07.08.2024 06:41

Яҳё Синвар ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланди: Яҳё Синвар ким?

ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги раҳбари Яҳё Синвар Эронда ўлдирилган Исмоил Ҳания ўрнига ташкилот Сиёсий бюроси раиси этиб тайинланди.

"ҲАМАС марҳум раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўрнига қўмондон Яҳё Синвар ҳаракатнинг сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланганини эълон қилади", дейилади ҲАМАСнинг Телеграм саҳифасида эълон қилинган ёзма баёнотда.

ҲАМАС 3 август куни қилган баёнотида ўлдирилган Сиёсий бюро раҳбари ўрнига янги раҳбарни аниқлаш бўйича маслаҳатлашувлар бошланганини маълум қилганди.

Исмоил Ҳания 31 июль куни Эрон пойтахти Теҳронда ўлдирилган.

Яҳё Синвар ким?

61 ёшли Яҳё Синвар Ғазо жанубидаги Хон Юнусда туғилган. 1980-йилларда Ғазо ислом университетида исломий илмларни ўрганган.

Бу даврда “Ал-Мажит” номли исломий ёшлар ташкилотини тузди. Ташкилот асосан исроилга сотқинлик қилган фаластинликларни фош этишни мақсад қилган. 1987 йилда ҲАМАС ташкил этилиши билан Ал-Мажид ҳам ҲАМАСнинг бир қисмига айланди.

Синвар 1988 йилда ҳибсга олинган. 22 йиллик қамоқдан сўнг 2011 йилда ўғирлаб кетилган исроиллик аскар Гилад Шалит эвазига қўйиб юборилди.

У исроилда энг кўп қидирилаётганлар рўйхатида. Исроил унинг жойлашган ўрнини маълум қилганга 400 минг доллар беришини эълон қилган.

Синвар 7 октябрь куни "Ақсо тўфони" операциясини режалаштирганлардан бири.

Ғазо бошқаруви раҳбари ҳамда у ердаги туннелларни бошқаргани учун фаластинликлар уни "Юқори ақл" ва "Шарпалар раҳбари" деб аташади. Яҳудийлар эса кўплаб ҳужум ва суиқасдларда омон қолгани учун "Тўққиз жонли" деб аташади. Мўтадилликдан узоқ, кескин, қаттиқ ва муросасиз.

Айрим муносабатлар

исроил зобити:
“Биз Ҳанияни ўлдириб хато қилдик, Синварни ҲАМАСга бош қилдик.
Сионист таҳлилчи Ави Иссачарофф:
“ҲАМАС бошқарув учун энг хавфли одамни танлади”.
Исроил разведкасидан собиқ офицер Майкл Милштейн:
“ҲАМАСдан энг кўп тушуна олмаганимиз Яҳё Синвар эди. У ҳар доим энг катта алдовларда муваффақият қозонган айёр, жуда маккор эди”.
Мубашшир Аҳмад:
“исроил, қабул қилиб ол энди зарбани. Мўътадил ва ҳалим сиёсатчига суъиқасд қилдинг. Ўрнига эгилмас, жасур ва соҳибқирон Яҳё Синвар келди.
ҲАМАСнинг расмий баёнотига кўра, ташкилот сиёсий раҳбарлигига Ғазо ичида сионистлар додини бераётган қўмондон Яҳё Синвар бир овоздан сайланган”. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.