22.11.2024 21:30

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, тўққизинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Саккизинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.

Олтинчи фасл

Фатҳия холам Халил шаҳрига яқин Суриф қишлоғида яшарди. У ҳам Фаластин қишлоқларидан, аммо 1967 йилдан сўнг босқинчилар тасарруфига ўтган. Босиб олишдан олдин аҳолини сургун қилиб, кўп жойларни яксон қилган. 1948 йилгача босиб олинган ҳудудлар билан то 1967 йили Сурифни босиб олгунга қадар Иордания назорати остидаги ерларни  ажратиб турадиган чегара бўлган.  Ишғол қилингач, босқинчи ҳарбийлар худди бошқа шаҳар-қишлоқлардаги каби бу ерга ҳам суқилиб киришган. Одамлар бу қишлоқда тошдан бино қилинган, содда ва кўркам уйларда яшайдилар. Чор-атрофи зайтун, узум, анжир ва бодом дарахтларига тўла.  Чорва ҳайвонлари ва паррандалар боқиб тирикчилик қилишади. Инсонлари юзидан Аллоҳнинг чексиз неъматларига бўлган шукроналик ҳисси уфуриб туради. Бу қишлоқнинг эркаклари бағрикенгликлари билан бирга, мард ва жасур эканликлари билан ҳам ажралиб туради. Либослари Фаластин қишлоқларига оид миллий либослар бўлиб, уларни кўпинча қўлидаги ҳассасини ўйнатиб, чорвасини тепаликларга ҳайдаб бораётган ҳолатда кўрасиз. Аёллари эса жуда иффатли  -  асло бошларидан рўмолини қўйиб, хилқатини ўзгаларга намоён қилишмайди. 

Холам Ғазодан Суриф қишлоғига келин бўлиб борганида, катта фарқни сезмаган. Қишлоқнинг ҳавосини ҳисобга олмаганда, урф-одатлар, одамларнинг юриш-туриши бир хил эди. Фақат сезиш мукин бўлган бироз фарқ у ернинг лаҳжаси бизникидан сал бошқачароқ, холос. Шунинг учун ҳам холам тез фурсат ичида мослашиб кетганди. Хўжайини Абдулфаттоҳ Суриф қишлоғида ҳам қолган қишлоқлар сингари юқори синфлар бўлмаганлиги сабабли бу синфларни Халилдаги мактабда тамомлаган. Шунинг учун ҳар бир қишлоқ ўқувчиси таълимини охирига етказишни истаса, Халилга кўчиб ўтишга мажбур бўларди. Абдулфаттоҳ Халилда таҳсил олгани сабабли турли шаҳар ва қишлоқлардан дўстлар ҳам орттирган эди. Қолаверса, Халил шаҳрини яхши билиб олганди. Ундан ташқари, шаҳарда бўлаётган жараёнлардан бохабар бўлиб туриш имконияти маждудлигидан кўп ишлардан хабардор эди. Улар ўғил фарзандли бўлиб, исмини Абрурроҳийм қўйишди. Онам Халил шаҳрига келолмаслиги боис тоғамникига бориб, табриклаб келганди. Холам ҳам оилавий шароитимизни яхши билади. Онам учун Халилгача бориб табриклаб келиш осон эмаслигини тушунарди.

Абдулфаттоҳ Иорданиядаги университетларнинг бирида «Шариат»  факультетида таҳсил олмоқчи эди. Отаси хасталанибқ олгани учун бу орзусини ортга сурганди. Узоқ касалликдан сўнг отанинг вафоти ўқишни давом эттириш фикридан батамом қайтариб, отасининг ишларини давом эттиришга мажбур қилганди. Мато олиб келиб сотиш,  қўшимчасига оиласига қарашли ерлар билан шуғулланишга қарор қилди. Ўзи ўқишини давом эттира олмагани эвазига ҳеч бўлмаса ўнинчи синфда ўқиётган Абдураҳмон укасининг ўқишига ҳомий бўлиш ҳақида ўйларди.  

Кўпинча Абдулфаттоҳ томга чиқиб, холамга қишлоқнинг ғарбий тарафини ишора қилиб, 1967 йил босиб олингунига қадар «Муқаддас жиҳод»  (1947 йили Фаластин иккига бўлинганлиги эълон қилинганидан бир ой ўтиб ташкил топган ҳарбий уюшма) кишиларининг қароргоҳи саналган жойни кўрсатарди. У ернинг яшовчилари уларга қўлларидан келганичи эҳтиёжотларида ёрдам қиларди. 

Кунларнинг бирида Суриф қишлоғи аҳолисидан Абдулваҳҳоб Ал-Қозий исмли шахс Сонаҳийн минтақасида қўйларини ўтлатиб юрган чоғида  Бейт Шемеш томондан  Гуш-Эцион минтақаси томон кетаётган босқинчи ҳарбийлар карвонини кўриб қолади. Бу кўрганларини мужоҳидларга айтиб берганида,  улар икки минтақа оралиғидаги «Зоҳрул-Ҳужжа»  деган ерда мустаҳкам пистирма қўйиб, кутиб олишади. Етиб келганларда тўсатдан ҳужум қилиб,  барчасини ўлдиришади. Уларнинг сони зобитлар, ҳарбийлар ва табиблари билан қўшиб ҳисоблаганда 35 кишини ташкил этган. Бу ишдан сўнг яҳудларнинг  Суриф қишлоғига адовати ортганди. 1967 йили босиб олинганида,  пушкалар билан кўплаб уйларни вайрон қилишган. Бу  - ўша ҳодиса туфайли интиқом  олиш мақсадида қилинган иш эди.

Абдулфаттоҳ Халилда тижорат қилиши натижасида у ердаги тижоратчилар билан алоқалари ривожланиб борарди. Тужжорлар билан дўконларнинг бирида печка атрофида жамланиб олишиб, чойхўрлик қилишар, чор-атрофда бўлаётган масалалар ҳақида атрофлича суҳбат қуришарди. Жумладан, босқинчилар ва уларга қарши чиқаётган жангариларни муҳокама қилишарди. Бу суҳбатлардан қилинаётган қаршиликларга ишончсизлик билдирилиб, жангариларнинг уринишлари фойдасиз эканлиги, уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлиши мумкинлиги акс этарди. Кўпроқ иқтисодий жиҳатга эътибор қаратиб, униб-ўсишга интилиш маъқулланарди. Ҳатто араб дунёсининг ҳарбийлари Исроилга қарши туришга ярамаганлиги мисол қилиниб, қандай қилиб қуролланган фидойилар ижобий натижага эришишлари мумкин, дея қораланарди. Абдулфаттоҳ уларга раддия беришга журъати етмаса-да, умумий масалаларга мантиқан ёндашиб, мунозарага киришарди. Бир соат ё бир неча соатга чўзилган суҳбатдан сўнг чойхўрлик ҳам ниҳоясига етарди. Кўпинча бундай суҳбатларга ҳарфларни бошқа минтақадан кўра чўзиброқ айтадиган халилча лаҳжада айтилган қуйидаги жумла интиҳо ясарди: 

«Қўйинглар, у билан ҳам, бу билан ҳам нима ишимиз бор?  Халойиқни Холиқига қўйиб беринг. Ўзи хайрлисини берсин!»

Абдулфаттоҳ бундай мажлислар ортидан ушбу масалада нимадир қилиш лозимлигига ишонадиган бир инсон билан танишди. Унинг таҳаллуси «Абу Алий» эди. У босқинчиларга қарши курашиш орқали улкан натижа олмасак ҳам, ҳеч бўлмаганда имконимиз борича қаршилик қилиш вожиб деб ҳисобларди.

Абдулфаттоҳ Холилга келганида Абу Алий билан кўчаларни айланишар, ё Абу Алий Сурифга меҳмонга келганида босқинчилар ҳақида, чора кўриш зарурлиги ва ишни ўз ҳолича ташлаб қўймаслик кераклиги ҳақида суҳбатлашишарди. Улар фақат тирикчилик билан, уй-жой қуриш билангина машғул бўлиб қолишни дуруст санамас эдилар. Фикрлари бир жойдан чиқиши дўстликларини мустаҳкамлаб борарди. Кунларнинг бирида Абу Алий Абдулфаттоҳга ортиқ қўл қовуштириб ўтирмаслигини, қўлидан келганича нимадир қилишини очиқлади. Абдулфаттоҳ ундан: 

-Нима ҳам қилишинг мумкин?  Қурол-ку топиб ҳам бердим, дейлик. Кейин қидирувга берилган Абу Шаррор ва бошқа фидойилар каби бола-чақангни олиб, тоғларга жўнайсанми? - деди. Абу Алий жавоб берди: 

-Йўқ, менинг режам бундан каттароқ. Қуролли кучларни тартибга солишни ўйлаб турибман. Аввалига шунчаки кўриниш, кейин оқим, кейин тартибли ҳарбий кучга айлантирмоқчиман. 

-Буни қандай амалга оширмоқчисан?  

-Иорданияга бораман. У ерда  «Фатҳ»  ҳаракатидагиларни режам билан таништираман. Яхши биласан,  «Карома»  ғалабасидан сўнг «Фатҳ»  ҳаракати ўзини анча тиклаб олган. Менга ёрдам беришларига ишонаман. 

Абдулфаттоҳ бу фикрни маъқуллади. Унга ўта ҳушёр бўлишни тайинлаб, бировнинг назарига тушмаслиги учун тижорий маҳсулотларидан унга карвон таёрлаб беришга келишиб олишди. 

-Мени бу йўлда ташланадиган ҳар бир қадамингда ўзингга шерик деб билишинг мумкин, дўстим. 

Абдулфаттоҳ Абу Алийни шу тарзда кузатиб қўйди. 

Иордания ўша пайт «Карома»  ғалабасидан сўнг жангчиларни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйганди. У ердаги лагерларда ғалабани нишонлаш шукуҳи ҳукмрон эди. Ҳамма одамлар жўрлашиб ҳали нашида куйлашар, ҳали «Ватан озодлиги»  фидойилар ҳаққига дуолар қилардилар. Абу Алийдек инсонга у ердаги қўмондонлар билан дарҳол иттифоқдошга айланиш қийин эмасди. Ғарбий Соҳилнинг ҳамма ҳудудларида ҳарбий уюшмаларни ташкиллаштириш учун қурол-аслаҳа ва моддий кўмак олишга эриша оларди. Абу Алий Иорданиядаги айрим яқинларини зиёрат қилгач, асосий мақсадини билдириб қўймаслик учун олиб келган маҳсулотлари савдоси билан ҳам шуғулланди. 

Абу Алий Ғарбий Соҳилга қайтгач, турли шаҳар ва қишлоқдаги ўзи яхши билган танишларига «Фатҳ» ҳаракати таркибига қўшилиш таклифини билдириб, алоқа ўрната бошлади. Ҳар бир ишончли деб ўйлаган инсонига таклиф қиларди. Қўшилишга рози бўлган ҳар йигитга ўзи ишончли деб билган, ҳарбий тўқнашувга лаёқатли икки-уч кишини йиғишни тайинларди. Шу тарзда Ғарбий Соҳилнинг шимолидан то Халилга қадар барча ишончли деб билган одамлари билан алоқа ўрнатиб, қисқа вақт ичида уюшган ҳарбий бўлинма ташкиллаштириб улгурди.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.