16.11.2024 20:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, еттинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Еттинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
***
Бешинчи фасл

Яқинда турмушга узатилган Фатҳия холам эри билан бизникига меҳмон бўлиб келишди. Онам холамни бағрига босиб кутиб олди. Холам ҳар биримизнинг юзимиздан ўпиб кўришди. Бу вақт онам меҳмонлар учун жой ҳозирлашга кириб кетганди. Бобомни уйғотиб чиқдик, бобом қўлида бозорлик кўтариб турган поччамизнинг қўлидан нарсаларини олиб, илиқ кутиб олди. Фотима опам чой қўйди. Бир финжон чой ичиб, почча тоғамнинг ҳам олдига бориш учун изн сўради. Холам бир кун биз билан қолсалар, эртага олиб кетишини айтиб, ўрнидан қўзғалди. Бобом уни қолишга ҳарчанд кўндиришга уринмасин, зарил ишлари борлигини айтиб, узрини айтди. Шундан сўнг уларни эшик олдигача кузатиб қўйдик. Бобом ўз хонасига кириб кетди, онам билан холам эса онамнинг хонасига кириб ўтиришди. Биз ҳам уларнинг атрофида ҳалқа бўлиб ўтириб олдик. Онам холамлар олиб келган саватни очиб, ичидагиларни хонтахтага қўя бошлади. Халталарнинг бирида кўпгина қип-қизил олмалар бор эди. Илгари бунақа олма емаган, кўрмагандим. Умрим бўйи икки ё уч марта олма еганимни эслай оламан, лекин биз еган олма бундай чиройли эмасди. Бошқа бир халтада эса биз ҳатто исмини ҳам билмайдиган мева бор экан. Улғайганимдан кейин у меванинг номи шафтоли эканлигини билганман. Яна бир халтадан сутли маҳсулот чиқди. Онам саватдаги ноз-неъматларни оларкан, холамга қараб: «Нега бунча нарса олиб ўзингни уринтирдинг, Фатҳия?!» - деди. Фатҳия холам кўзларидан ёшлар оқиб: «Опа, хўжайнимнинг ишлари яхши, аммо, начора, қанийди сизга кўпроқ ёрдам беролсам!»  -  дея раҳми келгандай бўлди. Онам меваларни саватдан оларкан, ташқарига чиқиб, ювиб келди-да, Маҳмуд акамга: "Буни бобонгга, бунисини амакингнинг болларига олиб чиқиб бер", дея тақсимлаб берди. Шундай қилиб, кун бўйи янги меҳмонимиз - жонажон холамизнинг олдиларидан жилмадик. 

Абдулфаттоҳ поччамиз туни билан тоғамнинг азиз меҳмони бўлди. Тоғамга Халил минтақаси, бошқа шаҳар ва қишлоқлардаги вазиятлар ҳақида гапириб берди. Абдулфаттоҳ почча икки-уч йил олдингина ўн биринчи синфни тамомлаган эди. Ундан сўнг отасининг ишларида кўмаклашиб келган. Уйдаги чорва ҳайвонларининг парвариши билан машғул бўлган. У отаси билан Иорданиядаги Саудия университетларидан бирига ўқишга кириш масаласини маслаҳат қилиб турганди. 

Тоғам Абдулфаттоҳ оғадан ўзимизнинг фидойи жангчилар, Исроил ишғоли сўнгги уч йил ичида одамларнинг руҳиятига таъсири, иқтисодий аҳволлари ва нималар режа қилинаётгани ҳақида сўради. 

Халил шаҳри босиб олинганидан сўнг «Иброҳим ҳарам»ини зиёрат қилиш мақсадида ташқаридан сайёҳлар тўлқини оқиб кира бошлаганди. Бу ерга яҳудлар ўзларини ҳақли деб ҳисоблардилар. Сайёҳлар оқими бу шаҳар иқтисодининг униб-ўсишига туртки бўлганди. Сабаби, шаҳар тужжорлари ўз маҳсулотларини сайёҳларга имкон қадар энг қиммат баҳода сотишга ҳаракат қилишарди. Ҳатто эман дарахти ёнғоқларини ҳам яхшигина пуллашарди. Улар буни Иброҳим бобомизнинг юртидан ёдгорлик, муқаддас деб эътиқод қилишарди. Бундан ташқари, нимаики жиҳозларга эҳтиёжи бўлса, яҳудлар шу шаҳардан харид қиладиган бўлишди. Шу сабабдан ҳам иқтисодий ўсиш кузатилганди. 

Исроил аскарлари у ерда кўп ҳам одамлар орасига кирмасди. Бунга сабаб, ушбу шаҳар босиб олинганидан сўнг Халилдаги миллий хавфсизлик раиси Шайх Жаъбарийнинг Исроил қўмондонлари билан келишувида ҳарбийлар оддий аҳолига тажовуз қилмаслигини сўраган бўлиши тахмин қилинарди. Учрашувдаги Исроил қўмондонларининг раиси Мушиян Даян бўлган. У бу келишувга амал қилиб, ҳарбийларини оддий аҳолидан узоқ тутишга буюрган. 

У ернинг аҳолиси ҳали мағлубият уйқусидан уйғониб улгурмаганди. Мағлабият одамларнинг яҳудларга бўлган қўрқувини бошқарарди. Кўчаларда яҳудлар истаганича бир ўзи бемалол сайр қилиб юраверар, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмас, бордию кимдир бирор чора кўриш ҳақида ўйлагудай бўлса, атрофидагилар қўрқиб, уни шаштидан қайтариб қўярди. Шундай бўлса ҳам, барибир, ўзимизнинг жангчилар бу шаҳарнинг ташқарисида  -  Исроил ҳарбийлари турадиган ерларда баъзи амалиётларни амалга ошириб туришарди. Ёки шу шаҳарга яқин шаҳар қишлоқларда тўқнашувлар бўлиб турарди.

Ҳали Исроил босиб олишга улгурмаган шаҳар ва қишлоқлар, хоссотан тоғли ҳудудларда яшайдиган мужоҳидлар аҳён-аҳёнда босқинчиларга ҳужумлар уюштириб, уларни ярадор қилишар, баъзан ўлим ҳолатлари ҳам бўлиб турарди. Сўнг Исроил ҳарбийлари боришга қўрқадиган қия-адирликларига қайтиб кетишарди. Ўша жангчиларнинг энг машҳури «Абу Шаррор» бўлиб, у бу атрофдаги босқинчи ҳарбийларнинг уйқусини қочириб қўйганди.

«Фатҳ»  ҳаракати шаҳар атрофида амалиётлар бошлашга ҳаракат қиларди. Афсуски, муваффақиятлар ғоят кам эди. Чунки  жангчилар қачон режа тузишса, амалиёт бошлашлари биланоқ босқинчилар томонидан ҳибсга олинарди. Шундай, ҳали оёққа турмасларидан қулатиларди. Эҳтимол, бундай заифлашиб қолишга одамларнинг ўз ҳаёти билан, иқтисодий униб-ўсиш билан машғул бўлиб кетганлари сабаб бўлгандир. Жанговарлар муваффақиятидан бўлак барча жабҳалардаги ютуқлар бу минтақани таши ялтироқ, ичи қалтироқ кўринишидаги алдовчи манзарага айлантириб қўйганди. Аммо ҳарбий қанот заифлашгани билан тўхтаб қолиши мумкин эмасди. «Фатҳ» ҳаракатининг аъзолари, сиёсий қанотда Халқ фронти, ижтимоий фаолиятлар кабилар билан сиёсий фаолиятларини бошлаб юборганди. 

Абдулфаттоҳ минтақадаги янгиликларни тафсилотларигача сўзлаб берар экан, тоғам у кишини диққат билан  тинглар, ора-сирада ҳар бир масалани яхшироқ англаш учун Ғарбий Соҳил билан Ғазодаги фарқларни билиш мақсадида батафсилроқ сўзлаб беришини сўрарди. 

Ғазо секторида 1967 йили сочилиб кетган «Фаластин озодлиги» зобитларини қайта йиғиб, «Халқ озодлиги» ҳаракати ташкиллаштирилганди. Бу ҳаракат аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиб уюшган, шу билан бирга, «Фатҳ» ва «Халқ фронти»  гуруҳлари билан ҳамкорлик бошлаганди. Босқинчилар жанговорларнинг айрим вакилларини ҳибсга олиб, кўп сирларидан бохабар бўлишса ҳам, уларнинг сумръатини туширишга ҳаракат қилганига қарамай, жангчиларнинг умумий аҳволи Ғазода ёмон эмасди. 

Холам уйига қайтганидан бир неча кун ўтиб, ташқари майдонда ғарбий минтақадаги йўлакда бир аёлнинг жасади ташлаб кетилгани хабари келди. Жуссани кўриш учун отилиб чиқдик. Чиндан ҳам ўша ерда бир аёлнинг жуссаси ётарди. Ким қилганини ҳеч ким билолмасди. Кейин жангчилар амалиётида ҳалок бўлган экан, деган миш-мишлар тарқала бошлади. Ҳеч ким бунга эътироз билдириб, тафсилотини сўрашга, амалиёт эмас, дея овозини кўтаришга журъат қилмади. Аслида эса ўзини фидойи жангчилардан қилиб кўрсатган айрим номардлар ҳийла-найранг билан уни тузоғига илинтирган, номусини поймол қилгач, қилмишларини беркитиш мақсадида уни ўлдиришган. Сўнг буни амалиёт сифатида талқин қилишга уринишган. Босқинчиларнинг махфий жосуслари халқнинг заиф нуқтасидан ўзларининг ҳунрезликлари йўлида фойдаланиб келишган. Иқтисодий аҳволи танг фақирларни фидойи жангчилар ҳақида маълумотлар етказиб бериб учун ёллашарди. Омма орасида чинакам жасоратлари билан обрў қозонган қаҳрамонларнинг суратини бузиб кўрсатиш учун ҳам айнан ўшалардан фойдаланиб келган.

Босқинчилар кўплаб эркаклар ва ёш йигитларни қўлга олар, уларни ҳарбийлари қўним топган базаларга олиб кетишарди. У ерда бир гала ҳарбийлар асирларни калтаклаб, қийноққа солганидан сўнг кўзларини танғиб, қўлларини орқага қилиб боғлаб, ўзларини деворга қаратиб қўйишарди. Ёмғирли совуқ кунларда ҳам соатлаб туришга мажбур қилинарди. Асирлар совуқдан зир титрашар, ҳарбийлар бўлса, уларга парво ҳам қилмай, навбат алмашганча пойлоқчилик қилишарди. Кимдир деворга суяниб олса ё ўнгга-чапга қарагудай бўлса, келиб тепкилаб ташлашарди. Сал нарироқдаги иситиш мосламалари билан жиҳозланган шинамгина хонада бир неча зобит бўлиб, асирларни галма-галдан хонасига чақирарди. Олдидаги курсига ўтказиб, кўзини очирар ва нима иш қилади, яшайдиган ери, аҳли-оиласи-ю ака-укалари қолмай, ҳатто қўшниларигача, айниқса жангчилар ҳақида сўраб саволлар ёғдирарди. Албатта, бу саволлар ҳақоратли сўзларсиз бўлмасди. Одам боласи талаффуз қилиши мумкин бўлган энг қабиҳ ва фаҳш сўзлар билан ҳақорат қилишар, мазаҳлаб, устидан кулишар ва ора-орада дўппослар ҳам эди. Сўроққа тутаркан, баъзиларининг заиф нуқтасини топишга, ўз йўриғига юрғизишга уриниб, тилёғламалик ҳам қилишарди. Баъзиларига эса, сурбетларча ўз ватандошларига қарши айғоқчилик қилиши учун босим ўтказиб, кўндиришга уринарди. Яна кимлардандир фидойи жангчилар ҳақида маълумот олишга уринишарди. Йигитларнинг бир қисми бу хўрликлардан қайнаб, вулқон каби отилай дерди. Аммо, начора, сабр қилишдан бошқа имконлари бўлмасди. Бордию нимадир қилгудай бўлса, олдида яна ҳам кучлироқ хўрланиш, қаҳр-ғазаб кутиб турарди. Шундай бўлса ҳам, айрим йигитлар чидолмай қаршилик қиларди, қўллари орқага қилиб боғлаб қўйилганидан, тўрт-бештасига бас келолмай, охири янада қаттиқроқ қийноққа солинарди. Яна шундай тоифалар бўлардики, улар на босқинчилар тараф бўлишни, на бу тараф бўлишни истамас эдилар. Улар болаларини парваришлаб, тинч яшашни хоҳлардилар, холос. Яна шундай туркумдагилар бўларди-ки, улар юртини ҳам, жонини ҳам арзимас чақа эвазига босқинчиларга сотиб юборарди. Бор билганларини айтиб бериб, сотқинлик қилишарди. 

Ғазо секторидаги жангариларнинг вазияти Ғарбий Соҳилдагиларга нисбатан анча кучли эди. Бунинг асосий сабаби «Фаластин озодлиги»  дея номланган жангари гуруҳларнинг мавжудлиги, дейиш мумкин. Бу жангари гуруҳ ўша вақтларда зиммаларидаги  Фаластин масъулиятини енгиллатиш мақсадида «Араб тизимлари» томонидан шакллантирилганди. 1967 йилги урушда бу армия тарқалиб кетган, жангчиларнинг бир қисми шаҳид бўлган, кўпроқ қисми Ғазони ташлаб, Миср томонга жўнаб кетган ёки жўнатиб юборилганди. Улардан қолган баъзи қисми «Халқ озодлиги»  ҳаракатига асос солиб, амалиётларда давом этган. Улардан ташқари, «Фатҳ» ва «Халқ фронти»  ҳаракатларидан ҳам айрим қолдиқлар бўлиб, сектор лагерларида ўзларига хос кўринишларда ташкиллаша бошлаганди.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.