19.11.2024 21:30

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, саккизинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Еттинчи қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.

Кунларнинг бирида мактабда сафланиб турган эдик, бирданига бақирган овозлар эшитила бошлади. Кейин жўрлашиб одамларнинг  «Жонимизни ҳам, қонимизни ҳам сенга фидо қилурмиз, эй Фаластин!»  -дея айтаётган овозлари эшитилди. Мактабимиздагилар чиқиб, бошқа мактабдагилар билан тўдага қўшилишиб жўр бўлишди. Барчанинг юзида хурсандчилик шукуҳи уфуриб турарди. Чунки ўша кун омадли келган бўлиб, Иордан дарёсининг Шарқий соҳилидаги  фаластинлик фидойилар босқинчиларга қилинган ҳужумда муваффақият қозонгандилар. Шу зайлда лагернинг чодирли кўчаларида мазкур жумлаларни жўр бўлиб айтиб юриб, сўнг ҳамма ўз уйларига тарқалди. Одамлар «Омадсиз уруш»  дея номлаб олишган 1967 йилдан кейинги эгилган бошлар қайта кўтарилаётгандай, барчада азизлик ҳиссини туйиш бошланганди. Ўшандан буён Исроил армиясини устидан ғалаба қозонилган илк жанг эди. Шарқий Соҳилидаги Каромат минтақасида дарё бўйида фидойилар ҳарбий қўшин ташкил этиб, чегарада бир неча амалиётларни амалга оширишганди. 

Ўша куннинг аср вақтидан сўнг одатдагидай, ховлимиз орқасидаги одамлар мажлис қилиб ўтирадиган ерга бобом билан чиқдик. Одамлар ғоят мамнун эдилар. Фаластин ғалаёни ҳақида, «Ватан озодлиги» партияси ("Фатҳ") ҳақида гап очилди. «Фатҳ» ҳаракати «Ватан озодлиги»  ҳаракати ҳамда босқинчиларга қарши жангари гуруҳнинг бошқарув курсисига ўтира бошлагани кундек равшан эди. Ўша пайт бир кишининг бундай деганини эшитгандим: 

«Оға, "ерни ўз бузоқлари ҳайдайди" (Фаластин халқ масали). Шу пайтгача араб қўшинларига таяниб келиб, мағлуб бўлдик. Энди куч-қувватмиз, қурол-аслаҳаларимиз заиф бўлгани билан биринчи марта ғолиб бўляпмиз. Тавба!» 

Бу гапни тинглаб ўтирган барча бошини силкиш билан маъқулларди. Шундан кейинги кунлари кетма-кет фидойиларнинг Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги амалиётлари суръат ила тус олди. Онам: «Бир хил эркакларнинг ўлими айрим эркакларни тирилтиради», -  дер эди. Худди шунга ўхшаб, Каромат минтақасидаги фидойиликлар кўплаб эркакларни жонлантириб юборганди. Афтидан, босқинчиларнинг хуфялари Ғазодаги амалиётлар манбаси соҳилдаги лагердан бошланади, деб тахмин қилган шекили, айнан бизнинг лагеримизда кучлироқ карантин жорий қилишди. Бу сафарги карантин қарийб бир ой давом этди.

Биздан ўн метрлаб наридаги шаҳарда ҳаёт табиий ҳолатида давом этарди. «Умар Мухтор»  кўчасида жойлашган катта кўчадаги «Аббос»  масжидидан Пешин намозига айтилган азон овози эштилиб турарди. Бу масжидга бир қанча ёш ва катталардан иборат жамоат намозни адо қилишга келарди. Кунларнинг бирида намозни адо қилиб бўлишганидан сўнг йигирма ёшлар атрофидаги бир йигит ўрнидан туриб, жамоатга юзланди-да, Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга саловат айтиб, сўнг одамларга хитоб қилди. У ўз хитобида одамлардан бир ойдан буён кучли карантин остида қолган чодирлардаги биродарлари учун чора кўришни сўради. Масжид имомининг "Қўлимиздан нима ҳам келарди, болам",  деган саволига  тинчлик намойиши қилишни тавсия қилди. Бу фикр ҳаммага маъқул бўлиб, одамлар такбир ва таҳмид айтган ҳолларида тинчлик намойишига чиқишди. Айримлар ўша хитоб қилган йигитни елкаларига кўтариб олишганди. Одамлар «Жонимиз ҳам, қонимиз ҳам Фаластинга фидо бўлсин!», «Биз - ҳаммамиз Фаластинмиз!», «Ҳаммамиз муҳожирлармиз!», «Ҳаммамиз шу ватан фарзандларимиз!»  каби ибораларни жўр бўлиб айтардилар. Лагеримиз шаҳарнинг ёнгинасида жойлашни учун намойишчилар тез орада Исроил ҳарбийлари юрадиган катта кўчага яқин жойга тўпланишди. Босқинчи ҳарбийлар кутилмаган вазиятга ҳозир бўлиб туришарди, аммо бу вазиятга аралашмадилар. Шундан сўнг одамлар ўз уйларига тарқагач, эрта тонгда карнайдан карантин тўхтатилгани ҳақидаги эълон жарнглаб, ҳаётимиз яна табиий ҳолига қайтди. 
***
Эрта тонгда мактаб ҳовлисида саф тортиб турардик, сўнг енгил жисмоний тарбия машғулотлари ўтказиларди. Ундан кейин ўқувчилардан бири тошдан терилган зинага чиқиб, маъруза қиларди. Сўнгра навбатма-навбат уч томони тошли девор билан ўралиб, усти цементли шифт бўлган хоначага синф раҳбарларимиз бошчилигида юриб борар эдик. Хона олдида оқ бош кийим ва мовий либосдаги уч-тўрт киши галма-галдан темир идишларимизга сут қуйиб берарди. Аввалига ҳар биримизга бир донадан балиқ ёғини юттириб, кетидан қайноқ сут ичтирар эди. Сутни ичгач, идишларни қайноқ сув тўлдирилган катта қозонга солардик. Кейин ҳамма ўз синфига йўл оларди. Шу тарзда ташкилотлар томонидан ҳамма мактаблардаги талабаларга балиқ ёғи билан сут ичириларди. Сутни-ку севиб ичардик, аммо балиқ ёғини ҳеч ким суймасди. Ўқитувчилар ҳар бир ўқувчи ичиб бўлгунига қадар кузатиб турарди. Ичмай улоқтириб юборишга қўймасдилар. Албатта, балиқ ёғи жуда фойдали. Аммо қайнаб турган сутни ичишга нима дейсиз?  Бир яхши тарафи, совуқдан қотиб, ҳис қилмай қўйган қўлингиз исиб қолган сут идишни тутганида, қўлларингиз ўзингизники эканлигини сеза бошлайсиз. 

Шундай кунларнинг бирида ҳаво жуда совуқ ва бўронли бўлганди. Аксар ўқувчилар мактабга келгунига қадар ёмғирда ивиб бўлгандилар. Сут ичиб бўлгач, синфимизга кириб, совуқдан қалтираб ўтирардик. Устозимиз синфга кириб, ўқиш-ёзиш миямизга кирмайдиган аҳволдалигимизни кўрди-да, бизни кулдириб чалғитмоқчи бўлиб: «Болакайлар, агар осмондан ёмғир ўрнига гўшт билан гуруч ёққанида қандай бўларди-а..?»  деди. Ҳамма ўқувчилар кулиб юборганидан синф шовқин-суронга тўлиб, совуқ қотаётганимиз ҳам ёдимиздан кўтарилди. Бетартиб равишда ҳамма ўзига нима ёқишини айтарди: «Мен фақат гўштларни ердим», «Мен ҳаммасини ердим», «Менга ундайи ёқади», «Менга бундайи ёқади»  ваҳоказо. 

Устозимиз бир неча дақиқа ўйнаб-кулиб олишимизга қўйиб берди. Сўнг: «Болалар, бўлди қилинглар.. Жим бўлинглар.. Бўлмасам осмондан чигиртга ёғиб, ҳаммангизни тишлаб олади. Ҳой,  сен!  Сен ҳам, бўлди, жим бўлинглар. Ҳаммангиз ўқиш китобингизни олиб, йигирманчи дарсни очинглар! Аҳмад, сен ўқи!» -  деди. Мен ёмғирда ивиб кетган китобимни очиб, совуқдан титраб ўқий бошладим. Устозимиз эса ялқовлик тутаётган ўқувчиларга боқиб, «Ҳой, болалар! Ҳақиқий одам боласи бўлиш учун нима бўлганда ҳам ўқимоқ даркор» - дерди.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.