Березит"га топширасан. Гап тамом, вассалом.

Онам Иброҳимнинг эсли-ҳушли, масъулиятли йигитлигини яхши биларди. У бизнинг оилага оғирини солгиси келмаслиги сезилиб турарди. Шунинг учун ундаги ҳижолатчиликни кўтариш учун қатъий туриб олганди. Иброҳим йиғлаб юборди. Кўз ёшларини дарров артиб, деди: 

— Аллоҳ рози бўлсин, келинойи! Мен Ғазодан ташқарига чиққим келмаяпти.

Маҳмуд акам чўнтагидан Иордания пулидан иборат қоғоз пулларни чиқариб, Иброҳимга узатди: 

— Мана бу биринчи семестрга ҳам, ўқишга топширишга ҳам етадиган, камига Ромаллоҳга бориб, бир мазза қилиб айланиб келишимизга ҳам етадиган пул. Ушлаб тур, ука!

Иброҳим рад этиб, Маҳмуд акамнинг қўлини ортга суриб қўйди. Онам ҳаспўшлай кетди: 

— Хой бола! Ол, дедим! Биз сенинг Муҳаммад билан "Березит"да ўқишингни хоҳлаймиз. У ёғига ўзинг биласан. Майли, кўнглинг чопган ўқишга топшир. Ол-ол, ўғлим!

Иброҳим бошини сараклаб пулни олди. Аммо Ғазодаги ўқишга топшириш қароридан воз кечмади. Чунки Ғазонинг ўзидаги ўқиш ташқаридаги университетларнинг ярим пулига битарди. У барибир оилага оғирини солишни истамасди. Ғазода қолса, ўқишдан ташқари вақтларда ишлашга ҳам имкон бўларди.

Чиндан ҳам, Азҳар мактабидаги ноқонуний университетга топшириб, "Араб тили" факультетига кирди. Бу ҳақда биринчи бўлиб менга айтганди. Ортиб қолган пулни менга тутқазиб, онамга қайтариб беришимни, ўзи топширгани ҳижолат тортаётганини айтди. Мен пулни олмадим. Унга шундай дегандим ўшанда: 

— Мени нега аралаштирасан? Сен ҳукумат билан орангга мени аралаштирмай, ўзинг бориб бер.

У эса: 

— Ҳеч бўлмаса, мен билан бирга кир, — деб илтимос қилди.

Олдига тушиб, ошхонага кирдим. Онам овқат тайёрлаётгандилар. 

— Онам, Иброҳимни табриклашингиз мумкин — Исломий университетга қабул қилинди. "Араб тили" факультетига кирибди.

Онам ўгирилиб қаради. Ҳали бир калима демай туриб, Иброҳим гап бошлади: 

— Келинойи, Аллоҳ рози бўлсин! Манабу ортиб қолган пул. Ўқишга ҳам кириб олдим, Ўзига шукр!

Онамни кўзлари ёшга тўлди. Юзидан фахр ҳиссини туяётгани сезилиб турарди. Пулни олди, аммо беш динорини қайтариб бериб, ўзингга ҳам керак бўлади, деб чўнтагига солиб қўйди.

Бу пайтлари Исломий университетда таълим олиш фахр-ифтихордан ўзга нарса бермасди. Бошқа олийгоҳларда ўқиш фурсати бўлмаган талабаларгина бу даргоҳда — ўша Азҳар мактабига яширинган, мактаб ўқувчилари синфларни бўшатгандан сўнг бориш имкони пайдо бўладиган даргоҳда ўқиши мумкин эди. Биринчи очилган йили йигирма талаба "Шариат" ва "Усул ад-дин" факультетларини, ўнтага яқин талаба "Араб тили" факультетини тамомлаганди.

Талабалар дарсларни мактаб синфларида олишарди. Устозлар ҳам мактабда дарс берадиган ўқитувчилар бўлган. Ҳар куни, худди мактабдагидай, ўзгаришсиз тартибда тўрт-беш дарс ўтилади. Иброҳим мана шундай таълим муҳитига кирганди. Маҳмуд акамдан Мисрдаги олийгоҳ ҳақида, Муҳаммаддан "Березит" университети ҳақида эшитганлари билан таққослаганда, буткул фарқли муҳитга тушганди. Аммо шу даражада қарори қатъий эдики, оилага оғирини солмаслик учун бундан бошқа йўл кўрмасди.

Бир вақтнинг ўзида савдо-сотиқ билан ҳам шуғулланишга имкони бор эди. Ўқиши тушликдан сўнг бўлгани ишлаш имконият эшикларини очганди. Ишлаш ҳақида оила даврасида сўз очса, қиёмат қоим бўлишини яхши биларди. Шунинг учун онамнинг ҳам жаҳлини чиқармай, Маҳмуд акамнинг нафсониятига тегмай, ишлашга бирор йўл ахтарарди.

Масжидга қатнайдиган дўстларидан бири қурилиш соҳасида ишларди. Ўша дўсти босиб олинган ерларга бориб ишлашни хуш кўрмасди. Шунинг учун Ғазода қолиб, оз топса ҳам қаноат қилиб, қурилишда ишларди. Иброҳим дўстига бирор иш топилса хабар беришини, ишлашга тайёрлигини айтди. Қисқаси, тушликкача ёрдамчи бўлиб ишлаши мумкинлигини айтди.

Уйга келганида оила аъзоларига пул топиш учун эмас, бўш вақтларида дўстидан ҳунар ўрганмоқчилигини айтганди. Ҳеч ким қаршилик қилолмади. Чунки фаросатли амакиваччам, ҳеч ким рад қилолмайдиган суратда етказганди.

Иш бўлган кунлари эрта тонгда чиқиб кетарди. Агар қурилиш қилинадиган хонадон уйга яқин бўлса, иш кийимида чиқиб кетарди. Келиб, ўқиш кийимини кийиб кетарди. Узоқ бўлса, ўқиш кийими ва китобларини ўзи билан олиб кетарди. Вазият тақозосига кўра, ишдан сўнг ё кийимларини алмаштириб оларди, ё иш кийимида боришга мажбур бўларди.

Жума кунлари ҳам эрталабдан кечгача ишларди, фақат орада жума намозига чиқиб келарди. Шундай қилиб, Иброҳим ўзининг чиқимларини деярли ўзи кўтара бошлади. Кўп ўтмай, иш ва ўқишга қатнашни енгиллатиш мақсадида ўзига велосипед ҳам сотиб олди.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.