11.11.2024 21:47

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, олтинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Олтинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
***
Баланд дарахтларга эга жуда кенг майдонли мактабга кириб бордик. Майдон атрофида ўнлаб хоналар жойлашган бўлиб, кираверишдаги йўлакнинг икки ёнига гуллар экилган, ёнида сув ҳовузи ҳам бўларди. Муҳаммад акам бу «А» синф, бу «Б» синф, бу «Ўқитувчилар хонаси», бу «Нозирнинг хонаси»,  дея мактаб билан таништириб чиқди. Тонгги қўнғироқ чалиниб, ўқитувчилар ўқувчиларнинг сафларини тартиблаш учун чиқиб келишди. Эскилар дарров сафланиб олишди, биз каби янги ўқувчилар тарқоқ турардик. Номма-ном чақириб, бизни ҳам уч саф қилиб териб олишди. Сўнг ҳар бир синф раҳбари ўз ўқувчиларини ўзи билан синфларга олиб кетди. Бизнинг синф раҳбаримиз олим одам бўлиб, бошида қизил дўпписи бўларди. Бу унинг Азҳарий, яъни Азҳар мадрасасида таълим олганини англатарди. Биринчи «А»  синфига қабул бўлдим. У ерда бизни аввалига бўйларимизга қараб, уч гуруҳга ажратиб олди. Ҳар бир гуруҳдан учтадан болани ажратиб, узунаси бир метрдан сал ошадиган, энига 40 см келадиган, остида нимчаларни қўйишга қутиси ҳам бўлган ёғоч  парталарга ўтқазди. Ўтирадиган курсиси ҳам партага уланган бўлиб, узунлиги парта билан бир хил ҳажмда, энига эса 20 см келадиган курси эди. Ҳар бир синфда шундай партадан уч саф бўларди, ҳар бир сафда еттитадан парта, ҳар бир партада учтадан ўқувчи ўтирарди. Ҳар икки сафнинг орасида тахминан бир ярим метр масофа бўлиб, сўнгги сафнинг бошида ўқитувчи учун парта, рўпарадаги деворга эса катта синф тахтаси осилганди. 

Ҳар бир ўқувчи ўзини Ҳасан дея таништирган устозимизнинг кўрсатмасига биноан ўз жойига ўтирди. Кейин устоз Ҳасан биз билан бирма-бир таниша бошлади. Ҳар бир ўқувчи исмини айтарди, устоз Ҳасан эса отаси, амакиси-ю тоғалари, боболарини ҳам  сўрарди. Устоз деярли  ҳаммамизнинг амаки-тоғаларимизгача танишини билгандик танишув асносида. Мендан ҳам сўраганида, илк бор ўзимнинг тўлиқ исми-шарифим Аҳмад Иброҳим Солиҳ  эканлигини тушунганман. Устоз қўлини дуога очиб, «Илоҳо оталарингиз соғ-саломат қайтишсин!», дея дуо қилди. Мен ичимда "демак, бу устоз отамнинг ғойиб бўлганини, у кишининг қаерда эканлигини билмаслигимиздан хабардор эканда", деганман.

Танишув асносида синфга китоб, дафтар, қалам ва ўчирғич каби ўқув қуролларини олиб киришди. Устозимиз ҳар биримизга ўз насибамизни тарқатиб чиқди. Олган китобларимиз остида биз ҳали ўқий олмайдиган сўзлар ёзилган чиройли ранглар билан бўялган суратларга тўла эди. Шунингдек, «ҳисоб» китоби, «Амма пораси» ёзилган китоб ҳам бор эди. Ундан ташқари, ҳар биримизга бешта дафтар ва бешта ўчирғичли қалам ҳам берди. Дафтарларнинг ғилофи яшил ва қизил рангда бўлиб, устида ЮНЕСКО ташкилотининг белгиси қўйилганди. Сўнг устозимиз ўқув қуролларини бизга таништира кетди - «Бу - ўқув китоби. Бу - ҳисоб китоби. Булар эса дафтарлар. Учтасини онангизга бериб қўйинглар. Иккита дафтарнинг бирини ҳисоб учун, иккинчисини ўқиш китоби учун ишлатамиз. Ҳар куни «Амма пораси»ни, «Ҳисоб китоби»ни, иккита дафтар, битта қалам ва ўчирғични ўзингиз билан олиб келасизлар. Тушунарлими?»

Сўнг ҳар биримизнинг дафтарларимизга ўзининг хаттотлик маҳорати билан ўта гўзал қилиб исмларимизни ёзиб берди. 

Ўша кунги ўқишимиз ҳам тугади, Муҳаммад акам ва Иброҳим билан қўл ушлашганча ўқув қуролларига тўла нимчаларимизни кўтариб уйга қайтдик. Кетма-кет кунлар ҳам ўтаверди, мен ҳам қолган болалар қатори ўқиш-ёзишни ўргана бошладим, кичик сураларни ёд олдим. Танаффус пайти ҳовлига чиқиб ўйнардик, онам тайёрлаб берган қиймаланган ловияли сендвичимизни ер эдик. Сендвичимиз кўпроқ мурабболи бўларди. Баъзан мактаб ташқарисида этак ёзиб савдо қиладиган холалардан сутли крем сотиб олиб, ўзимиз билан олиб келган нонимизга суртиб ердик. Бундан ширини бўлмасди. Айниқса нордон таъми жуда ёқимли ўтарди. Уйга қайтгандан сўнг тушлик қилиб, ўйнагани чиқардик, кейин устоз Ҳасан берган уй вазифаларни бажарардик. Дарсларимизни кундузи таёрлашга улгурмаган кунларимиз кечаси тоғорани олиб келиб, устига шамчироқни қўйиб, атрофида дарс қилардик. Катталар атрофимизда гаплашиб ўтиришарди. 

Ҳеч бир ҳафтамиз катта йўлдан келадиган карантин эълонини эшитмай ўтмасди. Қачон шундай бўлса, қайсидир фидойи босқинчиларга ҳужум қилганини тушунадиган бўлиб қолганмиз. Қачон босқинчилар лагерга киришга уринса, фидойилар томонидан қаҳшатқич зарба еб, чекинарди. Йил бўйи шундай давом этди. Фақат бир сафаргисида қўшнимиз Абу Юсуф шаҳид бўлди. Ўшанда Абу Юсуф ўзи билан икки йигитни босқинчиларга қарши амалиёт уюштириш мақсадида олиб чиққанди. Уларнинг режасига кўра, йигитларнинг бири ҳарбий мошинага граната улоқтириб, атайдан уларга кўриниб қочиши керак эди. Ортидан қувиб келганларида, Абу Юсуф билан шериги уларни пистирмада кутиб олиш лозим эди. Биринчи йигит ўз вазифасини бажариш учун ҳарбий мошинани пойлаб турган вақтда тўсаддан орқадан ҳужум қилиб қолишади. Натижада биринчи йигит ўша ерда шаҳид бўлади, ундан сўнг Абу Юсуфни шеригига қўшиб отишган. Учовлон ўша заҳотиёқ шаҳид бўлдилар.

Шу куни босқинчилар томонидан карантин эълон қилинмади. Бутун лагердагилар эркагу аёли, ёш боласию қариси чиққанди. Одамлар Абу Юсуф ўлимидан куйиб йиғларди. Шаҳидларнинг жанозасига илгари лагерларда мисли кўрилмаган жамоат тўпланди. Одамлардан жўр бўлиб «Жонимиз ҳам, қонимиз ҳам фидо бўлсин, Абу Юсуф. Жонимиз ҳам, қонимиз ҳам фидо бўлсин, Фаластин!» , деган овозлар такрор-такрор эшитиларди. Шундай жўр бўлиб айтилган жумлалар билан тобутларни лагер кўчаларида бир неча бор айлантиришди, сўнг лагер яқинида жойлашган қабристонга дафн қилишди. Ўша куннинг аср вақтида бобом мени етаклаб, ҳовлимиз орқа тарафидаги кишилар мажлис қилиб ўтирадиган ерга олиб борди. Ўша ерда ўтириб, сўнгги ҳодисаларни муҳокама қилишарди. Бу галгисида, адашмадингиз, Абу Юсуф ва шерикларининг шаҳид бўлганлари асосий мавзу бўлди. Ҳамма бўлган ишдан даҳшатга тушиб қолганди. Мажлисда бир киши гап бошлади: "Улар душманнинг ҳийла-найрангига тушиб қолишган". Ўтирганларнинг бири сўради: 
-Бу қандай содир бўлган? 

-Эшитганингдек. Душман уларга орқадан ҳужум қилган. Яъни, улар рақибни кутиб турган тарафдан эмас, орқадан пойлаб келишган. 

Шунда учунчи шахс суҳбатга қўшилиб сўради:
 
-Нималар деяпсиз?
 
-Эшитганингиздек! 

Бобом ҳам суҳбатга қўшилиб: 

-Айтмоқчисиз-ки, кимдир хиёнат қилган? Яъни, сотқин бор орамизда, тўғри топдимми? - деди. Гап бошлаган биринчи одам бир нуқтага термулиб тураркан, шундай деб жавоб берди: 

-Мен биламан. Бу ишни ким қилиши мумкинлигини сезиб турибман. 

Шу оради мажлисдагилардан яна бири: «Ақл бовар қилмайди! Наҳот-ки..! Эх... Абу Юсуф... Аллоҳ сени раҳматига олсин! Сенинг ўрнингга сендайи келсин яна, илоҳим!», дея ачиниб йиғлади. 
Бир неча кун ўтди. Қуёш ботишига яқин, карантин вақти кириши оз қолганида биз кўча ўйнаб юргандик. Бир пайт фидойилардан бир гуруҳ қуролланган жангчилар кириб келиб, хиёбоннинг турли нуқталарига бориб жойлашдилар. Уларнинг орасида Абу Ҳатим лагерда яшовчиларидан бирини қулоғидан судраб келди. Абу Ҳатимнинг бир қўлида  таёқ, елкасида осиб олган милтиғи бор эди. Ҳамма болакайлар манзарани кўриб, ўйиндан тўхтаб қолдик. Дарров уларнинг атрофида одамлар тўпланишди. Судраб келинган шахс эса қўллари билан юзини тўсишга ҳаракат қиларди. Одамларнинг шовқин-суронларини Абу Ҳатимнинг қуйидаги хитоби кесди: 
-Эй халойиқ! Ҳаммангиз Абу Юсуфнинг жасурлигини, ўз юртимизда эгилган бошимизни кўтаришга ҳисса қўшганини яхши биласизлар. Босқинчиларга яхшилаб дарс бериб қўйганини, ожиз қолган халқимиз сал бўлсада эркин нафас олишга сабабчи бўлган қаҳрамон эканини ҳаммангиз эътироф қилардингиз. Энди мана бу пасткашни яхшилаб таниб олинглар. Айнан мана шу яҳудлар билан тил бириктириб, Абу Юсуфни пойлаб юрган ва у ҳақдаги ҳамма маълумотларни яҳудларга етказиб турган экан. 

Одамлар орасида шовқин кўтарилди. Ҳамма бирдек гапираётгани учун нима дейишаётганларини тушуниб бўлмасди. Абу Ҳатим қўлидаги таёғини юқорига кўтарганди, одамлар жимиб қолди. Кейин ўша жосусга қараб, «Гапир, номард, нима бўлди? Айтиб бер ҳаммасини!», деди. У эса дудуқланиб паст овозда тушунарсиз гаплар айтаётганди, Абу Ҳатим қўлидаги таёқ билан бир неча марта туширди. У тиззаси билан чўккалаб, иккала қўли билан бошини тўсиб олганди. 

-Тур ўрнингдан. Нима қилганингни айтиб бер, аблах! 

Жосус арзимас пул эвазига Абу Юсуф билан унинг дўстларини яҳудларга чақиб турганини эътироф этди. Уларни яҳудлар ўлдириб юборишларини билмагандим, деб қўшимча ҳам қилиб қўйди. Абу Ҳатим таёқ билан яна савалай кетди. Одамлар «Аллоҳ сени ҳор қилсин!», «Пасткаш-э..!», «Номард!», «Хоин!» ,«Аблаҳ жосус» каби ҳақоратли сўзларни айтиб бақиришарди. Абу Ҳатим яна таёғини ҳавога кўтарганди, ҳамма жимиб қолди. 
-Эй халойиқ! Яҳудлар юртимизни босиб олиб, бизни уйларимиздан қувиб чиқарди. Номусларимизни топтади. Эркакларимизни ўлдирди. Шундай бўлса ҳам, орамизда жонларини душман қаршисида қўллари билан кўтариб юрган фидойиларимизга қарши яҳудлар билан тил бириктиришга тайёрлар бор экан! Ўзинглар айтинглар, бундай хоинга қандай жазо муқаррар?

Одамлар «Ўлим!», «Ўлдириш керак», «Унинг жазоси ўлим», дея бақиришарди. Шунда Абу Ҳатим елкасидаги милтиғини қўлига олиб, ўша жосусга қаратди. Ўша вақт онам мени бу манзарани кўрмасин, деб қўллари билан кўзимни тўсиб олдилар. Лекин ўқ узилган овозни, одамларнинг «Хоинларга ўлим, «Яҳудларнинг малайига ўлим», дея бақираётганларини эшитдим. 

Эртаси куни фидойилар Абу Юсуфнинг қасосини олиш мақсадида босқинчиларга пистирма қўйиб, бир неча ҳарбийлар устидан ўқ ёғдириб юборишди. Уларнинг ёрдамчи кучлари келиб ўша минтақани чор атрофдан ўраб олишиб, одамларни уйидан уриб, тепкилаб, судраб олиб чиқа бошлашди. Эркакларни деворга қаратиб саф торттирди ва милтиқларини ўшаларга тириб туришди. Кейин ўша минтақага масъул зобит "Жип" машинасида келиб, эшигини очиб ўтирди. Эркакларни бирма-бир милтиқ ўқталган аскар унинг олдига олиб борарди. Ҳар бирига ўнлаб, юзлаб саволлар берарди. Фидойилар ҳақида озгина бўлса ҳам маълумот олишга ҳаракат қиларди. Лекин ҳеч ким улар ҳақида лом-мим демасди.

Бир неча кун ўтиб, кучли назорат остидаги карантин яна олиб ташланди. Одатдагидай мактабга қатнай бошладим. Танаффус пайтида ташқарига чиққанимда, бир гала болакайлар унча баланд бўлмаган деворга осилиб чиқиб, пастда турганлар билан бир нималарни гаплашиб туришарди. Мен ҳам бориб, тирмашиб деворга чиқдим. Қарасам, нариги тараф биздан юқори синфда ўқийдиган ўқувчиларнинг қисми экан. Амакиваччам Ҳасан ака мана шу қисмда ўқирди. У тарафда ўқийдиган болалар биздан бўйлари баландроқ эди. Шу куни Муҳаммад акам билан кўчани тўлдириб қайтаётган юзлаб ўқувчиларнинг орасида биздан ўн метрча нирироқда амакиваччам Ҳасанни кўриб қолдим. Орамиздан ўқувчи қизлар ва болалар тинмай ўтиб турарди. Ҳасан акамнинг қўлида нимадир тутиб тургани, тинмай оғзига олиб бораётганини сездим. Бу тамакимиди?! Сўнг қарасам, қўлини пастга тушириб, оғзидан тутун чиқарди. Муҳаммад акамлар одатдагидай қўлимдан ушлаб олишган, ҳадеб мени «Юр, нимага турибсан?», дея тортишарди. Мен кўзим билан Ҳасан акам тарафга ишора қилмоқчи бўлдим, аммо тушунтиролмадим. «Ҳасан акам» деганимга қадар бизни пайқаб қолиб, қўлидагини ташлаб юборди.

Келинойим тарафдагилар бобом билан маслаҳатлашиб, келинойимни турмуш қуришга кўндиришганди. Ўшандан буён амакиваччаларим биз билан яшаб келишарди. 

Уйга келиб, тағин гуллаб қўйсам Ҳасан акамдан тепки еб ўтирмай, деб жим юрдим. Бир куни онамга кўрганим айтиб бергандим, онам менга ўткир нигоҳи билан қаради-да, адашаётган бўлишим мумкинлигини айтиб, бу гапни ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади. Бошимни силкиб, индамай кетдим. Лекин ўша куни онам акамларни ховлида сўроқ қилаётганларини, акамлар эса бошини эгиб турганларини кўрдим, суҳбатларини эшитмасдим. Бир неча кун ўтиб, мактабдан қайтганимда Маҳмуд акам онамга Ҳасан акамни мактабга деб чиқиб, дарсга кирмагани ҳақида гаплашиб турганларини кўрдим. Онам ташвишли кўринарди. Бобом билан онам Ҳасан акамни чақириб, койиб бошладилар. У ўзини оқлашдан тўхтамасди. Бобом яна дарсдан қочса, устунга боғлаб қўйиб савалашини айтиб, таҳдид қилди. Бир неча кун ўтиб, онам Ҳасан акамнинг кийимларини юваётиб, чўнтагидан тамаки билан бир қанча пул топиб олди. Уни ховлида ўтирган бобомга олиб чиқиб кўрсатганди, бобом даҳшатга тушиб қолди. «Бу бола пулни қаердан олган экан?!»

Онам акамларга тез Ҳасанни топиб келишга буюрди. Улар ҳам излагани чиқиб кетиб, бироз вақт ўтганидан сўнг Ҳасан акам билан кириб келишди. Бобом анча қариб қолган, таъзирини бериб қўйишга кучи етмасди. Шунинг учун онам бу масъулиятни бўйнига олиб, Ҳасан акамни сўроқ қила бошлади: «Бу пулни қаердан олдинг?!» У ўзини қандай пул ҳақида гапирётганини тушунмасликка оларди. Онам чўнтагидан топиб олган пул билан тамакини Ҳасан акамнинг қўлига тутқазиб, кийимининг чўнтагидан чиққанини айтди. Ҳасан акам бўйин эгай демасди. Шундан сўнг онам акаларимга ушлаб, устун олдига олиб келишларини, опамга эса арқон олиб чиқишини айтди. Устунга ёпиштириб, арқон билан боғланаётган Ҳасан вазият жиддий эканини пайқагач, додлаб «Пулни бобомнинг чўнтагидан тушиб қолганда олгандим», деди. Биз кичкиналар бобомнинг орқасига ўтиб олиб, жараённи қўрқув билан мўралаб кузатиб турардик. Бобом чўнтагидан ҳеч пул тушиб қолиши мумкин эмаслигини айтиб, ҳайратланди. У пул қанча бўлади биласизми? Бир оила ярим ой тирикчилик қилса бўлади-я. Шунча пулни тушириб қўйиб бўларканми?! Онам яна сўроқ қила бошлади: 

-Хўп, айтчи, қаерда тушиб қолганди бу пул? 

Ҳасан акам дудуқланиб қолди. Ўзини тутишидан ёлғон гапираётганини сезиш қийинмасиди. Онам акамларга «Бўлди, боғланглар», деди. Шунда Ҳасан: 

-Ухлаётганда илиб қўйилган кийимининг чўнтагидан олгандим, - деб йиғлади. Онам гап бошлади: 

-Чўнтагидан сўрамай олдим деяпсанми? Ўғирладим, дегин! 

Бобом ички чўнтагидан пул халтасини чиқариб, пулларини ҳисоблаганди, чиндан ҳам пул кам чиқди. Бу дегани бутун бошли оиланинг ярим ойлик тирикчилик ҳаражати эди. Онам бобомга «Дада, ўзингиз айтинг, нима қилайлик энди бу болани?», деди. Бобом икки кафтини бир-бирига уриб, маҳзун ўтирарди. Онамга заиф овозда «Боғлаб қўйинглар!», деди. Онам жиддий айтяптими, дегандай бобомга боқди. Бобом гапини бош кўзи билан ишора қилиб тасдиқлади. Бизга ҳам ўткир нигоҳ билан қараб қўйдилар. Бундан қолган болалар ҳам кўриб қўйсин саёқ юришнинг оқибати қандай бўлишини, деган ишорани тушундик. 

Онам Ҳасан акамни дод-войига қарамай устунга боғлаб қўйди. Кейин Ҳасанни койий бошладилар: 

-Эх, аттанг.. Шаҳид инсоннинг фарзанди бўлатуриб шундай иш қилгани уялмадингми? Шаҳиднинг маъносини биласанми? Шаҳид бўлган одамнинг фарзанди бобосининг чўнтагидан пул ўғирлайдими? Тирикчилик учун кекса бобонг зўрға топиб келаётган пулни ўғирладингми, Ҳасан? Уят-уят. 

Сўнг онам бизга бақира кетди: 

-Уйга киринглар, дедим. Киринглар уйга! Хонадан чиқсанглар кўрсатиб қўяаман сенларга! 

Биз ҳаммамиз уйга кириб кетдик. Шундан сўнг зарурат бўлмаган пайт ташқарига чиқармади, эрта ухлашга мажбур қилди. Бу сафар босқинчилар томонидан эмас, онамнинг карантинига тушиб қолган эдик.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.