14.10.2024 18:30

Деизмга кўра инсон ким, қаердан келган ва қаерга кетмоқда?

Саккизинчи дарсимиз ҳам яна бир деист билан суҳбат кўринишида кечади. Унга саволларимиз бор:

– Инсон ким, қаердан келди, қаерга кетмоқда?

– Бу олам нима учун яратилди?

– Бу оламнинг эгаси бўлмиш Зот биздан нима истайди?

– Нима учун бизга бунча сезги ва жиҳозлар ато этилган?

– Берилган неъматлар эвазига У Зотга қандай шукр қилишимиз керак ва У Зотнинг муҳаббатини қандай қозонамиз?

– Нега мавжудотлар ҳар хил ранглар билан безатилган, ҳар бири турли рангларга бўялган ва ҳар бирига турфа шакллар берилган?

– Шунча ҳаракат сарфланган яратиқлар нега бир неча кун ёки бир неча ҳафтадан кейин ўлади? Уринишлар бекорга кетмайдими?

– Бу оламда давомли янгиланиш бор. Келган қолмайди, тезда кетади, ўрнига бошқаси келади. Бунинг сабаби нима?

– Бу оламнинг марҳаматли эгаси офатларга, хасталикларга ва бошқа балоларга нега йўл қўйиб беради?

– Ўлимдан кейин нима бор?

Шу каби ўнлаб саволларимиз мавжудки, ақлнинг уларга жавоб топиши мушкул. Топганида ҳам тўғрилигини исботлолмайди. Тўғри жавобларни бизга фақат ваҳийга мазҳар пайғамбарларгина бера олади.

Ўзинг ўйлаб кўр: бизга марҳамати ила муомала қилган яратгувчимиз бу саволларнинг ичимизни тирнашига ва ҳар он ақлимизни банд этишига изн берадими? Агар берса, нима учун? Пайғамбар юбориш У Зот учун шу қадар мушкул ишмики, бизни бундай жавобсиз сўровлар билан юзма-юз қолдириб, ақлимизни давомли равишда банд қилсин?

Йўқ, бу сен ишонгандай бўлмайди. Бизни асло бундай саволлар билан ёлғиз қолдирмайди, ақлимизни, фикримизни улар билан машғул этмайди. Пайғамбарларини юборади, китобларини туширади ва бизни қизиқтирган ҳар бир саволнинг жавобини ўргатади. Бу эса У Зотнинг раҳмати, адолати ва ҳикматидандир.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.