29.11.2024 20:15
“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, ўн биринчи қисм)
Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Ўнинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
***
Онам ошхонага чопиб кириб, ҳилба донини қайнатдилар-да, сувига шакар аралаштириб, хамир қорди. Ширинликни қолипга қуйгач, Маҳмуд акам уни печга жойлади. Ширинлик тайёр бўлгач, ҳали идишга солинмасидан егимиз келарди. Ҳаммамиз ёпирилиб келганимиздан онам табриклаш учун чиқадиган қўшнилар учун ҳам бир неча ликобча олиб қўйишга зўрға улгурди.
Кунлар ўтиб, бобомнинг аҳволи ёмонлашди. Сўнгги кунлардаги ҳолатидан бизни ташлаб кетишининг иси келиб қолганди. Хасталиги боис фақат жума намозига чиқишга ярар, қолган намозларга бориш тугул, ҳатто ўз хонасидан ҳовлимизга ҳам чиқа олмай қолганди. Ҳовлимиз орқасидаги мажлисхонага-ку, аралашолмай қолганди. Имтиҳонлар натижаси чиққанида ҳам хурсандчилигимизга шерик бўлолмади. Эҳтимол, бунга Ҳасан акамнинг имтиҳонлардан йиқилгани сабаб бўлгандир. У учун ҳам ғам-ташвиш чекиб, аҳволи ёмонлашганди-да. Шундай бўлса ҳам, акам имтиҳондан муваффақиятли ўтиб келган куни кечаси билан бобомнинг олдида бўлдик. Атрофида гирён бўлиб, кулдиришга ҳаракат қилардик. Маҳмуд акам Миср олийгоҳларидан бирига кириш учун олдида бир ёз бўлиб, бу унинг учун ўқишига маблағ жамлаб олиш учун қулай фурсат эди.
1948 йили босиб олинган ерларга бориб ишлаш фикри мутлақо рад қилинганди. Шунинг учун тоғамнинг корхонасида ишлашда давом этгани маъқулмикин, дея ўйлаб қолинарди. Ўқиш учун қўшимча иш қидириш ҳақида ҳам кўп ўйлади. Бу масала ҳақида онам иккиси узоқ бош қотиришиб, охири тоғамнинг корхонасида Муҳаммад ва Ҳасан акаларни қолдириб, Маҳмуд акамни у ердан бўшатиш фикрига келишишди. Ташқарида жиддийроқ ишлаб, ўқишга кўпроқ жамғарма қилиш режа қилинди. Уларнинг режасига кўра, иш бошлаш учун катта сармоя бўлиши ҳам зарур эмас. Шундай қилиб, Маҳмуд акам сабзавот бозорнинг бир четидан ўзига жой тайёрлашга қарор қилди. Албатта, бунинг учун бир неча лира кифоя. Кўп даромад қилмаса-да, агар жамлаб юрса, ўқиш бошлангунига қадар бир йилига етадиган пул тўплаб олиши мумкин. Шундан сўнг онам Маҳмуд акамни тунги карантин вақти тугагани эълон қилиниши биланоқ уйғотар, Маҳмуд акам эса, эрталабда бўладиган улгуржи бозорга бориб, уч-тўрт лирага яраша сабзовот харид қиларди. Сотиб олган бир неча турдаги сабзавотларини бозорнинг бир бурчагида ерга этагини ёзиб, устига тахлаб чиққач, сотишни бошларди. Пешиндан сўнг ошиб қолган сабзавотларни уйда ишлатиб юборгани онамга олиб келиб берарди. Кунлик ишидан йигирма ё йигирма беш тийин сақлаб қўядиган бўлди. Тез-тез кучли назоратли карантинлар бўлиб тургани учун қўни-қўшнилар ҳам сабзавотларни Маҳмуд акамдан оладиган бўлишди. Қарабсизки, уйимизнинг бир бурчаги ҳам Маҳмуд акамнинг бозорига айланди.
***
Фидойилардан кетма-кет зарбаларга дучор бўлиб, пистирмаларга тушаверган босқинчилар вазиятни назоратга олишнинг бошқача йўлига ўтишди - лагернинг хиёбонларини торайтириб, назоратга олиш осонлашиши учун каттароқ кўчаларни тўсиқлар билан бўлиб, бир неча қисимга ажратиб юборишди. Буни амалга оўириш жараёни қуйидагича бўлганди:
Аввалига гўё уруш қайта бошлангандай кучли карантин жорий қилинди. Кейин каттароқ маҳаллаларда алланималарни ҳисоблаб бўлишгач, айрим уйларнинг деворига қизил рангда катта қилиб «X», баъзиларига эса кичикроқ «X», айримларига тўғри чизиқ чизиб чиқишди. Сўнг катта «Х» чизилган биноларнинг олдига яқинлашиш мумкинмаслигини билдирувчи пешлавҳалар осилди. Ана шундан сўнг бундай белгилар қўйилган уйларнинг эгаларига огоҳлантирув берилди. Катта «Х» қўйилган уйлар таг-туги билан бузилади, кичкинаси ва тўғри чизиқ чизилган уйларнинг бир қисми бузилади. Кимнинг уйи бузилиши ҳақида огоҳлантирувчи қоғоз келса, ўша хонадонда дод-вой бошланарди. Ахир бу шўрликлар гўдаклари ва аёлларини еталаб қаерга бориши мумкин?! Нима ҳам қилишарди? Бир амаллаб солиб олган эплама уйидан ҳам айрилиб, қайтадан кўчада қоларди-да. Бизнинг омадимиз бор экан шекилли, уйимиз бузилиши кўрсатилган уйлар қаторидан жой олмаганди. Қўшниларнинг уйи бузиб юборилгандан сўнг орқа томондаги тор йўлагимиз катта кўчага айланиб қолди. Қолаверса, уйимиз бузилмагани Маҳмуд акам учун ҳам омадли бўлди. Чунки ҳовлимизда жамлаган сармояси барбод бўларди, бунинг оқибатида Ғазодан чиқолмай қолиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳнинг акамга ва бечора онамга меҳрибонлиги бўлган. Ўшанда онамнинг акамга «Худонинг сен билан менга марҳамати бўлди-да болам», деганини эслайман.
Бир қанча кун ўтиб бульдозерлар ортидан катта қўшин келди-да, ўша хонадонлар бузишлишини қайта эълон қилиб, бўшатиб қўйишларини талаб қилди. Ана ундан сўнг худди йиртқич ҳайвон ўлжасига ташлангандай уйларни аямай бузиб солишди. Қайтадан кўчада қолган юзлаб эркагу аёл ва болаларнинг яна қалби парчаланди. Бульдозерлар уёқдан буёққа бориб келар, ҳар борганда ё қайтганда кишиларнинг бири унинг олдини тўсар, ё бирор аёл чиқиб, ўзининг юзига уриб додларди. Уйидан ҳали бола-чақасини олиб чиқмаган бир киши бульдозернинг тагига бориб ётиб олса, ҳарбийлар томонидан аёвсиз калтакланарди. Кеч кириб, одамларнинг жароҳатларига жароҳат қўшилди. Келинойим янги оилага узатилганидан сўнг катта амакиваччаларим билан бобом марҳум амакимнинг уйига кўчиб ўтишганди. Онам уйи бузилган қўшниларимиздан икки оилага то бирор бошпана топгунларича ўша ҳовлига кириб туришларига изн берди. Бундан қўшниларимиз жуда ҳам миннатдор бўлишди. Эртаси куни «Қизил хоч» ташкилотидан бир вакил келиб, вайрон қилинган хонадонларни кўздан кечирди, керакли баёнотларни ёзиб кетди. Эртасига эса муҳожирлар учун уй-жой қилиб берадиган яна бир ташкилотдан келишди. Улар ҳам ҳамма уйи бузилганларга бошқа минтақадан уй қуриб берилишини айтиб кетди. Бу гўё одамлар учун муаммоларига осмондан тушган ечимдек ёққанди.
Одамлар ваъда берган ташкилот вакилларини «Қачон кўчиб ўтсак бўлади?», «Қуриб берадиган уйингиз қаерда бўлади?», «Қандай уй қуриб берасизлар?» каби юзлаб саволларга кўмишди. Вакиллардан тайинли жавоб чиқмади. Аммо шундан бир ой ўтиб, одамлар 1967 йили Исроил босиб олган Аъриш шаҳридаги ё Ғазонинг ўзидаги янги уйларига кўча бошладилар. (Аъриш Мисрнинг сино минтақасидаги шаҳарчалардан бири. Ўша пайтда Исроил томонидан босиб олинган, сўнг яна Миср тасарруфига ўтган).
Амакимнинг уйида вақтинча яшаб турган оила ҳам қолган уйсиз қолган оилалар каби янги уйларига эга бўлишди.
***
1948 йилда босиб олинган ерда янги шаҳар барпо этиш мақсадида меҳнат муҳожирлари учун эшиклар очилгани халқ орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Аммо кўп эшикларнинг берклиги, бир бурда нон олиб келишини кутиб ўтирган қора кўзлар учун ҳам кўплаб эркаклар бориб ишлашга мажбур бўлдилар.
Қимматчилик, дори-дармон, таълим каби нарсаларга бўлган кучли эҳтиёж, у ерга бориб ишлашдан тўсувчи ҳар қандай қаршиликдан устун келарди. Ота-оналарда фарзандлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, турмуш тарзини ўнглашга хоҳиш кучайиб борарди. Аввалига зарурий эҳтиёж билан бошланган бу меҳнат сафари бора-бора табиий турмуш тарзига айланди. Фидойилар эса одамларни бундан қайтаришга ожиз эдилар.
Лагерни қисмларга бўлиб, бошқа тарафдан ичкарида меҳнат муҳожирлари учун рухсатлар берилиб, жангчилар билан тўқнаш келиши кескин пасайиб, босқинчи хуфиялари-ю ҳарбийлари сал-пал роҳат топиб қолишгани шундоқ равшан эди. Шундан сўнг одамлар Ғарбий Соҳил ва Ғазодан Ҳайфа, Яфа каби соатлаб юриладиган шаҳарлардаги иш ерларига ўз вақтида етиб боришлари учун тунги карантинни ҳам қисқартиришди. Яқинлари ичкарида ишлаб юрганларнинг турмуш тарзи даражама-даража ўнгланиб бораётгани кундек равшан эди. Ҳали ишлашга кетганига ҳеч қанча бўлмай, буниси уйининг томини шифер билан ёпаётган, буниси «Двп»-«Дсп» маҳсулотларидан фойдаланаётган, яна бири деворини кўтараётган, наригиси уйига мустаҳкам дарвоза ўрнатаётган, бошқаси қоплаб цемент ва денгиз соҳилининг садаф қориштирилган қумидан олиб келиб, усталарга ҳовлисини текислатаётган бўларди. Шу тариқа уй-жойларнинг кўрки оша бошлади. Бизнинг уйимиз илгари қолганларнинг уйига қараганда тузукроқ эди, лекин атрофдаги уйлар ривожланиб кетгач, энг пастқам уйлардан бўлиб қолди. Уйида катта ўзгариш қилишга қодир бўлмаганлар брезент олиб келиб, томига ёпар ва чор атрофидаги ҳалқасимон тешикчаларидан ип ўтказиб, шиферга боғлаб чиқишарди, сўнг четларига ёғоч бўлаклари қўйиб чиқилиб, яхшилаб михланарди.
Ҳар ҳолда, ёмғирли кунлари чакка ўтишидан сақлайди-да. Нима бўлганда ҳам, ухлаётганингизда уйингиз томидан чакка ўтиб, ҳамма нарсани шалаббо қилмайди, уйғотиб юбормайди.
Онам билан Маҳмуд акам бунинг нархини ҳисоблаб чиқиб, бизнинг ҳам уйимизни шундай брезент билан ёпишга қарор қилишди. Акам бир ҳовуч мих, ёғоч бўлаклари ҳамда брезент сотиб олиб келди. Ҳасан ва Муҳаммад акаларим кўмаклашиб туришди, Маҳмуд акам дид билан бутун томни ёпиб чиқди.
Томимизга брезент тўшалиши билан қишги ҳаётимизда туб ўсиш бўлди - энди ёмғирли тунларда чакка ўтиб, сопол идишларга томаётган муздак томчиларнинг зарралари юзимиз ва тўшакларимизга сачрашидан қутилгандик.
Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор