26.11.2024 21:30

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, ўнинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Ўнинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.

***

Қурол-аслаҳарни йиғиш Абдулфаттоҳга юкланганди. Чунки унинг тижорати бу ишда қўл келарди. Тижорий моллари бу ишга яхшигина ғилоф бўларди. Шундай қилиб, оз фурсат ичида ташкиллашган гуруҳлар кичик-кичик амалиётлар -  Исроил ҳарбий машиналарига граната улоқтириш, ўққа тутиш ёки мерган орқали аскарларни мўлжалга олиш кабилар билан шуғулланишни бошлаб олди. Янги уюшган бўлишига қарамай, худди илгари асос солинган бошқа минтақадаги жангчилардек амалиёт олиб боришарди.

Аллақайси амалиётларнинг бирида ушбу гуруҳ аъзоларидан бири кичик бир хатога йўл қўйиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинади. Сўнг улар қаттиқ тазйиқ ўтказилиб, тергов қилганида, айримлар айбини эътироф қилишади. Шу тарзда суриштирувлар натижасидаги тахминлар Абу Алийга олиб боради. Ўшанда Абу Алийни қўлга олиб, қаттиқ қийноққа солишганди. Абу Алий саботли ва қатъиятли инсон эди, қўйилган майда-чуйда айбларни ҳам бўйнига олмади. 

Абу Алийнинг иши кўрилар экан, суруштирув натижалари Абдулфаттоҳ билан қалин дўст бўлганини, иккиси ош-қатиқ бўлиб юришганлари ҳақидаги маълумотларни ҳам қўлга киритишганди. Шундан кейин Абдулфаттоҳнинг уйига бир гала ҳарбийлар келиб, уйини қаттиқ тафтиш қилишди. Жиҳозларини ағдар-тўнтар қилиб, аёли (Фатҳия хола)ни ҳам қўлидаги матоҳи билан дўппосладилар. Ҳатто, қўлидаги чақалоғи ҳам онасига келиб тушаётган зарбалардан ўз насибасини олганди. Узоқ давом этган тафтишдан сўнг Абдулфаттоҳни Халил қамоқхонасига олиб кетишди. У ерда уни жаҳаннам азобига рўбарў қилдилар. Кучли қийноқларга солишди. Терговда ундан Абу Алий ҳақида, у билан қандай алоқаси борлиги ҳақида сўрашарди. Гўё Абу Алий барчасига иқрор бўлганини, энди инкор қилишга ўрин қолмаганини, бекордан-бекорга қийналаётганини айтиб, ҳийла ҳам қилишарди. Ҳеч нарсани бўйнига қўйиша олмагач, Абдулфаттоҳни олти ойлик маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилишди. Абу Алий эса айрим йигитларнинг қийноққа дош беролмай берган баёнотларига асосланиб, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Мана шу ердан бошлаб Абдулфаттоҳнинг янги оламга  - қамоқхона оламига саёҳат бошлаганди. Холам қўлида гўдаги билан ҳар ойда бир марта кўришишга борарди.
***
Қишлоқ марказидан Халилга юрадиган биргина автобус бўларди. Марказдан то Халил шаҳридаги  ҳарбий қароргоҳда жойлашган қамоқхонагача йўл узоқ, соатлаб юриларди.  Қамоқхона ташқарисида юзлаб одамларнинг маҳбусликда сақланаётган фарзандлари ва яқинлири зиёратига келганини куриш мумкин.  Холам ҳам аёллар турган қаторга ўтиб, бир қўлида боласи, иккинчи қўлида шахсини тасдиқловчи ҳужжат (айдикарт)ни ушлаб турарди. Навбат кўплигидан холамнинг навбати келгунича посбонларнинг иш вақти тугаб, кейинги кун келишларини эълон қилишарди. Алал-оқибат навбати ҳам келиб, панжарали эшик ортида турган зобитга қўлидаги ҳужжатини берарди. Зобит текширар, рўйхатига киритиб, эшикни очарди. Ичкарида бўлса, бир ҳарбий аёл паст назар ила боқар, хақоратомуз услубда тафтиш қиларди. Холам зўрға эришилган кўришиш фурсатини бой беришдан қўрқиб, пасткаш тафтишчи аёлга нисбатан  ғазабини ичига ютарди. Тафтишдан ҳам ўтгач, ҳамма зиёратга келган аёллар бир хонага жамланиб, сўнг заиф ёритиладиган узун йўлаклар-у даҳлизлардан олиб ўтилар, сўнг, симли панжаралар қилинган деворга олиб кириларди. Ҳар бир дераза олдида бир асир туриб, зиёратга келганлар орасидан ўзининг яқинларини қидирарди. Яқинини топган зиёратчилар ўша панжараларга отилиб борар , болакайлар отасининг бўйнидан қучолмай йиғлаб суҳбатлашишарди. Кимлардир жигаргўшасини кўргани келган, раҳм қилмас кишанларда турган фарзандининг аҳволидан куйиб, кўзларидан дув-дув ёшлар оқарди. Узоқ масофани босиб, узун навбатларда кунлаб кутиб, хақоратли тафтишларига кўз юмиб, файзсиз, қоронғу йўлакларидан босиб ўтиб етишган яқинларига ҳали тўймасидан туриб посбонларнинг  «Зиёрат вақти тугади»,  дея бақирган овози тишни милкдан суғургандай зиёратчиларни асирлардан юлиб чиқарди. Зиёрат вақти тугаганини билдирган посбонларнинг икки кафтини бир-бирига уриб чиқараётган овоз  аслида яқинларига муштоқ қалбларни янчар эди. Асирларни судраб, орқага тортишар, зиёратга келганларни эса ташқарига турткилаб чиқаришарди. Бу пайт ҳамма зиёратчиларнинг ҳиссиётлари жўшиб йиғи-сиғи овозидан шовқин кўтариларди. Холам эса посбонлардан кўз ёшини яширар, эрининг ҳақ эканлигини айтиб, бардам бўлишга чорлар эди. Посбонлар зиёратчиларни турткилаб чиқараркан, холам беихтиёр кўзидан томаётган кўз ёшини рўмолининг бир бурчагига артиб, йиғлаётган одамлар оралаб: «Сиқилманг, муҳими, бардам бўлинг! Ҳеч нарсани ўйламанг, ҳўпми? Хайр. Кетяпмиз...» - дея узоқдан туриб баланд овозда хайрлашарди.
***
Турли кўчаларда, қишлоқлар ва лагерларда янги-янги пайдо бўлаётган гуруҳлар янги қўлга киритган ёки ота-бобосидан мерос қолиб яшириб қўйган қуролларини олиб, Ғарбий Соҳилнинг вайрона бўлган ерларига қадар ёйилиб борарди. Йигитлар турли водийлар  ва баланд тоғли ҳудудлар орқасига жойлашиб, ўзлари билан олиб келган қуролларини ишлатиш режасини тузишарди. Душман кўринганида қўлларидаги қурол-аслаҳалари оддий ва оз бўлишига қарамай, қолаверса, жанговар тажрибаси бўлмаса-да тўқнашувга муштоқ бўлиб, ҳозир туришарди. Сабаби, улар дошқозондаги қайнаётган сувдек қайнаб тошардилар. 

Ўша, Абдулфаттоҳ билан Абу Алий бир гуруҳ тужжорлар билан чойхўрлик қилинадиган дўконда тижоратчилар яна ўтирволиб гап сотишарди. Улар Абдулфаттоҳ билан Абу Алийнинг ҳибсга олиниши, ёш умрларини ҳазон қилганлари ҳақида суҳбатлашишарди. Айримлар жанг қилмаслик кераклигини айтса, бошқаси аввалдан иккаласи ҳақида шундай гумони бўлганлигини айтарди. Яна кимдир уларни ҳибсга олиниши, уларнинг қилган ишларида чин, холис эканини билдиришини айтиб, мақтарди. Яна бири бўлса, агар Абдулфаттоҳ жимгина тижоратини қилиб юрганида, кунига уч Исроил лираси ишлаб топган бўлишини, шунча вақт қамоқда ўтириш ўрнига 500 лирадан кўпроқ пул топган бўлишини айтиб, ҳисоб-китоб қиларди. 

Исроилга қаршилик қилаётган жангарилар сабабли кўпчиликнинг иқтисодий аҳволи жуда ёмон эди. Шуни баҳона қилиб, босиб олинган ҳудудда янги шаҳар барпо қилиш учун кўплаб ишчиларга эҳтиёж борлигини олға суришарди. Бундан қийналиб қолган фаластинликларга ёрдам қўлини чўзмоқчидек бўлгани тушуниларди.

Хавфсизлик жиҳатидан обдон ўрганиб чиқилгач, чиндан ҳам ишғол қилинган ерларга бориб ишлаш рухсати эълон қилинди. Одамлар 1948 йили босиб олинган ерларга бориб ишлаш учун ҳужжат топшира бошладилар. Бу нарса фаластинликлар орасида ўта кучли ихтилофларни келтириб чиқарди. 
***
Ҳовлимиз орқасидаги мажлисхонага яна оқсоқоллар йиғила бошлади. Бобом кексайиб қолгани, сўнгги кунларда бетоб бўлганларига ҳам қарамай ҳар кунги йиғилишга чиқар, ҳодисалар муҳокамасига мунтазам аралашиб келардилар. Бу сафаргисида ҳам чиқдик. Янги мавзуда одамлар иккига бўлиниб қолди.  Баъзилар қаттиқ эътироз билдириб, ўзимизни ўлдиришга ташна душманимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаб, яна ўзимизга қарши кучлироқ бўлишига ҳисса қўшмаслигимиз керак, дерди. Кимлардир у ерга бориб ишлашни хиёнат турларидан бири дея ҳисобларди. Бунинг муқобили ўлароқ, кимдир Исроил оёққа туриб олганини, бир неча юз ё минг одам бориб ишламагани билан Исроил парчаланиб қолмаслигини айтиб, боришни маъқулларди. Уларнинг қарашига кўра, бу масалага фақат бир жиҳатдан ёндашмоқ керак эди - бир луқмага зор, гўдагига сут зарур бўлган оилалар мавжудлигини ҳисобга олиш лозим. Қийин ва аламли бўлишига қарамай, Исроилга ишлашга ўтишни маъқулланиши ҳам халқни қўллаш демак, дея тушунишарди. 

Чойхўр тижоратчилар мажлисида Халилдан кўра Исроилга бориб ишлаган фойдалироқ деб ҳисобланарди. Чунки уларни рақамлар кўпроқ қизиқтирарди. Нима бўлганда ҳам, катта фурсат эшиги очилган, иқтисодий ривожланишга зўр имконият, дея баҳоланарди. Бунинг акси ўлароқ, жангчилар буни жиноят деб билишарди. Кимлар ишлашга бориш рухсатини олгани ҳақида маълумотлар йиғиб, бунинг хатарли эканлигини тушунтирганларидан сўнг ҳужжатларини йиртиб юборишар, гапга кирмаганларга бир-икки марта тушириб, эсини киритиб қўйишарди. Ёки қаттиқроқ гапириб бўлса ҳам қайтаришарди. 

Ишлашга рухсатни қўлга киритганларнинг бири саккиз боласи борлигини, хайрия жамғармалари берадиган ёрдамлар уларга етмагани учун ишлагани бормаса бўлмаслигини айтиб, илтимос қиларди. Бунинг оқибатини тушунтиролмаган жангарилардан бири кўзидан ёшлар оқиб, қўполликларсиз рухсатномани минг ҳижолатда йиртиб ташлайди.

Еттинчи фасл

Маҳмуд акамнинг якуний имтиҳонларидан бир неча ҳафта олдин уйимизда фавқулодда ҳолат жорий қилинди. Қай биримиз овозимизни кўтариб гапирсак, онам «Маҳмуд акангнинг якуний имтиҳони бор, бироз тинчлик яратиб беринглар», деб койирдилар. Одатдагидай қувлашмачоқ ўйнасак,  ё бирортамизнинг қўлимиздан нимадир тушиб кетса, ё биримиз бошқамизга ҳазил қилиб силкиб қўйсак ҳам, қулоғимиздан бураб қўярди,  ё бир тарсакидан насиба олиб олардик. Онамнинг дарди Маҳмуд акамнинг имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб олиши бўлиб қолганди, холос. 

Қай биримизга онамнинг келтагини егизишни хоҳлаб қолсак, ўшанга қараб юзимизни буриштириб, кулгули қилиқлар қилардик. Кўпинча опам бундай ҳолатда ўзини тутиб туролмай, кулиб юборарди. Қанча ўзимизни босишга ҳаракат қилмайлик, беихтиёр кулиб юборардик ва яна кулаётганимизнинг сабабини билолмаган онамдан насибамизни олардик. 

Биз йиллик имтиҳонларимизни тугатган бўлсак, Маҳмуд акамнинг якуний имтиҳонлари бир ойга кечиккан эди. Бу имтиҳонларимизни якунлаган бўлишимизга қарамай, фавқулодда ҳолат яна давом этади, дегани эди. Шундай қилиб, Маҳмуд акамнинг имтиҳонлари тугашини Исроил босқини тугашидан ҳам кўпроқ кутдик. Ва ниҳоят, сўнгги имтиҳонини якунлаб, мактабдан қайтиб келганида,  катта маросим билан кутиб олдик. Икки ой ичимизга ютганларимизни сочиб солдик. Уйимиз бақир-чақир кулгу овозига тўлди. Ҳамма  - ака-ука, опа-синглларим билан Маҳмуд акамга ёпирилиб, уриб-тепиб икки ойлик аламимизни олдик. Онам аввалига ростдан уришяпти деб ўйлаб, «Нима қиляпсизлар? Бўлди қилинглар!» - дея бақирарди, аммо фойдаси йўқ эди. Охири ўзи ҳам кулиб юборганини яширолмай қолди, онагинам. Кейин Маҳмуд акамга қўшилиб ҳаммамиз онамга ҳужум қилиб, биримиз қўлларидан, биримиз оёқларидан, яна биримиз пешонасидан ўпиб эркаладик. Онам бўлсалар, биздан қочишга уринар, биз эса ортидан қувиб, етиб олиб, яна қучоқлардик. Совуқдан ёрилган, меҳнатлар оқибатида тошдай қотган меҳригиё қўллари билан оғзини тўсиб кулгусини яширмоқчи бўлсалар-да, алласини тинглаб улғайган қулоқларимиздан кулгу товушларини яширолмасди. 

Имтиҳон натижалари ҳаммамиз учун муваффақиятли бўлди, фақат 9-синфда ўқиётган амакиваччам Ҳасан имтиҳондан йиқилганди. Энди икки ой кучли назорат остида бўлган Маҳмуд акамнинг натижаларини кутишимиз қолганди, холос. Унинг якуний натижаси келадиган куни янада жиддийроқ фавқулотда ҳолат эълон қилинди. Ҳаммамиз Маҳмуд акамни қандай хабар олиб келар экан, дея кутардик. Кун бўйи куттирган акам дарвозадан хурсандчилиги ичига сиғмай чопиб кирди. Кириб, биринчи айтган сўзи:  «Она! 92 фоиз экан!» - бўлди. Онам зағрура чалиб нишонлади, биз бўлсак, яна икки ойлик меҳнатимиз самарасини ўтган галгидай акамни босиб олиб, қийноққа солиш билан нишонладик.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.