Фарғона вилоятидаги мактаблардан бирининг 11-синфида таҳсил олувчи Дилафруз Жўрабоева Microsoft компаниясининг ёшларга мўлжалланган Microsoft Learn Student дастури амбассадори – рамзий элчиси бўлди. Бу ҳақда ахборот технологиялари соҳасида муваффақиятга эришаётган аёлларга бағишланган IT Ladies Uzbekistan журнали хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур дастур компаниянинг ёшларга мўлжалланган лойиҳаси бўлиб, бутун дунё бўйлаб технология соҳасида билимли, фаол ва интилувчан ёшларни саралаб олади. Дилафруз ахборот технологиялари соҳасида қатор ишларни амалга ошириб келаётган ўзбек қизларидан. Айни дамда мактаб ўқувчиси бўлишига қарамасдан, турли компанияларда фрилансер сифатида фаолият олиб боради.

Microsoft Learn Student дастури дастурида амбассадор бўлган ёшлар техник ва етакчилик бўйича тренинглар, Microsoft’нинг кенг таълим ресурсларига кириш ва келажакни яратишга иштиёқи баланд бўлган ёшларни бирлаштириш имконини қўлга киритади.

“Ушбу лойиҳага топширишим ҳам, киришим ҳам осон кечмади. Техник томондан билимларим яхши бўлгани учун мени номинацияга қўйишди. 1 йил давомида компания томонидан берилган турли шартлар ва топшириқларни аъло даражада бажариш талаб этилди. Шулардан бири Сунъий интеллект технологияси бўйича берилган 30 та модулдан иборат дарс ва топшириқлар бўлди”, - деди Дилафруз.

Бундан ташқари Амбассадорлар учун Америкага виза олиш ва саёҳат қилиш қилиш имкониятлари яратилади. Талаба томонидан ёшлар учун ўтказиладиган тадбирларга учун хомийлик берилади. Компаниянинг барча маҳсулотлари премиум талқинлари бепул тақдим этилади.

Айни дамда Дилафруз Yandex учун ўқиш ва стажировкага топширган, синовлардан яхши ўтса ушбу компаниянинг ҳам катта лойиҳаларига қўшилиш имкониятига эга бўлади.

Дилафруз Microsoft Developers Community Uzbekistan, Sado24, NET Documentation Uzbekistan каби стартап, кўплаб ҳакатон ва мусобақалар иштирокчиси. IT Community Uzbekistan’нинг Фарғона водийси бўйлаб амбассадори.

2024 йилда у IT Star танловида иштирок этиб, Ўзбекистондаги энг яхши ва фаол АйТи соҳасидаги 46 нафар аёл ва қизлар қаторидан жой олган.

ICT4Girls олимпиадасининг Ўзбекистондаги Competitive Programmer Qizlar, яъни Спорт дастурчи қизлар олимпиадасида иштирок этиб Ўзбекистондаги топ 12та спорт дастурчи қизлар жамоасига қўшилган.

Мавзуга алоқадор