12.12.2024 20:05

Башар Асадни ағдарган Жўлоний аслида ким?

Сурияда Асад оиласининг 54 йиллик диктатураси тугаб, ҳокимият қуролли мухолифат қўлига ўтди. Қамоқхоналардан минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар озод қилинди, тирик одамлар қабристонига айланган Дамашқ атрофидаги «Седная» қамоқхонасининг махфий бўлинмаларидан ҳалигача маҳбуслар топилмоқда. Туркия ва Ливандан юртига қайтаётган минглаб сурияликларнинг қувончларини эса сўз билан ифодалаб бўлмайди. 

Ўз ўрнида, Асадлар режимининг зулми, фуқаролик урушлари, Эрон, Россия ва АҚШ сингари босқинчи мамлакатларнинг Шомдаги қирғинларидан азият чеккан сурияликларнинг бундан кейинги ҳаёти қандай бўлишини ҳам олдиндан айтиш қийин. Албатта, мавжуд вазиятда мухолифат раҳбарларининг кейинги қадамлари ҳам Сурияда фаровон ҳаётни тиклаш учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам бугун биз Сурияда бор-йўғи 12 кун ичида ҳокимиятни эгаллаган мухолифатчиларнинг кўзга кўринган етакчиларидан бири Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг қарама-қарши ҳаёти ва фикрларига эътибор қаратмоқчимиз.

Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган Аҳмад Ҳусайн ал-Шаръа 1982 йилда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда туғилган. Жўлоний 7 ёшлигида унинг оиласи Сурияга кўчиб ўтади. Аслида ҳам ушбу оиланинг келиб чиқиши Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепаликларига бориб тақалиши ҳақида маълумотлар мавжуд. 

Унинг отаси ҳам ўз вақтида Араб социалистик уйғониш партияси (АСУП) ҳукмронлигига қарши намойишларда иштирок этган. Шу боис турли таъқиблардан қочган оила бошпана излаб Ироққа йўл олган. 

Кейинчалик, 2021 йилда Жўлоний америкалик журналист Мартин Смитга интервью бераркан отасини ёдга олиб, унинг мафкурасига тўлиқ қўшилмаса-да, ота ва ўғилнинг Фаластинга бўлган муҳаббати чексизлигини, Қуддусни ҳимоя қилиш олий мақсади эканини айтиб ўтган. У ёшлигида ҳам 2000 йилдаги Иккинчи Фаластин интифадасидан таъсирланиб, мудом фаластинликларни босқинчилардан ҳимоя қилиш ҳақида хаёллар сурганини яширмаган. 

"Ал Жазира"нинг қайд этишича, Жўлоний 18 ёшга тўлганида Қуръонни яхшироқ ўрганишга бел боғлайди. У талабалик даврида Ҳалабдаги масжидга қатнаб, устози Маҳмуд Қул Ағосий хутбаларида мунтазам қатнашади.

2003 йилда Ироқ АҚШ томонидан босиб олингач, устози уни босқинчиларга қаршилик кўрсатишга чақиради ва бундан таъсирланган Жўлоний Ироқнинг Мосул шаҳрига йўл олади. Мосулда у "Ал-Қоида" сафида жанг қилгани учун, америкаликлар томонидан қўлга олинади. 

Жўлонийнинг кейинги ҳаёти Ироқдаги машҳур Абу Ғрайб қамоқхонасида ўтади. Ниҳоят у Бағдоддаги Кэмп Кроппер ҳибсхонасига кўчирилади. Америка ҳарбийлари Жўлонийни Ироқ ҳукуматига топширгач, "Ал-Қоида" аъзоси 2 йилдан сўнг озодликка чиқарилади.

Қамоқдан чиққач, у Абу Бакр ал-Бағдодий бошчилигидаги ИШИД сафига қўшилиб, ўзининг ҳарбий фаолиятини давом эттиради ва тезда жангари гуруҳнинг Мосулдаги асосий етакчисига айланади. 

2011 йилда Жўлоний Сурия инқилоби бошлангани муносабати билан Бағдодийга мурожаат билан чиқади ва Сурияни бошқаришга рози бўлади. Бир йил ичида Жўлоний Башар Асад режимига қарши 5 мингдан ортиқ жангчини тарбиялаб, таъсир доирасини кенгайтиради.

2012 йил 24 январда у “Жабҳат ан-Нусра” (Нусра фронти) тузилганини эълон қилиб, сурияликларни ҳукуматга қарши қўлига қурол олишга чақиради. 2013 йил 9 апрелга келиб, Бағдодий ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” янги тузилмаси бирлашганини эълон қилади. Кутилмаганда Жўлоний бу иттифоқни рад этиб, "Ал-Қоида" раҳбариятига содиқ қолишини билдиради. 

У 2016 йилгача "Ал-Қоида"нинг Суриядаги бўлими раҳбари сифатида фаолият юритган. Бироқ кейинчалик
Жўлоний "Ал-Қоида"дан ҳам юз ўгириб, ўзининг гуруҳини тузади ва 13 йиллик фуқаролик урушидан сўнг Асадни ҳокимиятдан ағдарган мухолифатчилар етакчиси сифатида эътиборга тушди.

Мафкура ва қарашлари

Жўлоний ўзининг биринчи йирик интервьюсида такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш амалиётини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаган. У бировни кофир деб эълон қилиш учун фатво беришни Ислом шариати бўйича дин уламолари ва суд органларига топшириш жоизлигини қўшимча қилади.

Шунингдек, Жўлоний “Жабҳат ан-Нусра” Сурияда ҳокимиятга интилмаганини, Асаддан кейин мамлакат Исломий тамойиллар асосида  уламолар ва раҳбарлар кенгаши томонидан бошқарилиши кераклигини билдирган.

2021 йилда PBS телеканалидаги интервьюсида Жўлоний ўзининг ИШИДдан ажралиб чиқишига сабаб, жангари гуруҳ аъзоларининг тинч аҳолига муносабати ва можарога ёндашуви сабаб бўлганини айтганди. 

"Кейинчалик "Ал-Қоида" раҳбариятининг қўпол хатолари сабаб мен улар билан алоқаларимни узишга мажбур бўлдим", деган Жўлоний. 

Халқаро қидирувдаги террорчилар рўйхатига кириши

2013 йилда “Жабҳат ан-Нусра” ташкил этилгани ва унинг "Ал-Қоида"га содиқлиги ортидан АҚШ Давлат департаменти ал-Жўлонийни глобал террорчи деб тан олди. 2013 йил май ойида АҚШ ҳукумати уни глобал террорчилар рўйхатига қўшиб, активларини музлатиб қўйди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ҳам унга қарши санкциялар, жумладан, саёҳат чекловлари ва қурол эмбаргосини жорий қилди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг май ойида АҚШ Давлат департаменти Жўлонийнинг шахсини ёки жойлашган жойини аниқлашга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот ваъда қилди.

Аммо бир неча кун олдин Суриядаги Башар Асад режими қулатилганидан сўнг воқеалар ривожи бутунлай тескарисига ўзгариб кетди.  

Ғарб нашрларида АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”ни хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. NBC News'нинг маълум қилишича, гуруҳнинг террорчилар рўйхатидан олиб ташланиши “тез орада” амалга оширилиши мумкин.

Қайд этилишича, агар гуруҳдан террорчилик мақоми олиб ташланса, гуруҳ раҳбари ҳақидаги маълумот учун бериладиган ўн миллион долларлик мукофот ҳам бекор қилинади.

Хулоса ўрнида

Жўлонийнинг ҳаёти турли зиддиятларга тўла. Шундай бўлса-да, бугун у Сурияда ваҳшийликларга тўла Башар Ассад режими тугатилишига ҳисса қўшгани билан тарихда ном қолдиряпти. Айни пайтда Жўлоний ҳукумат тузиш ва миллий ярашувни амалга оширишга ваъда бермоқда. Балки келгусида ушбу ҳукумат барча сиёсий ва этник кучларнинг ҳамкорлигига эриша олар. Шундагина Сурияда барқарорлик таъминланиши мумкин. Аксинча бўлса, Сурия янги можаролар марказига айланиши мумкин, Аллоҳ асрасин!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.