Литва марказий осиёлик муҳожирлар сони ортаётганидан хавотирда
Охирги уч йил ичида Литвага келаётган марказий осиёлик муҳожирлар сони 14 баробар ошди. Литва Давлат хавфсизлик департаменти раҳбари Дариус Яунискис унинг бўлими барча саёҳатчиларни текшира олмаслиги, бу ҳолат аксилразведка ва терроризмга қарши кураш соҳасида қўшимча хавф туғдиришини маълум қилди. Ҳозирча жиддий хавотирлар учун асослар йўқ, аммо Ғарбга қарши кайфият кучаймоқда, деди у LRT.lt сайтига берган интервьюсида.
Жаунискиснинг
қўшимча қилишича, сўнгги икки йил ичида разведка хизматлари террорчилик
ташкилотларига алоқадор тўрт нафар хорижликни аниқлаган. Уларга яшаш учун
рухсатнома беришни рад этиш ва Литвага киришни тақиқлаш тавсия қилинган.
Литва бош
вазири Ингрида Шимоните унинг баёнотига жавоб қайтарар экан, Марказий Осиёдан
миграция кучайганига қарамай, унинг кўлами аҳамиятсизлигича қолаётганини
таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, йил бошидан буён атиги бир неча юз
нафар чет эл фуқаролари Литвада вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган.
“Муаммолар пайдо бўлди, аммо улар янги қонунлар туфайли
қисман ҳал қилинди. Ишончим комилки, 2025 йилда кучга кирадиган учинчи
давлатлардан ишчилар учун квоталар жорий этилиши билан биз бу масалани янада
тартибга солишимиз мумкин”, — дея таъкидлади Шимоните.
Миграция департаменти маълумотларига кўра, 1 октябрь ҳолатида Литвада 10,6 минг нафар
Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилаётган бўлса, йил бошида бу кўрсаткич 8,2 минг, 2022 йилда эса 998
нафар бўлган. Тожикистон фуқаролари сони ҳам ошиб, йил бошида 5,7 минг киши
бўлган бўлса, 7,2 минг кишига етди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳозирда Литвада муҳожирлар сони
бўйича Украина (77,5 минг), Беларус (61,3 минг) ва Россиядан (15,3 минг) кейин
тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаб турибди. Умуман олганда, мамлакатда яшаш
учун рухсатномага эга 222 мингга яқин хорижлик бор.