23.10.2024 20:25

Яҳё Синварнинг васияти: “Душман қуролларимиздан эмас, ҳақда собитлигимиздан қўрқади” (видео)


Фаластин қаршилик ҳаракати етакчиси Яҳё Синвар сўнгги нафасигача Исроил босқинчиларига қарши курашиб, мардонавор ҳалок бўлгач, сионистлар "Ғазо шери"нинг охирги лаҳзалари акс этган видеони эълон қилди. Аслида босқинчиларнинг бу видеони тарқатишдан мақсади – энг катта душманимиз етакчисини йўқ қилдик, деб мақтаниш бўлган. Аммо Аллоҳнинг марҳамати билан Исроил бу тасвирларни очиқлаб, чинакам хатога йўл қўйганини кеч тушунди. Чунки ҳаётининг сўнгги дамларида чалажон ҳолатида ҳам қўлидаги таёқ билан дронни уришга уринган Синвар бутун дунёда чинакам қаҳрамонга айланди.

Яқинда Исроил телеканалининг 12-канали Синвар аллақачон ўлимига тайёргарлик кўриб, издошларига бир қанча кўрсатмалар қолдирганини маълум қилди. Биз имкон қадар Яҳё Синварнинг қаламига мансуб васиятни таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

“Мен, ғурбатни вақтинчалик ватанга, орзуни абадий маъракага айлантирган муҳожир Яҳёман. Ушбу сўзларимни бутун ҳаётимни – болалигимдан тортиб, узоқ йиллик маҳбуслик давригача, мужоҳидларнинг ушбу муқаддас заминга тўкилган ҳар бир томчи қонигача ўтган онларни хотирамда жонлантириб, ёзмоқдаман.

1962 йили Фаластин парча-парча этилган, сиёсат хариталардан ўчирилаётган бир замонда Хон Юнисдаги чодирлардан бирида дунёга келдим. Мен, олов билан кулга қоришиб кетган инсонман. Босқинчининг соясида яшамоқ бу – доимий қамоқ эканлигини эрта идрок этган инсонман. Гўдаклигимданоқ бу ҳаётнинг оддий ҳаёт эмаслигини, бу заминда туғилган киши ўзида синмас иродани мужассамлаштириб яшаши лозимлигини, ҳуррият учун йўл анча узоқлигини англаши зарурлигини тушуниб етганман. Менинг сизга қилажак васиятим, мана шу ердан – ўша босқинчиларга биринчи бўлиб тош улоқтирган, тилимиз мана шу қаршилик билан чиқишини англаган болаликдан бошланади.

Ҳаётим давомида шуни ўргандимки, бу ерда инсоннинг ёши йиллар билан эмас, ватанига нима тақдим этганига қараб белгиланар экан. Шундай қилиб, умрим маҳбуслик, уруш, қон кечиш ва сўнмас умид қуршовида ўтди. Илк бор 1988 йилда ҳибсга олиндим. Ўшанда ҳақиқий жиноятчилар менга умрбод қамоқ жазосини тайинлашди, лекин қўрқмадим.  Қоронғу зиндонларнинг ҳар бир деворида узоқда порлаган уфқни, ҳар бир синган новда қайта гуллаб яшнашини кўрар эдим. Сабр қилиш шунчаки фазилат эмаслигини, балки у тома-тома кўл бўладиган ўткир қуроллигини англадим. Сизга васиятим, қамоқлардан қўрқманг. Бу бор-йўғи ҳуррият сари узун йўлимизнинг бир қисми, холос. Қамоқ йиллари менга шуни ўргатдики, у шунчаки олиб қўйиладиган ҳақ эмас экан, балки аламлардан туғиладиган, сабр билан қатъийлашадиган фикрат экан. Аллоҳнинг хоҳиши билан 2011 йили маҳбуслар алмашинуви доирасида ҳибсдан озод бўлганимда, мен бутунлай бошқа инсонга айлангандим. Биз тутган йўл шунчаки талашиб-торишиш йўли эмаслигини, балки сўнгги нафасимизгача курашишимиз керак бўлган қадаримиз эканига иймоним комил эди.

Сизларга васиятим: синмас ғурур ва ўлмас умид билан қўлингиздаги қуролингизни туширманг. Душман, курашишдан воз кечишимизни истайди. Охири йўқ келишувларга чорлайди, лекин мен эркингиздан воз кечманг, келишманг, деб айтаман. Ўз ҳаққингиздан воз кечиб, унинг устида келишувга борманг. Душманлар қуролларингиздан кўра, кўпроқ собит туришингиздан қўрқади. Кураш бу – фақатгина қурол кўтаришимиз эмас, балки ҳар бир олаётган нафасимизда Фаластинга бўлган муҳаббатимиз, душманнинг кучли адоватига қарамай кучли иродамиз ҳамдир.

Васиятим: шаҳидлар қонига вафодор қолинг. Улар шу тиконга тўла йўлни босиб ўтдилар ва бизга қолдирдилар. Ўшалар ўз қони билан озодлигимиз сари йўл қуриб кетишди. Дипломатик ўйинлари-у, сиёсий алдовларга учиб, уларнинг жасоратини йўққа чиқарманг. Биз бу ерда улар бошлаган ишни давом эттириш учун турибмиз. Бу бизга қанчага тушмасин, бу йўлдан воз кечмаймиз. Бу ер собитқадамлик маркази эди, шундай бўлиб қолади. Гарчи ер бизга тор келиб қолса ҳам, ундан воз кечмаймиз.

2017 йили ҲАМАС бошқарувини қабул қилганимда, шунчаки мансабдан мансабга ўтиш эмас, балки тош билан бошланган курашни, қурол билан давом эттиришни мақсад қилгандим. Ҳар куни халқимнинг қамал остидаги оғриғини ҳис қилардим. Ҳуррият сари босган ҳар бир қадамимизнинг бадали тўланишини жуда яхши билар эдим. Лекин шуни айта оламан-ки, таслим бўлишнинг бадали бундан анча қимматга тушади. Шунинг учун, томир ерни қандай маҳкам тутса, сиз ҳам бу ерни шундай маҳкам тутинг!  Шамол бақувват илдизларни суғура олмайди. "Ал-Ақсо тўфони"да етакчи бўлмасам-да, ҳар бир озодликни истовчи фаластинликка ҳақиқатни етказувчи овоз бўлдим. Иймоним ҳар дақиқа бу кураш хаёлий гап эмас, аксинча амалга ошириш вожиб бўлган иш эканлигини айтиб турди. Ҳар бир Фаластинликнинг китобида, барча туркумдаги инсонлар бир ёқадан бош чиқарган, ёш билан кексани ҳам аяб ўтирмайдиган душманга қарши янги саҳифа ёзилишини истадим. Чунки "Ал-Ақсо тўфони" жасадлардан олдин руҳ учун, қуролдан олдин ирода учун кураш бўлди.

Сўнгги васиятим, шуни ёдда тутинг-ки, кураш оддий нарса ё шунчаки қуролдан ўқ узиш эмас, балки шараф ва ғурур билан яшашимиздир. Ҳибсда шуни тушундимки: жанг ҳали узоқ давом этади, йўл эса машаққатли. Аммо шуни ҳам билдимки, таслим бўлмайдиган халқ мўъжизаларини ўз қўли билан яратар экан. Бу оламдан сизларга раҳм-шафқат кўзи билан боқишларини кутманг! Дунё аҳли бизга нисбатан амалга оширилаётган жабр-зулмлар қаршисида қандай жим туришларини кўрдим, билдим, шуни ҳис қилиб яшадим. Инсоф қилишларини кутмай қўяверинг. Сиздан инсоф кутишсин. Фаластин орзусини қалбингизда асранг, ҳар бир жароҳатингиздан қурол ясанг, ҳар бир томчи кўз ёшингиздан умид булоғини қазинг! Шулар сизларга васиятим эди. Яна такрорлайман, қуролларингизни қўя кўрманг! Шаҳидларингизни унутманг. Ҳаққингиздан воз кечманг. Биз шу ерда қоламиз. Қалбимизда, келажак авлодларимиз ҳаётида шу ердамиз. Ўлимга қадар ҳабибимиз бўлган Фаластинни маҳкам тутишни васият қиламан. Тоғдек улкан, эгилмас умидларимизни маҳкам тутинг. Мен қуласам, бирга қуламанг. Мендан Ислом байроғини олиб қолинг, тўкилган қонимдан авлодлар учун кўприк ясанг. Улар бизнинг кулимиздан янада кучлироқ бўлиб униб-ўссинлар.

Ватан ривоят қилинадиган ҳикоя эмас, балки яшаладиган ҳаёт эканлигини унутманг! Ҳар бир шаҳиднинг кулидан бу ерда минг жангчи униб чиқади. Ислом душманларининг ҳалқумига тиқилган тикон бўлинг. Биз ҳақ эканимизни, хабарларда эълон қилинадиган рақамлар эмаслигимизни эътироф этмагунларича тўхтамайдиган тўфонга айланинг!

Яҳё Синвар

Маъмур Мухтор таржимаси

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.