Тел-Авив Ғазо секторини қайта тиклаш масъулиятини Фаластиннинг араб қўшнилари, хусусан, БАА зиммасига юкламоқчи. Бу ҳақда Блоомберг Исроил иқтисодиёт вазири Нир Баркатга таяниб ёзмоқда.

"Ҳозирда бор эътиборимизни урушда ғалаба қозонишга қаратмоқдамиз. Уруш тугаши билан бутун дунёдаги дўстларимизга мурожаат қиламиз”, — деган сиёсатчи.

Агентликнинг айниқлик киритишича, минтақавий кучлар Исроил Фаластин давлатини яратишга рози бўлмагунча Ғазони тиклашдан бош тортиши мумкин.

Январь ойида Давосдаги халқаро иқтисодий форумда Фаластин сармоя жамғармаси раҳбари, Фаластиннинг янги бош вазири лавозимига асосий даъвогар Муҳаммад Мустафо Исроилнинг Ғазо секторидаги зарбалари натижасида вайрон қилинган уйларни тиклаш учун камида 15 миллиард доллар керак бўлишини айтганди.

Исроилнинг эксклавга бостириб кириши бошланганидан бери 350 мингга яқин уй зарар кўрган ёки вайрон бўлган, шундан 150 мингтаси бутунлай вайрон қилинган. Мустафонинг таъкидлашича, битта бинони тиклаш учун камида 100 минг доллар керак бўлади.

"Биз ҳали инфратузилма, шикастланган шифохоналар, алоқалар ҳақида гапирмаяпмиз", - дея қўшимча қилди сиёсатчи.

2014 йилда Исроилнинг Ғазога бостириб кириши ортидан Қатар қайта қуришга 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганди. Бироқ, агар эксклав Исроил ишғоли остида қолса, Доҳа Ғазони қайта қуришда иштирок этадими ёки йўқми, аниқ эмас.

16 январь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Фаластин эксклави бир неча йилдан кейин яна вайрон бўладиган бўлса, араб давлатлари секторни қайта тиклашда иштирок этишни истамаслигини айтди. Араб давлатлари раҳбарлари Блинкен билан суҳбатда ҳар қандай минтақавий келишувда Фаластин давлатчилиги муҳимлигини таъкидладилар.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги мавжуд “янги тенглама”га кўра Исроилнинг араб ва мусулмон қўшнилари Тел-Авивни минтақага интеграция қилишга тайёр, бироқ Фаластин давлатчилиги эвазига.

Мавзуга алоқадор