08.08.2024 18:32

"Ўлим ёки озодлик": ҲАМАСнинг янги раҳбари Яҳё Синвар аслида ким?

Зулм ва хорликда ўлгандан кўра, шаҳидликни афзал кўрамиз. Бу сўзлар Теҳронда ўлдирилган ҲАМАС Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания ўрнига ҳаракатнинг янги раҳбари этиб тайинланган Яҳё Синварга тегишли.

Эрон Ҳаниянинг ўлими учун Исроилдан қасос олишини айтиб чарчамаётган бир пайтда, сионистларнинг биринчи рақамли душмани, қаршилик ҳаракатининг 7 октябрдаги "Ақсо тўфони" операцияси ташкилотчиларидан бири, унинг манзили ҳақидаги маълумот учун ишғолчилар томонидан 400 минг доллар ваъда қилинган Яҳё Синвар ҲАМАС бошқарувига келди.

Сионист таҳлилчиси Ави Иссачарофф босқинчиларнинг ташвишини ифода этиб, “ҲАМАС бошқарув учун энг хавфли одамни танлади”, деб ёзди.

Исроил разведкасидан собиқ офицер Майкл Милштейн эса “ҲАМАСдан энг кўп тушуна олмаганимиз Яҳё Синвар эди. У ҳар доим энг катта алдовларда муваффақият қозонган айёр, жуда маккор одам эди”, деди.

Хўш, босқинчиларнинг қўрқинчли тушига айланган, ҲАМАС хавфсизлик хизматига асос солган, сионистлар томонидан "тўққиз жонли" деб аталадиган Яҳё Синвар ким ўзи? У нима учун Фаластин озодлик ҳаракатининг етакчиси мақомига лойиқ кўрилди?

Яҳё Иброҳим Ҳасан Синвар 1962 йил 7 октябрда Ғазо жанубидаги Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилди. Маълумотларга кўра, Синварнинг оиласи ҳозирда Исроил жанубида жойлашган Ашкелонда яшаган. Улар 1948 йилги Араб-Исроил уруши пайтида уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Бунга сионистларнинг илгари Ал-Маждал номи билан аталган шаҳарни босиб олиши ва ҳақиқий ер эгаларини ўз тупроғидан қувгани сабаб бўлган. Синвар Хон Юнисдаги ўғил болалар мактабини тамомлагач, Ғазо Ислом университетига ўқишга кирди. Талабалик даври унга тажриба ва билим олишига ёрдам берди. Бу эса Синварнинг ҲАМАС ҳаракати асос солинганидан кейинги ҳаётида асқотди.

У 1982 йилда университетда таҳсил олиб юрган пайтида ишғолга қарши норозилик намойишларида қатнашгани учун Исроил томонидан ҳибсга олинган. Қамоқхонада кўплаб фаластинлик фаоллар билан танишган. Шундан сўнг, ўз ҳаётини Фаластин озодлигига бағишлашга қарор қилган.

1985 йилда ҳам Синвар суд қилинмасдан 8 ой қамоқда сақланади.

1986 йилда у Холид Ал-Ҳиндий ва Равҳи Муштаҳа билан биргаликда ҳаракат асосчиси Шайх Аҳмад Ёсиннинг буйруғига кўра “Ал-Мажид” хавфсизлик ташкилотига асос солади.

Унинг вазифаси Исроил разведкаси ва хавфсизлик хизматларини кузатишдан ташқари, сионистларнинг агентлари ва жосусларини фош қилишдан иборат эди. Тез орада бу ташкилот ҲАМАС ҳаракатининг ички хавфсизлик бўлинмасига айланади.

Синвар 1988 йилда икки Исроил аскари ва тўрт нафар фаластинлик сотқинни ўлдиришда айбланиб тўрт маротаба умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Шунингдек, у қамоқхонадан икки марта – Ашкелондаги Маждал ва Рамла қамоқхонасидан қочишга уринган, аммо бу уринишлари муваффақиятсиз якунланган ва қаттиқ жазоланган.

Яҳё Синвар нафақат етакчилиги, балки оғир дамларда ўзининг қатъиятини намоён этиши ва синмаслиги билан ҳам танилган. Умрининг 23 йилини сионистларнинг қамоқхоналарида, турли зулм ва қийноқлар ичида ўтказганига қарамай Синвар изланишдан тўхтамаган.

У қамоқдаги муддатини ўқиш ва ўрганишга сарфлади. Бу вақт ичида у иброний тилини ўрганди ва яҳудийлар менталитетини тушунишга ҳаракат қилди. У сиёсат, хавфсизлик ва адабий соҳаларда қатор китоблар ёзди ва таржималар қилди.

Мисол учун унинг 2010 йилда нашр этилган "Шон-шараф" асарида Шин-Бет – Исроил ички хавфсизлик хизматининг маълумот тўплаши, агентларни тайёрлаши ва ёллаши, шафқатсиз тергов усулларининг инсонга жисмоний ва руҳий таъсири ёритилган. Карми Гиллоннинг "Ҳаробалар орасидаги Шин-Бет" китобининг таржимасида ҳам сионистларнинг кирдикорлари ошкор этилган.

Ҳибсдаги даврида ҳам Синвар ҲАМАС маҳбусларининг Олий раҳбарият қўмитасини бошқарган ва бир қатор очлик эълонлари, жумладан 1992, 1996, 2000 ва 2004 йиллардаги Исроил куч ишлатар тузилмаларининг зулмлари пайтида қамоқхона хизмати билан қарама-қаршиликни бошқарган.

У Маждал, Ҳадарим, Сабаа ва Нафҳа каби бир нечта жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилади ва 4 йилни бир кишилик камерада ўтказади. Бу вақт мобайнида у қорин оғриғидан азобланади ва қон қуса бошлайди. Кейинчалик яна соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан азият чекади. Ҳарорати кескин кўтарилиб, аҳволи оғирлашади. Маҳбусларнинг катта босими туфайли у тиббий текширувдан ўтказилади ва миясида ўсимта борлиги аниқланади. Шу сабаб Синвар 7 соат давом этган жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради.

2006 йилда ҲАМАСнинг "Ал-Қассам" бўлинмаси томонидан уюштирилган махсус операцияда икки сионист террорчиси ўлдирилади ва Гилад Шалит исмли аскар асирга олинади. У 5 йил давомида ҲАМАС қўлида асирликда сақланади. Босқинчилар 2011 йилда Гилад Шалит эвазига минглаб фаластинликларни озод қилишга қарор қилади. Улар орасида Яҳё Синвар ҳам бор эди.

Озодликка чиққач Синвар ҲАМАС ҳаракатининг 2012 йилги ички сайловларида Сиёсий бюро аъзолигига сайланди. У шунингдек, ҳарбий қанот – Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари бошқарувини ўз зиммасига олди.

2011 йилнинг 21 ноябрида у Ғазо Ислом университетида дин асослари бўйича магистрлик даражасини олган Самар Муҳаммад Абу Замарга уйланди. Айни пайтда уларнинг Иброҳим исмли ўғли ҳам бор.

Айниқса Синвар 2014 йилда Исроилнинг Ғазога қарши етти ҳафталик агрессияси чоғида ҳаракатнинг сиёсий ва ҳарбий томонларини мувофиқлаштиришда муҳим роль ўйнади.

 Ушбу тажовуздан сўнг ҳам у кенг қамровли текширувлар ўтказди ва масъулларнинг фаолиятини баҳолади. Натижада таниқли раҳбарлар ишдан бўшатилди.

2015 йилда сионистларнинг ҳомийси бўлган АҚШ ҳам Яҳё Синварни энг кўп қидирилаётган “халқаро террорчилар” рўйхатига киритди.

Унинг уйи бир неча бор бомбардимон қилинди. Ишғол самолётлари томонидан бутунлай вайрон қилинди. Душманлар Синварнинг эҳтиёткорлиги, кўп гапирмаслиги, омма олдида кам кўриниши сабабидан уни йўқота олишмаётганини баҳона қилишди.

ҲАМАС етакчисини йўқ қилиш Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётининг энг муҳим стратегик мақсадига айланди.

2023 йилнинг 14 ноябрида Британия ҳукумати ҲАМАС етакчилари, жумладан Яҳё Синварга қарши санкциялар жорий қилди.

2023 йил 30 ноябрида Франция ҳукумати Синварнинг, агар бўлса, активларини олти ойга музлатиш тўғрисида фармон чиқарди.

2023 йил 6 декабрда Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху Исроил армияси кучлари Синварнинг уйини қуршаб олгани билан мақтанди, бироқ қотиллар Синварни ўлдириша олмади.

Ҳатто бир сафар Яҳё Синварнинг уйи Исроил қирувчи самолётлари томонидан бомбаланади. У эса вайрон бўлган уйининг олдида кулган ҳолатда суратга тушади. Бу эса Ислом душманлари қанчалик ҳаракат қилмасин, Аллоҳ асраган бандасини йўқота олмаслигига яна бир далил бўлиб тарихда қолди.

ҲАМАСнинг янги раҳбари Яҳё Синвар ҳаммаслаги Исмоил Ҳаниядан фарқли ўлароқ, босқинчиларга қарши муросасизлиги билан танилган. Бу эса АҚШ ва Исроил босқинчилари янада кўпроқ бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш орқали мусулмонларни заифлаштира олмаётганини, аксинча, ўзларига нисбатан қаршилик ва нафратни кучайтираётганини англатади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.