Шри-Ланкада бепул туристик виза билан ноқонуний бизнес бошлаган рус ва украинларнинг ижтимоий тармоқлардаги “фақат оқ танлилар учун” қабилидаги эълонлари норозиликларни келтириб чиқарди. Бунинг ортидан барча Украин ва Россия фуқароларига 8 мартга қадар мамлакатни тарк этиш ёки виза учун қайта мурожаат қилиш буюрилди.
Тел-Авив Ғазо секторини қайта тиклаш масъулиятини Фаластиннинг араб қўшнилари, хусусан, БАА зиммасига юкламоқчи. Бироқ минтақадаги асосий давлатлар, эксклав Исроил назорати остида қоладиган бўлса, маблағ ажратмаслиги мумкин.
Ироқ савдо вазири Атр ал-Ғурарий расмий Боғдод иқтисодий ислоҳотларни якунлаб, сармоявий муҳит яхшиланганидан сўнг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш учун зарур шартлар бажарилганини тасдиқлади. Мамлакат 2004 йилда ЖСТга яъзо бўлиш учун ариза берган эди.
Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон-Сик Пхеньянни озиқ-овқат эвазига Россия учун снарядлар ишлаб чиқараётганликда айблади. Август ойидан бери Пхеньян Россияга 3 миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини сиғдира оладиган 6700 га яқин контейнер жўнатди, деди жанубий кореялик вазир.
Жаҳон миқёсида турк сериалларига бўлган талаб охирги уч йилда 183 фоизга ортиб, умумий 1 млрд кишига етди. 2023 йилда Туркия сериал ишлаб чиқариш бўйича АҚШ ва Британиядан кейинги учинчи давлатга айланди. Сериал экспортидан тушган даромад эса 600 млн долларга етгани, яқин орада бу рақам 1 млрд доллардан ортиши тахмин қилинмоқда.
“Толибон” томонидан қурилаётган 285 километрлик Қўштепа канали Амударёдан ҳар йили 4-4,5 куб километр ёки 12-13 фоиз сувни олади. Бу эса Ўзбекистон ва Туркманистонда сув таъминотини 80 фоиздан 65 фоизга тушишига олиб келади. Афғонистоннинг ҳеч бир халқаро трансчегаравий ҳужжатни имзоламагани музокараларни қийинлаштираётгани айтилди.