22.01.2025 08:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 24-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 24-қисм. 

***

Жума куни тонгни Ғазо марказидаги қамоқхона қаршисида кутиб олдик. Эрта келганимизга қарамай, қамоқхона эшиги олдида юзлаб оилалар эшик очилишини кутиб турган экан. Бино деворига яқин қилиб темирдан сафларни тартиблаш учун йўлак қилиб қўйилган. То бир посбон эшикни очиб, қўлидаги вараққа қараб, рўйхатдагилар номларини айтиб чақиргунига қадар кутиш майдонида ўтирдик. Рўйхатга қараб «Фалончи-пистончи» деса, зиёратга келганлар орасидан номини эшитганлар «Мен» дея қўлини кўтариб, девор олдидаги йўлакка ўтишарди. Ҳар ўттиз кишини чақиргач, эркак-аёлларни алоҳида тафтишхонага киритишарди. Тафтишдан сўнг ичкарига - зиёратга кириб кетишарди.

Қизиб турган чўғдан ҳам иссиқроқ ҳаяжон билан Маҳмуд акамнинг исми айтилишига зор-интизор бўлдик. Ниҳоят бешинчи чақирувда Маҳмуд акамнинг исмини айтишди. Биз ҳам йўлакка бориб турдик. Ўттиз исм тўлганидан сўнг тафтишга кирдик. Тафтишдан ўтиб ичкарига кирарканмиз, биздан аввал кирганларнинг қайтиб чиқаётганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг кўзларидаги аламлар - биз учун ўқилмаган китобнинг муқаддимасидек эди гўё. Заиф ёритилган узун йўлаклардан ўтиб бориб, зиёрат бўлимига кирдик. Бетондан қилинган девор, қаторасига кетган панжарали деразалар бизни қарши олди. Ёш болалар югуриб кириб борарди. Мен ҳам улар қатори югуриб кирдим. Катталар секин кириб келишди, лекин яқинларини излаётган нигоҳлари болакайларнинг югуришидан тезроқ кириб борганди. Ҳамма ўз яқинини излашга тушди. Деразаларнинг бири ортида Маҳмуд акамга кўзим тушди-да, «Онажон! Акам... Мана Маҳмуд акам» , дея бақирдим. Аммо хонанинг шовқунлигидан онам мени эшитмасди. Қўлимни силтаб чақираётганимдан пайқаб қолиб, олдимизга шошиб келишди. Онам дераза олдига келаркан, Маҳмуд акамни юзлаб саволларга кўмиб ташлади:

- Оҳ... Болам-а, болажоним... Уришдими? Қийноққа солишдими? Қаерларингга уришди? Овқат беришяптими ўзи? Баданларингга нима қилди? Оёғинг нега оқсаяпти? Қўлингни синдиришдими?

Бу саволларнинг жавоби ўзи билан эди. Кетма-кет саволларга жавоб бермаса-да, ҳар бир саволнинг жавоби унинг жисмида кўриниб турарди. Йиғидан савол беролмай ҳам қолди. Маҳмуд акам онамни тинчлантирмоқчи бўларди:

- Ҳаммаси яхши, онажон. Мен яхшиман. Кўришдик-ку мана. Худо хоҳласа, тез орада олдингизга қайтаман. Қаршингизда турибман-ку. Ҳамма жойим соғ-саломат, Аллоҳга шукр! Ўзингиз яхшимимиз? Ука ва сингилларим қандай? Фотима, сен яхшимисан? Марюма (Марям исмининг эркалаб чақирилиши), сен қандайсан?

Фотима опам кўз ёшларини артиб «Худога шукр, яхшиман, ака!», деди. Марям эса, «Алҳамдулиллаҳ!» деб жавоб берди. Кейин мен билан саломлашди. Онам яна саволга тутди:

- Нима айблов қўйишди, болам? Суд қачон бўларкан?

- Ташвишланманг, катта айблов қўйишмади. Бир ё бир ярим йилдан ошиқ беришмаса керак.

Панжарага ёпишиб тинглаб турган онам ўзидан кетиб қолай деди. Тинкаси қуриб, ўтириб қолди:

-Бир йил ё бир ярим йил дейдими?! Энди нима қиламан-а?! Шўрим қуриди-ку!..

Маҳмуд акам онамни тинчлантиришга ҳаракат қиларкан, онам ўзини қўлга олиб, дурустроқ адвокат ёллаётганини айтди. Шу вақт зиёратчилар ва маҳбусларнинг ортида турган посбонлар қарсиллатиб қарсак чала бошлашди:

- Зиёрат тугади! Зиёрат тугади!

Ичкаридаги посбонлар маҳбусларни тортиб кетишди, бизни эса ташқарига чиқаришди. Унгача зўрға хайрлашишга улгурдик, холос.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.