09.12.2024 20:34
“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 13-қисм)
Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 13-қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
***
Шу кунларда иқтисодий аҳволимиз ўртача эди. Исроилда яқинлари ишлаб юрган оилаларнинг аҳволи эса анча яхшиланди. Тўғри, биздан ҳам ночорроқ куч кечираётган йўқ эмасди. Масалан, қўшнимиз Умму Абд. Унинг тўрт ўғил, уч қизи бор. Отаси 1967 йили шаҳид бўлган. Онам: «Мурғак гўдаклари билан ташлаб кетган», дер эди. Бу қўшнимизнинг кўп эҳтиёжларини хайрия жамғармалари қоплаб берса-да, бундай жамғармалар ёрдам бера олмайдиган томонлари ҳам талайгина. Умму Абд оилавий шароитини енгиллатишга муҳтож бўларди. У ризқ излаб, ҳалол бўлган барча эшикларни қоқиб чиққан. Фарзандалари ҳар жума кунлари 1948 йилда босиб олинган ерлар чегарасидаги аҳлатхонага бориб, пулласа бўлишга яроқли деб билган ҳар нарсани йиғиб келишарди. Онаси йиғиб келинган идишларни ювиб, тозалаб берар, уни касалхона олдида этак ёзиб савдо қиладиган аёлга сотиб келишарди. Топиб келинган эски-туски оёқ кийимларни ҳам имкон қадар артиб-тозалаб, бирор кимга ўтказиб келишарди. Хайрия ташкилотларининг емакхоналарига бориб, айниб қолган сутларини сўрарди. Ундан сутли маҳсулот таёрлаб сотарди. Мактаб олдига бориб ҳам сотарди. Маҳсулоти учун муайян баҳо бўлмас, баъзан ўқувчиларнинг бир бурда нонига ҳам алмашаверарди. Шундай, у ер-бу ердан уч-тўрт чақа топиб, қон йиғласа ҳам, шаҳиднинг болаларини боқиб тарбия қиларди.
Маҳмуд акам Мисрдаги Қоҳира университетининг муҳандислик факультетига ўқишга кирди. Буни эшитган кунимиз яна одатдагидай Маҳмуд акамни босиб олганча қийноққа солиб нишонладик. Онам ширинлик тайёрлади. Қўни-қўшнилардан табриклар келди. Акам сафарга ҳозирлик кўра бошлади. Бироқ олди-сотди иши тўхтаб қолмаслиги лозим. Чунки ўқиш ҳаражатларига яраб туради. Шунинг учун бу ишни Ҳасан акам дарсларидан бўш вақтларида давом эттириб турадиган бўлди. Бугун Маҳмуд акамнинг Мисрга жўнаб кетишига бир кун қолган бўлса ҳам, ишини назорат қилишдан тўхтамаганди. Ҳатто кетадиган куни ҳам иши билан машғул бўлди. Мен бўлсам, Муҳаммад акам билан тоғамнинг корхонасида тозаловчи бўлиб ишлашга ҳозирлик кўришим даркор эди.
Акамнинг сафари олдидан онам унга олиб кетиши учун кўп кийимлар, зайтун ёғи, қуруқ чой, зиравор каби нарсаларни ҳозирлаганди. Ишлаб йиққан пулларини саррофдан Миср жунайҳига алмаштирди, чевархонада иштонбоғига чўнтак тиктириб, ичига жойлаб олди. Чунки чегарадан ўтаётганда яҳудлар Мисрга ўтаётган ҳар қандай молни мусодара қилишарди. Маҳмуд акам "Қизил ҳоч" қароргоҳида қачон сафар қилишининг хабарини кутиб турарди. Ўша ташкилот Ғазодан Мисрга ўқиш учун кетаётган талабаларни рўйхатдан ўтказар, сўнгра Исроил билан Миср идораларига маълумот жўнатишарди. Жўнаб кетиш вақти аниқлангач, Маҳмуд акам ҳам қолган талабалар қаторида Исроил терговхонасига олиб кирилган. У ерда талабаларни текширувдан ўтказишар, сўроққа тутишар, жангари гуруҳларга қўшилиб кетишдан огоҳлантиришарди. Эплаганини ўзлари учун хуфя қилишарди.
Маҳмуд акамнинг ўқиш олдидан биз билан ўтказган охирги кечасини яхши эслайман. У энди тўлиқ бир йил орамизда бўлмасди. Тун бўйи чақ-чақлашиб ўтирдик. Кулгу билан йиғи, хурсандчилик билан маҳзунлик қоришган суҳбат бўлган. Хуллас, ғайриоддий ҳиссиётлар қоришуви билан ўтказдик. Онамнинг Маҳмуд акамга узундан-узун насиҳатлари ҳам қолиб кетмади. Эртаси куни эрталаб онам акам сотиб олиб келган ишлатилган икки чамадонни тайёрлади. Амакиваччам Ҳасан билан ўзимни акам Ҳасан иккиси биттадан чамадонни кўтариб, онам билан кузатишга боришди. Биз кўча бошигача кузатиб қўйиб, ичимизда маҳзунлик ҳисси билан уйга қайтдик. Ўшандан яқинлардан айрилиш ҳиссини яхшироқ англай бошлагандик.
«Қизил ҳоч» қароргоҳига борганларида, бизникиларга ўхшаб боласини ўқишга кузатгани чиққан ота-оналар кўпгина эди. Талабалар автобусларга жойлашиб, юришини кутиб ўтиришар, ташқаридаги яқинларига қўлларини силкитиб хайрлашардилар. Автобуслар ҳаракатланиб, кўринмай қолгунларига қадар кузатиб қолган яқинлар қўлларини силкиганча туришди.
Маҳмуд акамнинг сафаридан бир неча кун ўтиб, қўшнилардан бири амакиваччам Ҳасан устидан қўшнининг қизига гап отиб, тегажоғлик қилаётганидан шикоят қилиб чиқди. Онамнинг бундан юзи бўзариб, у билан шуғулланишга ваъда бериб, қўшнини кузатди. Бобом тўшакка михланиб қолган. Маҳмуд акам ўқишда. Уйда қолганларимиз эса Ҳасан акамдан кичик. Онам яхши гаплашиб кўришга қарор қилиб, уни олдига чақириб, гап бошлади:
- Болам, яхшилаб эшит мени! Отанг шаҳид бўлган. Оиламизнинг шарафи. Сен қилиб юрган ишлар шаҳиднинг боласига ярашмайди. Шаънимизни булғасанг, оиламиз обрўсини тўксанг, қилиб юрган ишларингни кўрган одамлар нима дейди?!
Насиҳатли суҳбат сўнгида Ҳасан ака қайтиб бу ишни қилмасликка ваъда берди:
- Бўлди, мени кечиринглар! Энди бундай қилмасликка ваъда бераман!
- Шарафли ваъдами?
- Ҳа! Шарафли ваъда бераман, келинойи!
Кунлар ўтиб, қўшнимиз яна бақир-чақир қилиб кириб келди:
- Хой, Умму Маҳмуд! Манави худобехабар ўғлингиз қизимнинг йўлини тўсиб, қўлини теккизибди!
Бу гапларни эшитиб, ғазабдан қайнаб турган онам:
- Хой худо хайрингизни бергур қўшни, биласиз, сизнинг уйингизда ҳам, бизнинг уйимизда ҳам бу болани тартибга чақириб қўядиган эркагимиз йўқ. Сизнинг қизларингиз менга ўз қизларимдек. Уйга кирайлик, бу болани нима қилиш кераклигини маслаҳат қилиб оламиз.
Онам Ҳасан ака ухлаётганида ипга боғлаб қўйиб, болалар билан савалаш фикрини айтди. Унда ҳам кор қилмаса, фидойиларнинг бирига айтиб, қўл-оёғини синдиришни сўраймиз, деди. Ўша куни онам арқон билан савалаш учун ҳивич таёрлаб қўйди. Кеч кирганида Ҳасан ака келиб, овқатланиб, ухлашга кириб кетди. Онам, Муҳаммад ва Ҳасан акаларим амакиваччам Ҳасаннинг хонасига кириб, секин-аста оёқ-қўлларини боғлаб қўйишди. Сўнг бобомни уйғотиб, бўлган ишдан хабардор қилишганида, бобом «Аллоҳ юзингни қаро қилсин, Ҳасан! Аллоҳ юзингни қора қилсин, Ҳасан! Уриб, адабини бериб қўйинглар бу болани. Оёқ қўлини синдиринглар», - деди. Ҳасан ака бир оғанаб уйғониб кетиб, ўзини боғланган ҳолда кўраркан, таҳдид қила бошлади, кейин сўкиниб, ундай-бундай қилишини айтиб, қўрқитишга тушди. Тоза саваланганидан сўнг онам қўшнининг қизи Суъадга яна тегажонлик қилса, бу галгидек шарманда бўлмасин, деб уйга олиб кирволиб саваламаймиз, фидойиларга айтиб, оёқ қўлингни синдиртирамиз, дея тушунтирди. Ҳасан акам то онам эрталаб Иброҳим акамга айтиб ечтирмагунига қадар боғлиқ ҳолда қолганди.
Иброҳим (амакиваччам Ҳасаннинг укаси) одобли, итоатли, тиришқоқ йигит эди. Ҳасаннинг қўл-оёғини ечиши билан акаси унинг юзига тарсаки билан солди. Укасига таҳдидлар қилгач, бизнинг хонамизга отилиб кириб келиб, онамга ҳам дўқ қила бошлади. Шунда онам унга: «Эй, сен, бетайин! Ҳали менга таҳдид қиляпсанми?! Сенинг нимангдан қўрқишим керак?! Ўзи бирор кун эркакка ўхшаб яшаганмисан?!» дея бақира кетди. Шайтон отига миниб олган Ҳасан отилиб бориб, онамни итариб юборганди, онам ерга йиқилиб тушди. Биз ҳаммамиз унга баракай ҳужум қилиб, йиқитиб олдик-да сочидан юлиб, дўппослай бошладик. У оёққа туриб, ҳаммани ўзидан нари туртдиб, сўнг сўкина-сўкина ховлидан чиқиб кетганича қайтиб келмади. Уни кўп изладик, айтишларича, у Исроилга ишлагани ўтиб кетибди, ўқишни ҳам ташлаб юборибди.
Унинг ҳасратида бобомнинг соғлиги ёмонлашиб, омонатини Роббисига топширди. Йиғлаб сўнгги манзилига кузатдик (Аллоҳ у кишини раҳматига олсин! Жаннатлари ила сийласин!) Бобом беш йилдан зиёдроқ бедарак йўқолган ўғлини, бебошлик қилиб кетиб қолган набирасини кутиб, Маҳмуд акам олисда вақтида вафот этди. Хурсандчиликда ҳам, хафачиликда ҳам олдимизда турадиган қўшниларимиз бор бўлишсин! Сўнгги манзилга кузатишда ёнимизда туришди.
Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор.