17.03.2025 07:24

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 38-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 38-қисм. 


Ғарбий соҳил бўйлаб келгинди яҳудийлар кўпайгандан-кўпайди. Юзингизни қаерга бурманг, мусодара қилинаётган ерга, келгиндилар уй-жой қураётганига кўзингиз тушади. Бу ерларни худди ўз ерларидай эгаллаб олгандилар. Бунинг оқибатида келгиндиларга қарши намойиш юришлари бошланиб кетди. Ҳодисалар кескинлашиб, тош ва оловли шиша идишлар улоқтириш билан қаршиликлар бўлди. Қаршиликлар айниқса Ғарбий соҳилдаги лагерларда авж олганди. Хусусан, Байтлаҳм яқинидаги Қуддус билан Халил ўртасида жойлашган лагерларда жиддий қаршиликлар юзага келди.

Ушбу кескинлик фонида кўчманчиларнинг яширин экстремист яҳудий гуруҳи шаклланиб, бир қатор фаол миллий арбобларни зобитлар кўмаги билан портловчи воситалар орқали ўлдиришни бошлади. Улар бир қатор арбоблар ҳақида керакли маълумотларни топишга муваффақ бўлишди. Уларнинг машиналарига, гаражларига портловчи мосламалар ўрнатишди. Шу куннинг эрта тонгидан бу мосламалар портлай бошлади. Айримлари яраланди. Босқинчи кучлар ўзларини гўё қолган бомбаларни топгандай тутиб, зарарсизлантиришди. Мазкур ҳодисалар босиб олинган ҳудудларни ларзага солиб, халқ фаолиятидаги тушкунлик ҳолатини кескин ошириб юборди. Бунинг муқобилида қарши кучларнинг амалиёти ҳам катта суратда пасайиб кетгани кундек равшан эди.

Ромаллоҳ яқинидаги «Беризийт» олийгоҳи қаршилик ҳаракатининг фаол марказларидан бири эди. Муҳаммад акам шу каби ёмон вазиятда Ромаллоҳдаги «Беризийт» олийгоҳига қабул қилинганди. У чор атрофи ўралган Ғазодан буткул янги оламга тушиб қолганди. Ўша вақтлари бу олийгоҳда бирорта ҳам бошига рўмол ўраган талаба қиз бўлмасди. Ҳамма талаба қизлар яланғочроқ кийинадиган, йигитлар билан аралашиб юришдан ҳижолат бўлмайдиган, ҳазил-ҳузул қилиб, ҳатто зайтун боғларида яширин учрашиб юришдан тап тортмайдиган муҳит эди. Жамият ҳудди Ғарб давлатларидек барча эшиклари очиқ бўлган.

Муҳаммад акамнинг ушбу муҳитга мослашиб олиши мушкул масала эди. Чунки Ғазода илгари учратмаган муҳитга тушиб қолгани, диний тарбияси йўл қўймайдиган мана бундай жамиятга рози бўлиб яшаши қийин масала эди. Босқинчи кучлар билан ҳар-ҳар замон аланга олиб турадиган тўқнашувлар Фаластин майдонида бир қадам силжишни келтириб чиқараверарди. Қарши кучлар орасида - Ғазо лагеридай жойда ўсиб-улғайган Муҳаммад акамга бундай ҳар замон рўй бериб турадиган тўқнашувларни ҳазм қилиш, албатта, қийин бўлмайди. Ғазога нисбатан бу ердагилари хамирдан бир патир эди, холос.

Таълим оладиган олийгоҳи яқинидаги уйларнинг деярли барчаси эски талабалар томонидан ижарага олиб бўлинган. Шунинг учун бир қанча талабалар билан шерик бўлиб, Ромаллоҳдан уй ижарага олишди. Натижада ҳар куни ўқишига сафар қилишга тўғри келарди. Тўғри, у қадар узоқ масофа бўлмаса-да, бир дарсдан кейинги дарс орасида ўша ерда қолиб кутишга тўғри келарди. Улар ижарада шерик бўлган олти киши орасида ҳам бир-бирига тўғри келмайдиган қарама-қаршиликлар бўлган. Муҳаммад акам уларнинг орасида диёнатлироғи бўлиб, қолганларнинг қадриятларга содиқ эмаслигидан азият чекарди.

Масалан, уларнинг бири худосиз ғояларга тобе эканини очиқ айтарди. Олийгоҳ талабалари орасида бу оқим энг кўзга кўринган оқимлардан бўлгани учун тап тортмай худосизлигини айтаверар, Муҳаммаднинг дин-диёнати ва ибодатини масхаралашдан чўчимасди. Яна бир хонадоши эса мутлақо ўқиш билан қизиқмасди. Бор ташвиши қизлар билан гаплашиш эди. Қачон суҳбат очилса, қизлар ҳақида, уларнинг жамолию қадди-қоматидан сўз бошларди. Қандай қилиб уларни аврашидан тортиб, қандай журъатли ишларигача, нима деб мактублашганларию, бир вақтнинг ўзида уч-тўртталаб қиз билан гаплашиб юргани ҳақида гап сотарди. Камига улар билан нималар ёзишганини овозини баланд қилиб, грамматик хатоларга лиқ тўла хатларини ўқиб ҳам берарди. Қолганлар бас қилишни сўраганига парво ҳам қилмай, юзсизларча ишида давом этаверарди.

Иқтисодий аҳволимиз яхшилангани боис Муҳаммад акамнинг харажатлари қийинчилик туғдирмаган. Шундай бўлса-да, у харажатларини тежаб юрарди. Кун бўйи ўқув давом этадиган кунларигина кўчадан овқатланиши мумкин эди. Имкон қадар харажатларни тежаб, уйга сарфлашни истарди.

Муҳаммад акам ўқув даргоҳида масжид бўлмагани боис пешин, аср ва ҳатто баъзан шом намозини ўқишга қийналарди. Намоз ўқиш учун университет ташқарисига чиқиб, зайтун боғига кириб чиқишга тўғри келарди. Кўп вақт ўтмай, яқинроқда бир масжид борлигини билиб, унинг яқинида турувчиларнинг аксарияти насронийлар бўлса ҳам, ўша ерга бориб ўқиб келадиган бўлди. Айнан шу масжидга қатнаш натижасида ўзи таълим оладиган маскандаги ўнлаб намозхон йигитлар билан танишди. Мана шу диёнатли, тақводор йигитлар билан ўзига ғариб бўлган муҳит орасидан муносиб муҳит топганди.

Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.