Қўштепа канали Ўзбекистон ва Туркманистон сув таъминотини 80 дан 65 фоизга туширади
Афғонистонда “Толибон” томонидан Амударёдан сув оладиган Қўштепа канали қурилиши Ўзбекистон ва Туркманистон сув таъминотини 80 фоиздан 65 фоизгача камайтиради.
Sputnik
Қозоғистон платформасида бўлиб ўтган Остона-Тошкент видеокўприги чоғида
Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги дипломатик
академия директори Абдусамат Ҳайдаров қурилиш оқибатлари ҳақида ўз фикрлари
билан ўртоқлашди.
“Ўрта муддатли истиқболда бу Марказий Осиё мамлакатлари,
биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Туркманистон учун жиддий оқибатларга олиб
келиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича,
Қўштепа канали йилига 4-4,5 куб километр сув олади ва Амударёдаги умумий сув
ҳажмини 12-13 фоизга қисқартиради. Канал қурилиши тугаллангач, Туркманистон ва
Ўзбекистонга ўрта ва қуйи оқимдаги ўртача сув таъминоти 80 фоиздан 65 фоизга
камаяди”, — деди эксперт.
Унинг
сўзларига кўра, узоқ муддатли истиқболда бу умумий сув захираларининг жисмоний
камайиб кетишига олиб келиши мумкин, бу эса минтақада аҳоли сонининг кўпайиши
ва миллий иқтисодиётларнинг ривожланиши билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари
учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Канал қурилишини 6 йилда якунлаш режалаштирилган. Унинг
тахминий қиймати 600 миллион долларга баҳоланмоқда ва “Толибон” томонидан молиялаштирилади. Бугунги
кунга қадар режалаштирилган 285 километрдан 108 километр узунликдаги участкаси фойдаланишга топширилди. Айни пайтда канал эски технологиялар ёрдамида қурилмоқда. Бу Амударёдан
ҳақиқий сув олиш ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин. Янги канал
Афғонистоннинг Балх ва Қундуз вилоятларида 500 минг гектарга яқин майдонни
суғориш имконини бериши режалаштирилган.
Бугун Афғонистон билан музокаралар олиб бориш ниҳоятда
қийин: мамлакат сув ресурслари ва трансчегаравий дарёлар бўйича мавжуд халқаро
шартномаларнинг бирортасида ҳам иштирок этмайди. Шу боис, БМТ халқаро
конвенциясига мувофиқ, минтақа давлатлари ўртасида Афғонистонни ҳам қўшган
ҳолда трансчегаравий сувдан фойдаланиш бўйича янги шартномалар тузиш бўйича объектив зарурат
туғилган.
“Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукумати ва халқаро
ҳамжамият билан Амударё ҳавзасида янги канал қуриш бўйича халқаро нормалар
асосида ҳамда
минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалий
мулоқотни бошлаш зарур, деб ҳисоблайди”, - деди Ўзбекистон дипломатик академияси раҳбари Абдусамат
Ҳайдаров.