29.10.2024 18:00

Идеал миллат қандай бўлади?


Қадимдан инсонлар идеал жамият қуриш орзусида яшаб келгани сир эмас. Олимлар, мутафаккирлар ва зиёлилар эса бундай жамият қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр юритишган. 


Бундан икки ярим минг йил аввал яшаган юнон олими Платоннинг “Республика” номли асари давлат тузилиши, адолат тушунчаси ва идеал жамият ҳақидаги фикрлар баён қилинган дастлабки асарлардан бири ҳисобланади. 


Беш юз йил аввал инглиз ёзувчиси ва файласуфи Томас Мор келажакдаги энг адолатли ва идеал жамият ҳақидаги “Утопия” асарини ёзган эди. Бироқ шунга ўхшаш асарлар орасида Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” китоби маъноларга бойлиги билан ажралиб туради.


Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари бундан минг йил аввал давлат тузилиши ва идеал жамият ҳақида ёзилган муҳим фалсафий манба ҳисобланади. Бу асарда Форобий Платоннинг "Республика" асаридан таъсирланган ҳолда, ўз даврининг диний ва фалсафий анъаналари билан уйғунлашган идеал жамият ва ҳукмдор ҳақидаги қарашларини баён қилган.


Абу Наср Форобий фазилатли жамиятнинг асослари ҳақидаги яна бир муҳим асари – "Миллат ҳақида"ги китобида ҳам ушбу фикрларни давом эттиради. 


Унда, Форобий, дастлаб "миллат" тушунчасига ойдинлик киритади. Унинг таъкидлашича, миллат бу – жамиятда миллатнинг асосчиси бўлган энг биринчи раҳбар томонидан ўрнатилган мафкура ва саъй-ҳаракатлардир. Миллатни миллат қиладиган нарса унинг маълум қонун-қоида ва қадриятларга асосланган мафкураси ҳамда амалларидир. Ўша миллатга эргашганларга эса (улар қабила-уруғ, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ёки бутун бир халқ бўлиши мумкин) жамият дейилади.


Форобий ҳар қандай миллатлар фазилатли, жоҳил ёки залолатда бўлиши мумкинлигини, миллатнинг қандай бўлиши эса асосан раҳбарнинг мақсадига боғлиқлигини тушунтиради. 


Масалан, миллатнинг мафкураси ва хулқ-атворини белгилаб берувчи энг аввалги раҳбар, яъни миллатнинг асосчиси фозил бўлса, унинг раҳбарлиги ҳақиқатан ҳам фазилатли бўлса, у белгилаб берган йўлга эргашган халқ олий саодатга эришади. 


Бироқ, шундай жоҳил раҳбарлар ҳам бўладики, у миллат тақдирини белгилаётганда фақатгина ўзининг манфаатини, яъни сиҳат- саломатлик, бойлик, айш-ишрат, шараф, шон-шуҳрат, ғалаба ёки шунга ўхшаш нарсаларни қўлга киритишни истайди. Бундан фақат унинг ўзи ютади, халқни эса ўз мақсадига етишиш ва ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун фойдаланадиган воситага айлантиради.


Яна шундай раҳбарлар бўладики, уларнинг раҳбарлиги ҳақиқий залолат бўлади. Бунда раҳбар ўзини фазилатли ва доно деб ўйлайди, аслида эса аксинча бўлади. Ачинарлиси, унинг қўли остидаги одамлар ҳам пешвосини шундай деб ўйлайди ва унга ишонади. Ана шундай ҳолатда, халқ залолатдаги раҳбар тақдим этаётган, бироқ аслида ҳақиқий бахт-саодат бўлмаган оқибатни олий саодат деб ўйлаб, унга етишишни истайди. Бу эса халқнинг адашуви, яъни залолатга кетишига олиб келади. Бундай алдоқчи раҳбарлар ўз сиёсатида халқининг олий саодатга етишишини истагандай кўринади, аслида эса улар халқ машаққатидан фойдаланган ҳолда дунёвий роҳат-фароғатга эришишни ўйлашади.


Шундан сўнг, Форобий, фазилатли миллатнинг асосчиси бўлган энг аввалги раҳбарнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини баён қилади. Унга кўра, энг аввалги фозил раҳбарнинг иши Аллоҳдан унга етказилган ваҳийга мос бўлган ҳукмронликни жорий қилишдир. 


Форобий хулоса қилар экан, ҳар қандай давлат бошқарувини юритиш ва идеал жамиятни барпо этиш учун халқнинг фикрлари, эътиқоди ва амалларини бирлаштириб турувчи миллат мавжуд бўлиши зарур, дейди. Бундай миллатсиз адолатли давлат бошқарувини ўрнатиш ёки идеал жамиятни қуриш имконсиздир. Чунки ягона миллатгина халқ ичидаги бўлинишларни мувофиқлаштиради, уларни ўзаро боғлаб, тартибга солади. Ягона миллат остидаги халқгина бир-бирини қўллаб-қувватлаб, кўзланган мақсадга, яъни, ниҳоий бахтга етишади.


Хўш, сиз яшаётган жамиятда инсонларни олий саодатга эришиш йўлида бирлаштирувчи, бир-бирига ўзаро ёрдам беришга ундовчи "миллат" тушунчаси шаклланганми? Миллатнинг мафкураси, асосий қадриятлари нималардан иборат бўлиши керак, деб ўйлайсиз?


© Тарих ва сиёсат

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.