Турк сериалларининг жаҳон томошабинлари сони 1 млрд кишига етди
Жаҳон миқёсида турк сериалларига бўлган талаб охирги уч йилда 183 фоизга ортиб, умумий аудитория 1 млрд кишига етди. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти Алоқа бўлими мудири Фаҳреттин Алтун маълум қилди.
“Бугун
дунё бўйлаб бир миллиардга яқин одам турк сериалларини томоша қилмоқда ва бу
катта ўзгаришларга олиб келади... Бизни ҳақиқий муваффақият кутиб
турибди. Фильм ишлаб
чиқариш бизнинг маданий эксплуатация тизимига, глобал империализмга ва маданий
бузуқлик уринишларига қаршилик кўрсатишга қаратилган ҳаракатимиздир”, — деди Алтун TRT 1 телеканалининг “Меҳмед: Фотиҳлар султони” янги сериали
премьерасида.
“Сюжет
жаҳон тарихидаги ўта муҳим шахс ҳаётидаги воқеаларга асосланган, — деди Алоқа
бўлими бошлиғи. - Унда Фотиҳ Султон Меҳмед образи ва унинг ютуқлари, хусусан,
Истанбулнинг забт этилиши акс эттирилган”.
Алтуннинг
таъкидлашича, Султон Меҳмед Фотиҳ бир неча асрлар давомида Усмонлилар давлатига
кўплаб соҳаларда жиддий муваффақиятларга эришиш имконини берадиган бошқарув
тизимини ўрнатган ажойиб ҳукмдор бўлган.
“Туркиянинг замонавий дунёда ўз ўрнини эгаллашида санъат ва кино муҳим ўрин эгаллайди. Давлат ўз брендини ривожлантириш учун жуда жиддий сармоя киритмоқда”, - дея таъкидлади Алтун.
The Economist
нашри маълумотларига кўра, 2023 йилда Туркия АҚШ ва Британиядан кейин дунёда
энг кўп сериал экспорт қилган учинчи давлат бўлди.
Parrot
Analytics маълумотлар фирмаси тадқиқотига кўра, 2020-2023 йиллар оралиғида турк
сериалларига глобал талаб 184 фоизга ошган. Корейс драмаларига талаб эса 73
фоиз деб эълон қилинди.
2023
йилда Испания, Саудия Арабистони ва Миср янги турк сериалларининг учта энг
йирик импортчиси бўлди.
Истанбул
Савдо палатаси 2022 йилда Туркиянинг телевизор экспорти 600 миллион долларни
ташкил этганини маълум қилган эди. Айрим таҳлилчилар эса улар сотуви яқин орада
миллиардлаб долларга етишини тахмин қилмоқда.