09.11.2024 21:35

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, бешинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Тўртинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.

1-қисм2-қисм3-қисм, 4-қисм

Қўлидаги патнисни дастурхонга қўйди-да ўзи болаларининг олдига чиқиб, керосинли шамчироқ олдига ўтирди. Абу Юсуф ва Абу Ҳатим эса пичирлаганча суҳбатларини давом эттирди. Абу Юсуф сўради:

- Йигитларимиздан тирик қолганлари борми?

- Ҳа, кўплари тирик. Ўзимдан ташқари Хон Юнусда Моҳир бор, Рафаҳда Абу Сақр бор, Абу Жиҳад ҳарбий қўшин таркибида. Буларнинг барини ўз кўзим билан кўрдим. Курашни қайтадан бошлашга келишиб олганмиз.

Шу вақт Абу Юсуф яқинроқ келиб, «Мухторчи? Ундан нима хабар бор?» - деб шивирлади. Абу Ҳатим:

-Унинг ҳам тириклигини эшитдим. Шужаъийянинг шарқий тарафи ва Зайтундаги туннелларда яшаяпти, дейишганди. Уни ҳам бир неча кун ичида топишга ҳаракат қиламан. Муҳими, секторнинг ҳамма жойида тенг бошлаш учун амалиётни тартиблашни бошлашимиз керак. Йигитларимиз деярли тайёр. Фақат орамиздан кимдир тартиблашини кутишмоқда. Келаси жума тонгида ҳаммамиз йиғилишимиз шарт. Барчасини келишиб оламиз. Солиҳ Маҳмуд келаси Жума синглисини узатяпти. Келинни Холилга олиб кетишади. Кетишганидан кейин ховлиси тинч бўлади. У билан келишиб қўйганман, уйининг калитини дарвозаси остида қолдирадиган бўлган. Ҳамма йигитлар ўша ерда жамланишади. Худо хоҳласа, энг яқин вақтда ишларни тартиблаб оламиз. Солиҳнинг уйини биласан-ку, тўғрими? Жума оқшомида ўша ерда кўришамиз. Йигитлардан кимдир кеч қолиб келса, келишганимиздек деразани тақиллатади.

Абу Ҳатим Абу Юсуфнинг гапларини оғзидаги зайтун данагини шимганча тингларди.

***

Жума куни яна чиройли кийиниб, тоғам Солиҳнинг уйига йўл олдик. Эрта тонгда етиб борган бўлсак-да, тоғамнинг ховлиси тўйга таёргарлик қилаётган одамлар билан тўла эди. Биз ёшлар ўйин-кулгу билан машғул бўлдик. Маҳмуд ва Ҳасан акаларим курсиларни тартиблаб чиқишди, сўнг чанг кўтарилмасин, деб ҳовли ва кўчаларга сув сепишди. Онам бошқа аёллар билан келинни ҳозирлашар, сарполарини сумкаларга жойлашарди. Тоғам эса бир вақтнинг ўзида у ердан бу ерга, мингинчи ишдан минг биринчисига югурарди. Одам жуда кўп бўлди. Холамнинг ёши каттароқ қўшниси билан ўзининг дугоналари тўй наволарини янада баланд ва тиниқ жаранглатишарди. Бироз вақт ўтиб, бир автобус билан бир неча машинада куёв тарафдан одамлар келишди. Машиналардан одамлар тушишди, олд сафда поччамиз (куёв бола) Абдул Фаттоҳ кириб келди.

Бу вақтда сСафовий лаҳжадаги машҳур тўй қўшиғи қўйиб қўйилган эди. Ичкаридан тоғам бир гуруҳ эркаклар билан чиқиб, қарши олдилар. Аёллар аёлларни кутиб олишди. Меҳмонларга ширинлик ва ичимликлар тарқатилди. Маҳмуд акам энг кўп хизмат қилганлардан бўлди. Тоғам куёв ва қудаси билан мен танимаган бир гуруҳ эркаклар ила суҳбат қурарди. Тахминан бир соат вақт ўтгач, тоғам ичкарига кириб, келинни кетишга ҳозирлашларини айтди. Куёв ва куёвнаркарлар эса дарвоза олдида туришарди. Холам оқ либосида, бошига оқ рўмол ўраган ҳолида тоғамнинг билагидан тутганча чиқиб келди. Тўлин ой сингари жамолига жамол қўшилганди. Сўнг тоғам холамни куёвга топширди. Аёлларнинг зағруда (шодиёна кунлари араб аёллари оғиз орқали нишонлаш шукуҳини ифода этадиган услуб) овозлари тўй шукуҳига шукуҳ қўшарди.

Келин-куёвлар машина томон юрар, одамлар уларнинг ортларидан борарди. Онам билан тоғамнинг аёли бўлса, тоғамнинг икки ёнида туришди. Келин-куёвлар безатилган махсус машинага ўтиришлари билан қолган одамлар ҳам автобус ва машиналарга чиқа бошлади. Онам эса Маҳмуд акамни чақириб, «Сен укаларингни олиб, бобонг билан уйга қайтинглар. Уйда ҳамма нарсани таёрлаб қўйганман. Бобонга, укаларинга яхши қарагин, хўпми болам. Карантин вақти бошланганда эшикни ичидан қулфлаб олинглар. Нима бўлганда ҳам очма эшикни», - деди. Маҳмуд акам ойимга жуда итоатли эди. “Ҳўп” дея бошини силкитиб қолди. Онам, тоғамнинг аёли, опамлар аёллар билан бир машинага чиқишди. Тоғам қудаси билан бир нималарни маслаҳат қила туриб, уйга кириб-чиқишга рухсат сўради. Тўғри ошхонага кириб, бир халта егуликларни меҳмонхонага қўйиб чиқар экан, эшикни қулфлаётганида ўзини гўё қўлидан нимадир тушиб кетгандай тутди ва энкайганча ердан нарсасини олаётиб, калитни эшик остонасига яшириб қўйди.

Кейин машинага ўтириб, жўнаб кетишди. Машиналар кўринмай қолгунга қадар тўй куйлари эштилиб турарди. Бобом билан шомга яқин уйга қайтиб келдик. Кун бўйи ўйнаб, елиб-югуриб, еб-ичиб юрганимиз учун тоза толиқибмиз, эшикни маҳкам беркитиб, чуқур уйқуга ғарқ бўлдик.

***

Тун Ғазони ўз пардалари ортига олди. Ўзининг зулматга тўла қаърига ғарқ қилган, одам ўз бармоғини ҳам кўра олмайдиган даражада қоронғу эди. Баъзан катта кўчадан кўчага чиқиш мумкин эмаслигини таъкидлаб юрган ҳарбий машиналарнинг ўтиб турарди. Узоқлашганида яна жим-житлик ҳукм сура бошларди. Аҳён-аҳён катта йўлдан ҳарбий машиналарида айланиб ўтса, яна овози эшитилиб қоларди.

Бобонинг бомдод намозини ўқиётган овозидан уйғониб кетдим. Маҳмуд акам ҳам туриб, онамнинг йўқлигини билдирмаслик мақсадида қолганларни ҳам уйғотиб, мактабга ҳозирлай бошлади. Нонушта қилиб бўлгач, бешовлон мактабга жўнаб кетишди. Бобом иккимиз қолдик. Бобом ҳам шу куни бозорга чиқмади. Қуёш кўтарилганидан кейин кўчага чиқиб, унинг тафтидан баҳра олиб ўтирар эканмиз, бобом менга ёшлик даврини сўзлаб берди. Хоссатан, зое бўлаётган юртимиз ҳақида ачиниб гапирарди. Бироз вақт ўтиб, чўнтагидан танга чиқарди-да: «Бор болам, ўзингга ширинлик олиб кел. Фақат тезроқ қайт», - менга дея узатди. Мен хурсанд бўлиб Абу Халилнинг доконидан бир нечта ширинлик олдим ва қайтаётганимда бирини оғзимга солиб олдим. Қайтиб келиб, бобомнинг ёнига ўтираётсам, «Нима сотиб олдинг?» - дея сўради. Мен қўлимдаги ширинликни кўрсатиб, бирини бобомнинг оғзига тутгандим, бобом овозларини чиқариб узоқ кулдилар. Кейин: «Йўқ, булар сенга, болам, ўзинг еявер», - дея бошимдан силаб қўйди.

Қуёшнинг илиқ тафтидан роҳатланиб ўтирар эканмиз, пешин вақти ҳам кириб келди. Бобом: «Юр, ўғлим, пешин ўқиш учун масжидга борамиз», - дея бир қўлида ҳассаси, иккинчи қўли билан эса билагимдан тутиб, масжидга йўл олди. Бобом таҳорат олаётганида мен ҳам у кишига эргашиб таҳорат қилдим. Бобом менга табассум билан боқиб қўярди. Устоз Ҳамид келиб: «Бу бола ҳали диёнатли бола бўлади», - деганида, бобом ҳам «Иншааллоҳ-иншааллоҳ, омин!» - деб жавоб берганди.

***

Ёзги таътил келиб, онам мени ҳам мактабга бериш мақсадида рўйхатга ёздириб қўйди. Бир мунча муддат ўтиб, ўқишга ҳозирлик кўра бошладим. Онам мен учун янги поябзал олиб берганди ўшанда. Аслида янги ҳам деб бўлмасди, яқинимиздаги фойдаланилган либослар сотиладиган ёйма бозордан олганмиз. Мой билан яхшилаб тозалангандан сўнг заводдан эндигина чиққандек бўлиб қолди. Умуман олганда, мен учун янгидек эди. Онам кийишга яроқсиз бўлиб қолган либослардан нимча ҳам тикиб берди. Шундай қилиб, мактаб учун ҳамма нарса ҳозир. Айниқса, ака ва опаларим айтиб берадиган мактабдаги тонги саф тортиб туриш, устозлар ҳақидаги, дарслар орасидаги танаффус каби гаплари менинг мактабга бўлган қизиқишимни беҳад оширганди.

***

Ёзги таътил тугашидан олдин фаластинлик жангчилардан бири катта кўча яқинидаги хиёбонда Исроил ҳарбийларига пистирма қўйиб, ҳарбий “Жип” машиналари яқин келганида уларга граната улоқтирган экан. Ҳарбий машина деворга бориб урилган ва бир неча ҳарбий оғир яраланган. Яраланиб, оғриқдан додлаётган овозлари эшитилиб турарди. Талвасага тушиб қолган Исроил аскарлари ҳар тарафга мўлжалсиз ўқ отишарди. Дарҳол жарчи машиналар етиб келди-да, одатдагидай ҳаммага уй-уйларига киришни, ташқарида қолганлар отиб ўлдирилишини айтиб, таҳдид қилаётган овоз янграй бошлади. Ўнлаб ҳарбийлар баъзи уйларга бостириб кириб, ёшу қари, эркагу аёл демай одамларни таёқлари билан дўппослай бошлашди. Яна одатий ваҳшийлик бошланди - 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча эркаклар мактаб майдонига чиқишлари шартлигини эълон қиларди.

Карнайдаги овозлари тўхтади ҳамки кимнингдир карнайсиз ташқарига чиқмасликни айтиб, жангчилар турли хиёбонлардан туриб қилган ҳужумлари сабаб Исроил ҳарбийлари чодирлар ҳудудига кира олмаётганини айта бошлади.

Чиндан ҳам, кўпчилик эркаклар мактаб майдонига чиқишмади. Исроил аскарлари кириб кела олган еридан, ўзларига хавф унча йўқ бўлган чекка жойлардан айрим кишиларни чиқара олганди, холос. Қачон чодирлар ҳудудига яқинлашсалар, қаршилик жангчилар томонидан ўққа тутилар, дод-вой солганча ортга чекинишарди. Мактаб майдонига чиққан озчилик кишилар, янада кўпроқ калтакланиб, хўрланишганди. Шундай қилиб, яна карантин жорий қилишди. Бир ҳафта ташқарига чиқмадик. Бу вақт ичида фақат лобия, адас, зайтун билан кун кечирдик. Тўғри, бироз хавотир аралаш бўлса бордир, аммо босқинлик давридан буён ўзимизнинг жангчилар қуроллари ҳимояси остида ғурур билан истеъмол қилган энг ширин егулигимиз бўлди.

Икки кун ўтиб, карантинни ҳеч ким менсимай қўйди. Одамлар дарвозаси олдида қўшнилар билан суҳбат қуриб ўтирадиган, лагер марказида жойлашган хиёбончаларда хотиржам юрадиган бўлиб қолишди. Чунки Исроил ҳайбиларининг қаршилик жангчиларнинг пистирмаларидан ўтиб, марказга қадар келишга журъатлари етмасди. Бу жангчиларнинг кўпини кўрган бўлсам ҳам, ўзларини таний олмасдим. Сабаби, ҳаммалари бош қисмини шумах билан ўраб олган бўларди. Аслида уларни учратиш учун қидириб юриш шарт бўлмай қолганди, бир қисми қуролини кўтариб бу девор ортида турса, яна бирини нариги бурчакда учратиш мумкин эди.

Қўни-қўшниларни кўчаларда чой ичиб, тамаки чекиб, ўзаро ҳиссиётларини, хавотирларини ўртоқлашиб ўтирганларини кўрардим. Босқинчилар эгиб, хўрлаган иззат-кароматлари қайта куртак очиб, ғурур ҳиссини туйиб ўтиришарди. Суҳбатларидаги айрим хавотирлар олдиндаги мажҳул кунлар ҳақида бўлиб, вазият шундай қоладими энди, чодирларга кучлироқ ҳужумлар уюштириб, пушкалардан ўққа тутишмасмикин, каби турли-туман вахимали фикрлар чиқарди. Лекин биргина муносабат барча айтилган гаплардан ғолиб келарди - йўқотадиган нимамиз бор? Мана шу хайрия жамғармалар тутиб берган чодирларми? У ҳолда нега қўрқишимиз керак?!

Кўпинча қуйидаги фикр, турли тахминлар билан чўзилган суҳбатга хотима ясарди:

«Дўстим, босқинчининг қўл остида хўрланиб минг йил яшагандан бир дақиқа бўлса ҳам ғурур ва иззат-нафсимиз топталмай нафас олишимиз минг чандон афзалдир».

Бундай амалиётлар фақат биз яшаётган лагерда эмас, Ғазо секторининг барча лагерлари-ю, кўплаб шаҳар-қишлоқларида ҳам бўлаётган эди. Қаршилик жангчилари Ғазонинг турли-туман ерларига ёйилиб бўлганди. Уларнинг айримлари ҳарбий қўшин сифатида, кўплари эса якка ўзи фаолият олиб борарди. Маҳаллий аҳоли орасида ватаннинг озод эркаклари борасидаги янги-янги хабарлар тарқалиб турадиган бўлди. Хоссатан, бизга яқин бўлган лагерлардан бири бўлмиш Жабалийя лагеридаги жангчиларимизнинг қаҳрамона ишлари ҳақида тез-тез хабарлар келиб турарди. Абу Ҳатим айнан мана шу лагерда бўлиб, у ерда ўнлаб йигитларни бошқарарди. Кетма-кет тўқнашувларда ўзимизнинг жангчилар ғолиб келаверганидан, одамлар бу лагерни «Қўзғолон лагери» деб номлаб олишганди.

Янгиликлар барча лагерларда худди қуриган сомонга туташган олов каби тез ёйиларди. Одамларни бундан руҳиятлари кўтарилиб, бахтиёр бўлишар, биз болакайлар эса «араб-яҳуд» ўйнини ҳар куни ўйнайдиган бўлдик. Ўйиннинг янги қоидаси тузилганди - ўйинда фақат «араб» жамоаси ютиши шарт эди.

Учинчи фасл тугади

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.