31.10.2024 19:05

«Чиннигул ва тикан»

Азиз ўқувчилар! Фаластин заминида рўй бераётган қонли уруш барчамизнинг қалбимизда чуқур бир яра пайдо қилди. Бу яра танамизга оғриқ бериб, худди иситма тутгандек беҳузур бўлар эканмиз, бегуноҳ фаластинликларга нақадар оғир эканини оз бўлса-да тасаввур қиламиз. Аммо марҳум қўмондон, мард жангчи, ўз ватани ва миллатининг содиқ ўғлони Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикон” деб номланган қиссасини ўқисангиз, бу тасаввурларингиз янада кенгаяди. Бугундан ушбу асар таржимасини оз-оздан эълон қилиб борамиз. Таржимон – Маъмур Мухтор. Муқаддима ва биринчи фасл.

Муқаддима

Барча ҳодисалар ҳақиқат бўлса-да, бу – мен ёки муъайян бир кишининг қиссаси эмас. Бу китобдаги ҳар бир ҳодиса ёки ҳодисалар тўплами у ёки бу фаластинликка тегишлидир. Адабий шартларга мувофиқ бўлиши учун айрим мавзулар муъайян шахслар атрофида юритилди. Ундан бошқа барчаси яшаб кўрганларим, аксари суюкли Фаластинда ўн йиллаб яшаган инсонлар, уларнинг қўни-қўшнилари ва аҳли оилалари оғзидан эшитган ҳақиқатлардир.

Бу китобни «Исро ва Меърож» муҳитига қалби боғланган ҳар бир инсонга туҳфа этаман.

Яҳё Иброҳим Синвар

«Биър Сабъ» қамоқхонаси

2004 йил.

Биринчи фасл

1967 йилнинг қиши жуда оғир келди. Гўё кетгиси келмаётгандек қуюқ булутлари билан баҳорнинг илиқ қуёшига ўз нурларини сочишига йўл бермас, совуқ шамоли билан ҳайдаб солар эди. Осмондан қатра-қатра бўлиб ёғаётган муздек ёмғир томчилари эса Ғазодаги муҳожирларнинг бежирим чодирларини сувга ғарқ қилай дерди. Тошаётган сел эса одамларни яқингиндан ўтган катта кўчадан пастроқда жойлашган кичик уйчаларидан қувиб чиқарар, чодирларида беҳаловатликларга сабаб бўларди.

Қаҳратон қишнинг яхлаган сели кичкинагина ховлимиз саҳнисига қуюлар, сўнг оиламиз яшайдиган айвонга оқиб келарди. Мен, уч акам ва синглим қўрқувдан титрардик. Синглим ҳали гўдак, шунинг учун улар орасида энг кўп мен қўрқардим. Ота-онам одмигина уйимизга бостириб кирган сув тўшакларни шалаббо қилмаслиги учун уларни йиғиштириб олишди. Мен онамнинг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб олгандим, эмизикли синглим эса онамнинг қўлида. Ўша даҳшатли тунда ҳам ўзига оро беришни унутмаган онамнинг қучоғида кечаси билан бир неча бор уйғондим. Кичкинагина уйимизнинг тешик томидан чакка ўтар, ёнгинамга томчилаётган томчилар учун алюмин идиш қўйиб қўйилган экан. Олдимда алюмин, нарироқда сопол идиш, бошқа тарафда ҳам қандайдир идиш турар, ҳар гал кўзим уйқуга кетганида ўша идишларга томаётган томчиларнинг овозидан уйғониб кетаверардим. Идишлар сувга тўлгани сайин томаётган томчилар атрофга кўпроқ зарраларини сочарди. Онам тўлган идишларни бўшатиш учун ташқарига олиб чиқиб, тўкиб келарди.

Баҳорнинг илиқ қуёши қишнинг асарларини ўчира бошлаб, ўрнини эгаллаёзган кунларнинг бирида етти ёшли акам Муҳаммад қўлимдан тутиб, Миср ҳарбийларининг олдига етаклаб оборганини яхши эслайман. Ўшанда беш ёш эдим. Миср ҳарбийлари бизни жуда яхши кўришарди. Ўша ҳарбийлардан бири исмимизни сўради. Биз ўзимизни таништирдик. Бироз вақт ўтиб, "Ҳой Муҳаммад, Аҳмад! Бу ерга келинглар!" деб чақирди. Акам билан ҳар галгидек чопиб бориб, бошимизни ерга эгганча ширинлик беришини кутиб турардик. Бизни чақирган амаки ҳарбий либосининг чўнтагидан хандонпистали ширинлик чиқариб, бизга узатди. Ҳар биримиз ўз насибамизни олгач, пўмлаб-пўмлаб ея бошладик. Бояги ҳарбий амаки елкамизга уриб, бошимиздан силаб қўйди-да, " Энди уйингизга боринглар!" деди. Биз югурганча чодирларимиз томон кетдик.

Шу зайлда узоқ ҳукм сурган қаҳратон қиш ҳам тугади. Кунлар илий бошлади. Кетма-кет келаётган илиқ кунлардан совуқ қишнинг қайтишига ҳали узоқ эканлигини англадим. Энди яхлаган ёмғир томчилари хавф солмас эди. Аммо атрофимдагилардан кучли хавотир ва хавфсирашни сезар эдим. Оиламдагилар ўша ёмғирли совуқ кечадан ҳам кўпроқ тушкун ҳолатда эди. Нима бўлаётганини тушунолмасдим, лекин шуни билардимки, атрофдаги ҳолат табиий эмасди. Онам чакка ўтганда фойдаланадиган идишларини ҳам ховлида қолдирди. Отам қўшнимиздан кетмон олиб чиқиб, ховлида чуқур хандақ қазий бошладилар. Ўн икки ёшли Иброҳим акам отамга кўмаклашарди. Хандақни қазиб бўлгач, отам уни устини ёғочлар билан ёпа бошлади. Яна ховлида нималарнидир қидириб юрарди. Кейин ошхонамизнинг эшигини суғуриб олди-да, ўша хандақнинг оғзига ташлаб, устини тупроқ билан кўмиб ташлади. Иброҳим акам билан онам иккисининг ўша хандақнинг ҳали беркитилмаган туйнугидан тушиб чиқаётганларини кўрардим. Аста бориб, ўша очиқ туйнукдан боқишга журъат топдим.

Қарасам, ер остидаги қоп-қоронғу хонага ўхшаган жой экан. Нима бўлаётганини тушунмасам-да, ёмон иш бўлишини сезаётгандек эдим. Бу - ўша ёмғирлик совуқ кечадан ҳам ёмонроқлигини сезардим.

Энди ҳеч ким ширинлик олиш учун қўлимдан тутиб, Миср ҳарбийлари турадиган ерга олиб бормас, аксинча, акаларим қайта-қайта бормаслигимизни тайинлашарди. Бу ишлар, ўзгаришлар менинг кичкина юрагимга катталик қиларди. Акаларим ширинлик олишга олиб боришмагач, амакимнинг мен билан тенг Иброҳим исмли ўғли ҳам ҳарбийлардан ширинлик олиш сиримизни билгани учун унинг олдига бордим. Унга бирга борайлик, демоқчи бўлиб боргандим. Эшикни очиб кирганимда, амаким қўлидаги милтиғини созлаб ўтирганди. Кўнглимдан мен ҳам шундай қилсам эди, деган ҳис ўтди. Ўша милтиқ эътиборимни жалб қилганидан бир мунча вақт унга термулиб қолдим.

Амаким менга боқди-да, олдига чақириб, қўлимга милтиғни тутқазди, сўнг мен тушунмайдиган гапларни гапирди. Кейин бошимдан силаб, "Бор, ўғлим, энди боравер", дея хонадан чиқариб юборди. Сўнг амакиваччам Иброҳим билан яқинимизда жойлашган Миср ҳарбийлари турадиган ерга йўл олдик. У ерга етиб борганимизда ҳамма нарса буткул ўзгариб кетганди. Ҳар галги жилмайиб кутиб оладиган ҳарбий амаки бизни кутиб олмадилар. Қачон борсак, кулиб қарши олишарди. Аммо бу сафар аксинча, бизга "Кетинглар, онангизни олдига боринглар!" дея баланд овозда бақиришди. Ҳеч нарса табиий эмасди. Бу ўзгаришларни тушуна олмасдим. Ширинликдан насибамизни ололмай, қўрқув билан ортга қайтдик. Эртаси куни онам баъзи чойшабларни олиб, ҳалиги хандақ ичига тўша бошладилар. Икки ё уч идишда сув ва бироз егулик ҳам захиралади. Бизни ҳам олиб тушиб, ўтқазиб қўйди. Бироз вақт ўтиб, келин ойим ва ўғиллари Иброҳим ва Ҳасанлар ҳам бизга қўшилди. Бу жойга нега тўпланиб олганимизнинг сабабини билмаганим бу хандақдан безор қиларди. Кенг кўча, ховлини ташлаб, шу ерга олиб тушилгандик. Ҳар гал чиқишга уриниб, ўша туйнукка интилганимда, онам қаршилик қилар, овутиш учун нон ва бироз зайтун берарди. Шундай қилиб, қуёш ҳам ботди, зулмат кучая бршлади. Хандақдаги қўрқув энди икки баробарга ортди. Биз ташқарига чиқишга интилсак, ойим билан келинойим қаттиқ қаршилик қилишар, йиғласак, "Болларим, ташқарида уруш бўляпти. Урушни биласизларми? Уруш!" дейишарди. Уруш нима эканлигини билмасдим. Ўшанда уруш, бу - қўрқинчли, зулматга тўла нарса эканлигини англадим.

Давоми бор..

Маъмур Мухтор таржимаси 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.