Ғазо майдон эгаларидан илк ҳикоя
Ҳозирги вазиятда энг тўғри йўл юз бераётган ҳодисаларнинг бевосита қатнашчиларига – жанг майдони йигитларига қулоқ беришдир. Биз бу мақолада уларни жанг майдонидаги мардонавор ҳимоя ва ҳужумлари туфайли “майдон эгалари” деган ном билан зикр қиламиз.
Улар уруш қийинчиликлари ичидан туриб бизга ой-у йилларга татийдиган, маънавият ва руҳият баҳш этишмоқда.
Майдон эгалари қалъасидаги хабарларда душман ғарб ҳарбийларининг дунёқараши билан ҳаракатланаётгани айтилади. Яъни, бузғунчилик ва қирғиннинг кучайиши, Ғазо аскарларининг таслим бўлишига ва ҳалқнинг уларга қарши оёққа туришига олиб боради, деб ўйлайдилар. Шунинг учун улар тинч аҳолининг устига бомба ёғдириш билан ўзларининг разведкадаги муваффақиятсизликларини яширишга уринмоқдалар. Ўз халқи улардан ўтказаётган амалиётлари натижаси ҳақида сўраса, жавоб беролмай тутилиб қолишади. Чунки хоҳ тасодифий бошланган ҳаракатлари бўлсин, хоҳ муайян режа асосида бирор ерга уюштирилган босқинлари бўлсин, улардан қаршилик кучлари деярли ҳеч қандай зарар кўрмаётганини билишади. Зеро, майдон эгалари ҳам бу ҳужумлар оқибатидаги йўқотишлари умумий қувватларининг ўн фоизига ҳам тўғри келмаслигини айтишади.
Жанг майдонида янги достонлар ёзаётган йигитлардан ажойиб хабарлар бор:
“Биз душманни жуда яхши таниймиз, шунга кўра ҳаракат қилдик, у ҳам бизни яхши билишини тахмин қилгандик. Аммо бўлган ҳодисалар бунинг аксини кўрсатмоқда.
Душман биз ҳақимизда тахмин қилганимиздан ҳам камроқ билиши аён бўлди. Ҳатто 7 октябрда биз анча кўп талофот берсак керак, Исроил эса унча кўп йўқотишларга учрамайди, деб ўйлагандик. Исроил тўсиқларини ошиб ўтиш билан бошлаган амалиётимиз Ғазога қайтиш йўлида душманга тўқнаш келиш билан тугайди, деб билардик. Аммо биз душманнинг эътиборсизлиги, ўзаро бирдамлигини йўқотганинига, ҳарбий бўлинмаларида ҳукм сурган бетартиблик ва интизомсизлик ҳолатига қойил қолмадик. Бу ҳолат бизга уларнинг 350 дан ортиқ аскарини ўлдиришимизга ва кўп сонли кишиларини асир олишга имкон берди. Сектордан тинч аҳоли Ғазодаги аҳоли пунктларига кириб келганида, қаршилик жангчилари Ғазодаги душман бўлинмасининг асосий позицияларини йўқ қилиш, қўлга олиниши керак бўлганларни қўлга олиш, душман казармаларидан зарур жиҳоз ва ашёларни олиб кетиш каби вазифаларни уддалади. Душман уйғониб, вазиятни қўлга олишга уринди ва "Ганнибал протоколи" ни амалга оширди – тинч аҳолининг катта қисмини, жумладан Ғазо секторига олиб кетилаётганларни ўққа тутди. (“Ганнибал протоколи”га кўра, Исроил армияси ва хавфсизлик кучлари ҳарбий хизматчилари ёки тинч аҳолиси асирга тушишининг олдини олишга, бунинг учун ҳамма ишни, шу жумладан асирга олинган шахснинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган чораларни ҳам қўллашга мажбур – таржимон). Ишғол кучлари томонидан қуруқликда амалга оширилган биринчи босқин амалиёти ҳам аслида ўша кеча ўлган аскар ёки оддий фуқароларининг жасадларини олиб кетишга қаратилган эди”.
Майдон эгалари ҳикоясида давом этади: “Душман уйғонганидан кўп вақт ўтмай, унинг разведкаси 7 октябрдагидан ҳам бадтарроқ кўр экани, маҳбусларнинг жойлашуви, тунеллар харитаси, ҳатто қаршилик кучлари раҳбарларининг жойлашган ерлари ҳақида бирор бир ишончли маълумот тайёрламагани аён бўлди. Улар палапартиш отишмаларини бошлагач, нишонларнинг катта қисми разведка маълумотларида билдирилганидек эмаслиги кўриниб қолди. Дарҳақиқат, қаршилик кучлари оз сонли шаҳид берди, уларининг ҳам асосий қисми аҳоли турар жойларидаги тартибсиз бомбардимон натижасида ҳалок бўлдилар.
Қаршилик кучларига душманнинг жиддий муваффақиятли зарбалар берган операциясига келсак, улар шимолдаги ва у тўғрида тўлиқ маълумот бўлмаган ҳудудлардаги муҳим позициялар билан чекланган. Тўғри, бунинг оқибатида қаршилик кучларининг етакчи кадрлари ва бир қанча жангчилари шаҳид кетди лекин бу умумий ҳаракат дастурини оқсатмайдиган зарба бўлди. Аксинча, қаршилик кучлари ўзларини тезда ўнглаб олиб, тасдиқланган режаларини бўйича ҳаракатларини давом эттирдилар. Аслида, марказий қўмондонлик билан доимий алоқа мавжуд бўлиб, ҳаракатлар улар тасдиқлаган режа асосида амалга оширилади. Шундай бўлса-да, мудофаа ва ҳужум пайтларида муайян қадамларни танлаш турли жўғрофий ҳудудларга ёйилган батальонлар ихтиёрига қолдирилгандир.
Сулҳнинг сўнгги кунларида дунё охирги сўзни Ғазо раҳбарияти айтишини билди, раҳбарият эса уруш тўлиқ тўхтатилгунга қадар ҳар қандай музокараларни тўхтатишга қарор қилди.
Ғазодаги майдон эгаларининг сўзларига кўра, душман жанг асносида кўп вақти ва кучини асосан қаршилик кучларининг ракеталари жойлашган ерни қидириб топишга сарфлаган. Ракеталарнинг жойлашуви тўғрисида маълумот бера олади деб гумон қилган кишилардан баъзисини ушлаб кетишга уринган. Аммо барибир ракеталар учирилишидан аввал улар қаерда эканини топа олмаган. Бироз вақт ўтгач эса душман Ғазодаги маълум ҳудудларни босиб ўтиб, чекланган миқдордаги ракета ерлари ва қурол захираларини топишга муваффақ бўлди. Аслида, қаршилик кучлари у ракеталарни душман келишидан олдин отиши керак бўлган, аммо ўша вақтда вазият бунга имкон бермаганди. Душманнинг қурол захираларидан базиларини қўлга киритиши, кейинги омборларни топиб олмаслиги учун яна ҳам қаттиқроқ ҳимоя режаларини қабул қилишга ундади.
Уруш давомида ҳужумларни хатосиз ташкил эта олиши учун қаршилик кучларига зарбаларни тўғри аниқлаб берувчи ҳимоя режалари тузиб чиқилди.
Майдон эгалари сўзида давом этади: Душман разведкаси бизни 7 октабргача йиллар давомида яхшилаб кузатиб юрган. Биздаги қурол-яроқлар, уларнинг турлари ва миқдорини аниқлаш бўйича катта-катта махфий амалиётлар олиб борган. Бу ишлари билан улар бугунгидан самаралироқ тарзда ҳаракатланишлари мумкин эди. Аммо душманнинг муаммоси шундаки, улар бизни ўз позицияларимизни асло тарк этмаслигимизга ҳамда режадан ташқари ҳеч қандай нуқтага кўчмаслигимизга асло ишонч ҳосил қилмади. Бизда ҳозир ҳолатга қараб янгидан режа тузиш учун билим, бу режани амалга оширадиган тажрибали кадрлар бор. Қолаверса, иттифоқчиларимиздан олган таълим бўйича душман тахмин қилганидан ҳам бошқачароқ ҳаракат қилишимизга имкон берадиган тактикалар ишлаб чиқа оламиз.
Душман биз билан доим ўзини устун кўриб муомла қилгани ҳамда қобилият ва кучларимизни инкор қилишда давом этгани учун тузоққа тушди, оқибатда бунинг бадалини тўхтовсиз давом этаётган зарбаларимизни қабул қилиш билан тўлашга мажбур бўлмоқда.
Майдон эгалари бу уруш тамом бўлганидан сўнг кўп ҳарбий қурол-аслаҳалари ва ускуналари бутун оммага ошкор бўлишини таъкидлашди. Яъни, уларнинг душманга қарши урушларда фойдаланган қуролларининг баъзиси тахмин қилганингиздан ҳам ривожланганроқ, баъзиси эса жуда оддий, қўлбола қуроллар эканини кўргач, душмандан ҳам аввал дўстларнинг бунга ҳайратда қолишига ишонишларини айтди.
Қаршилик кучларининг қуруқлик жангларидаги вазифаси илк кунданоқ танкларнинг келишига тўсқинлик қилиш эмас, балки уни малум бир нуқтага – ўз режаларидаги тарафларга йўналтириш, шунга замин ҳозирлаш эканини тезда англаб етди.
Майдон йигитлари ўз аскарлари ҳақида ҳикоя қилар экан, уларни кўпроқ оилалари бошига тушаётган шафқатсизлик ва зулм эзаётганини айтди. Улар содир бўлаётган воқеаларни муттасил кузатиб боришмоқда. Кўпчилиги ўзлари, оилалари яшаган жойларнинг ҳозирги аҳволини кўришган, лекин бу уларни ҳеч қачон ортга чекинишга ундамаган, аксинча, синоистларнинг бу жиноятлари уларни аввалгидан ҳам кўра кучлироқ бўлишларига олиб келди. Ўзингиз шоҳиди бўлгандек, асирлар алмашуви ва ўт очишни тўхтатиш вақтидаги ҳолатлар бунга мисол бўлиши мумкин.
Вақтинчалик сулҳ давом этмасдан яна жангга киришилгани ҳақида: Тўғри, қаршилик кучлари одамларнинг ҳаётини енгиллатиш ва уларнинг мусибатларини сал бўлса-да камайтириш учун сулҳнинг бардавом бўлишини хоҳларди. Қолаверса, бу муддатда ўзининг ишларини ҳам тартибга солиб оларди. Аммо душманни қамоқларида ётган асир ватандошларимизни озод қилишга мажбурлаш энг асосий мақсад эди. Бу мажбурлаш оқибатида бутун дунёга душманнинг қўлимиздаги асирларини товон тўламай олиб кетолмаслигини кўрсатиб қўйишни умидида эдик.
Сулҳнинг сўнгги кунида кўзланган режаларимизни қилиб олиш имконияти мавжуд эди. Бироқ душман урушга қайтишга шошилаётганди. Бундан ташқари, кейинчалик қўлимиздаги асирларнинг оилалари уларни босим остида қолдириши аниқ бўлиб турган бир пайтда асирларни қайтаришни давом эттиришимиздан маъно йўқ эди. Устига-устак душман ўзининг янги қуруқлик амалиётларини режалаштирётганди. Шароит ўзгаргани, энди бошқачароқ қадам ташлашимиз лозимлиги аён бўлди.
Воситачилар ва ҳатто дўстлар бизга босим ўтказишга ё бизни алдашга, арзимас нархлар эвазига душман асирларини озод қилиш учун сулҳни узайтиришга ва охир-оқибат бизнинг душман тарафга сиёсий бўйнсунишга олиб борадиган мулоқот учун йўл очишга ҳаракат қилдилар. Ана шу онда биз бу театрни тўхтатишга қарор қилдик. Истисносиз ҳамма – ўртоқлар, иттифоқчилар, воситачилар, дўстлар ва душманлар шуни билмоғи керакки, якуний қарорни берадиган, сўнги сўзни айтадиганлар фақат Майдон эгаларидир!
Уларнинг қарори ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, маҳбуслар ишини муҳокама қилиш учун қайтиш нархи урушнинг якуний ва ҳар томонлама тўхтатилишидан бошланишини ва айирбошлаш битими душман шартларига мувофиқ амалга оширилмаслигини янги стратегия белгилайди. Энди бутун дунё Исроилни барча маҳбусларни озод қилишга кўндириши керак.
"Эртага" деб бошланадиган ҳар қандай фикру ғоялар алоҳида ўтириб, баҳслашиладиган мавзулар бўлиб, биз у билан душман томонидан вайрон қилинган уйларимизни тиклаш учун қайтиб келганимиздан кейин шуғулланамиз.
“Эртага...” дейдиганлар учун айтар сўзимиз: Йўқотадиган ҳеч нарсамиз қолмади!”.
Иброҳим ал-Амин