07.11.2024 21:30

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, тўртинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Тўртинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.

1-қисм, 2-қисм, 3-қисм

Масжидимизнинг томи туникадан ёпилган, бир неча деразаси ва кичикроқ минораси бўлиб, кенглиги каттароқ хоначалик келади. Муаззин тошдан қилинган зинадан кўтарилиб, баланд овози билан азон чақирарди. Масжид эшиги олдида бир дона сув жўмраги, таҳорат олишга тўрт ё беш дона сополдан ясалган обдаста бўларди. Жойнамоз сифатида эса, эскирган шолча солинган. Масжиднинг олд қисмида ёғочдан ясалган уч-тўрт зиналик минбар жойлашган.

Бобом кўпинча мени ҳам масжидга олиб борарди. Кичкина қўлим бобомнинг катта қўллари орасида денгизда турган қайиқдек ғарқ бўларди. Ўзи етмишдан ўтган, ҳасса таяниб юрса ҳам, ортда қолиб кетаверардим. Гўё қўлимдан судраб кетаётгандай борарди. Масжидда устоз Ҳамид чўнтагидан соатини чиқариб, азон айтишни бошлагунига қадар олдиларида чордана қуриб, одобли болалардек жим ўтирардим. Муаззиннинг ёқимли овозини эшитиб яйраб кетардим. Намозда бобом нима қилса такрорлашга тиришардим. Суннат намозини ўқиб бўлгач, ўн кишидан ўтмаган оқсоқоллар ва менга ўхшаб бобоси билан келган икки болакайдан иборат жамоат билан пешин намозини адо этардик.

Кейинги куни бобом намозини тугатар экан, ташқаридан кимдир карнайда тили келмай арабчада карантин вақтини узайтирилганини эълон қилгани эшитилди. Ким кўчага чиқса, ўзини хатарга қўйган бўлишини таъкидларди. Бизнинг олдимиздан ўтиб кетгунига қадар бир неча маротаба қайтарди. Онам ҳаммамизга кўчага чиқмаслигимизни, ҳатто акаларимга ҳам мактабга бормасликларини тайинлади. Эшикларни қулфлаб қўйди. Шу ҳолда кун бўйи ўтирдик. Ким эшик олдига яқинлашса, дакки эшитиб қайтарди. На чора, хонада ҳам вақтни эплаб ўтказиш керак, ўйнадик, акаларим китобларини олиб, дарс қиларди, мен ҳам китобларини тамоша қилиб ўтказдим кунни. Кеч кирди, лекин ҳамон ташқаридан кўчага чиқиш тақиқланади дея жар солаётган овоз ўчмасди.

Эрталаб бобомнинг намозидан кейин сал вақт ўтиб яна карнайдан овоз эшитила бошлади. Бу сафар карантин тугагани хабарини эълон қилинаётган эди. Бу карантиннинг сабаби кимдир Исроил ҳарбийларига граната улоқтириб, бир неча аскарларини ярадор қилган экан.

Учинчи фасл

Тоғамнинг Ғарбий Соҳил тарафдаги харидорларидан кичик холамга совчи келишди. Тоғам онам билан маслаҳатлашиб, розилик беришди. Жума куни онам хайрия жамғармасидан олган янги либосларимизни кийдириб, холамни бўлажак унаштируви билан табриклаш учун етти ёш бола билан йўлга тушди. Пиёда анча масофани босиб ўтдик. Чодирли ерлар ортда қолди. Катта йўлга чиққанимизда, қуролланган ҳарбийларни олиб кетаётган ҳарбий машиналарни кўрдим. Улар ҳар ўтган одамга милтиқ ўқталишарди. Мошиналари эса жуда секин ҳаракатланарди. Узоқ масофани босиб ўтгач, ахийри тоғамнинг ховлисига етиб келдик. Уларнинг уйи бизникидан анча фарқ қиларди. Бизникидай номига қурилмаганди, балки дид билан солинган, оёқ остидан иситиб турувчи мослама ўрнатилганди.

Етиб борганимизда Маҳмуд акам қўнғироқни босди. Эшикни тоғамнинг қизи Варда очиб, Аммам келди!” - дея хурсандлигидан бақириб юборди. Уни эшитган бошқалар ҳам чиқиб, бизни илиқ кутиб олишди. Холамни эса бирма-бир табриклаб чиқдик. Катталар ўзаро суҳбат қилишди. Биз эса кечгача қувлашиб ўйнадик. Кеч кирганда уйга қайтдик.

Бир неча кун ўтиб акамлар ишхонадан тоғамдан хабар олиб қайтишди. Келаси жума куни тўй белгилагани келишаркан. Онам яна бизни худди ўтган жумадаги каби ҳозирлаб, олиб борди. Жума вақтидан сўнг қуда томондан уч мошина одам келди. Ёш болалар буғдойранг, сийрак мўйловли ёшгина йигитчага ишора қилиб, Шу куёв бола, мана шу куёв бўлади, дейишарди. Аёллар бир хонада қолишди, биз эса куни билан ўйнаб тинмадик. Ширинликлардан беармон едик.

Бир ойдан сўнг. Қоп-қоронғу кеча сукунати чодирларни қамраб олган, фақатгина узоқдан итларнинг вовуллагани, бир мушукчанинг онасини излаб миёвлаётгани эшитилиб турган пайт эди.

Тиконлар билан ўраб қўйилган чодирлар ҳудудидан чиқиш хатарли бўлса ҳам, карантин вақти эканига қарамай, Абу Ҳатим ўша мушукчага тасалли бериш учун ташқарига чиқарди. Ҳар бир тўсиқдан ўтиш керак бўлса, тўхтаб, ҳаракатланаётган душман йўқмикан ё пистирма қўйилмаганмикин, билиш мақсадида атрофга яхшилаб назар соларди. Ишонч ҳосил қилгач, яна хуфёна юришда давом этарди.

Абу Ҳатим бўйи баланд, келишган, мускуллари бақувват бўлиб, бош қисмини шумах (араб эркаклари бошини ўраб юрадиган мато) билан ўраб оларди, фақат кўзларигина кўриниб турарди. У Миср Ғазода ҳукм ўрнатган вақтлари «Фаластин озодлиги» аскарлари орасида мансабдор шахс бўлган. 1967 йилги урушда қаҳрамонларча жанг қилган. У каби қаҳрамонлар қилган ишни мағлуб бўлинган урушда бутун бошли армия ҳам қилолмаган.

Абу Ҳатим хуфёна юришда давом этаркан, борадиган йўлини яхши биларди. Уйларнинг бирини олдида тўхтаб, деразасини аввал уч марта, кейин бир марта, сўнг икки марта тақиллатди. Ичкаридан Абду Юсуф даразага яқинроқ келиб, эшитилар-эшитилмас овозда Ким у? - дея пичирлади. Абу Ҳатим ҳам паст овозда махфий услуб билан Мен, Абу Ҳатимман”, - деб жавоб берди. “Ҳозир, ҳозир очаман эшикни”, - деди ўзининг одамилигини пайқаган Абу Юсуф. Икки биродар бир-бирини қучоқлаб, саломат эканликларидан Аллоҳга ҳамд айтишди. Ичкарида Умму Юсуф ҳам уйғониб, бошини ўраб айвонга чиқиб турганди. Абу Ҳатимнинг соғ-саломатлигидан хурсанд эканлигини айтиб, қарши олди:

- Соғ-омонлигиздан хурсандман оға, келинг, келаверинг. Марҳамат, киринг.

- Рахмат! Овора бўлиб чой қўйманг, ҳеч нарсага уринманг, тез қайтаман, - деди Абу Ҳатим. Умму Юсуф:

-Нега энди? Меҳмонимизсиз ахир? - деди. Абу Ҳатим:

- Раҳмат, саломат бўлинглар! Лекин уринманг, керакмас, - деганди, Умму Юсуф:

- Ҳеч бўлмаса нон ва зайтун келтираман, -дея кириб кетди. Абу Ҳатим Абу Юсуфга боқиб:

- Менга нимадир едирмасдан чиқармас экансиз-да, - деб кулди ва айвонга ўтиришди. Абу Юсуф Абу Ҳатимни саволга тута бошлади:

- Қаерда эдинг? Сени шаҳид бўлгансан ё Мисрга ўтиб кетгансан, деб ўйлагандим.

- Уруш майдонининг ўртасида яраландим. Чекингач, бир мошинага чиқиб олдим. Кўзимни очганимда, бадавий бир оила чодирида эканман. Ўшалар менга дори-дармон бериб, даволашди.

Шу вақт Умму Юсуф қўлида бир неча нон, бироз зайтун ва сув қуйилган кўзача солинган патнис билан салом бериб кириб қолди.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.