04.11.2024 21:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, учинчи қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластин озодлик ҳаракати етакчиси, мард жангчи, ўз ватани ва миллатининг содиқ ўғлони Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Таржимон – Маъмур Мухтор.

1-қисм

2-қисм

***

Қуёш чиққан ҳар куннинг эрта тонгида онамлар сув сақланадиган кўза ва челакларни кўтариб, навбат олиш мақсадида хайрия жамғармаси чиқариб берган сув олиш ерига боришарди. Бу ерда кунига икки ё уч соат сув чиқар, кимнинг навбати келиб олишга улгуриб қолса, идишларини тўлдириб қоларди. Улгурмаганлар бўлса, кейинги кунни кутишга мажбур бўлишар, қўшниларидан қарзга сув олиб тураишарди.

Баъзида идишини навбатга қўйишдан ғафлатда қолган қўшниларнинг бири аввалроққа ўтиб кетиб, олдинроқ тўлдириб олишга ҳаракат қиларди. Буни сезиб қолишганидан кейин «Менинг навбатим эди», «Йўқ меники», каби гаплар билан тортишув бошланиб кетарди. Бора-бора авж олиб, қўллари билан бир-бирини туртишар, ҳақоратли гап айтишар, сочларини юлиб, ҳатто баъзан идишларни синдиришгача боришарди. Сув жўмрагининг ости синган сопол идишлар билан бир қат бўлиб қолганди.

Акаларим ва қўшниларнинг фарзандлари мактабдан қайтишганида, тушликни қилиб бўлишгач «етти тош» ўйнини ўйнагани чиқишарди. Қизлар бўлса «Катак-тош» ўйинини ўйнашарди. Алебастир ёки тош бўлагини олиб, ерга кетма-кет учта тўртбурчак катак чизишарди. Хар бир катакнинг узунаси ҳам эни ҳам тахминан бир метр бўларди. Учинчи катакнинг тепасига ярим доира чизиларди. Ўйинчи бир бўлак тошни биринчи катакка ташлаб, ўзи ҳам сакраб киради. Бир оёқда туриши керак бўлади. Ўша бир оёғида ҳалиги тошни суриб иккинчи катакка ўтказиши ва ўзи ҳам шу ҳолда ўтиши керак бўлади. Кейин учинчи катакка ҳам шу тарзда ўтади. Сўнг ярим доира ичига ўтказиб, ўзи ҳам ичига киради. Шундагина иккинчи оёғини ҳам ерга қўйиши мумкин. Сўнг худди шундай орқага қайтади. Агар иккинчи оёғини қўйиб олса ёки чизиқни босса, ютқазади. Кейин рақибаси ўйнайди. Баъзида «арқонда ирғиш» ўйинини ҳам ўйнаб туришарди.

Ўғил болалар эса баъзан «Яҳуд-Араб» ўйинини ўйнарди. Икки қисмга бўлиниб, бири яҳудлар, иккинчиси араблар жамоаси бўларди. Ҳар бир жамоа вакиллари ёғоч ё ўтинни ўзига милтиқ қилиб оларди. Милтиқлардан ўқ узиб, «Тегди, мен йиқитдим», деса, наригиси «Йўқ, мен биринчи теккиздим, сен йиқилдинг», - дея бақирар, ким биринчи йиқилганини аниқлашолмай баъзан тортишиб кетишарди. Кўп ҳолатларда араб жамоаси яҳуд жамоасини мағлуб қилиши лозим эди. Чунки жамоаларни одатда ёши каттароқ бўлган, кучли болалар тақсимларди. Атайдан араб жамоасига кучлироқ таркиб қиларди-да.

Бобом бир ойда бир марта ўзимиз ва амаким оиласининг карталарини олиб, марказга чиқиб келардилар. Пешиндан кейин қайтиб келишарди. Қайтаётганларида олдиларида эшак арава бўлиб, унда халтага солинган ун, сарёғ, ёғ каби маҳсулотлар, яна бир нечта саватларда нўхот каби маҳсулотлар бўларди. Арава эшигимиз олдига тўхтар экан, болакайлар уни ўраб олишар, чиқамиз деб аравага сакрашарди. Аравакаш бўлса, қамчиси билан ўқталиб, болакайларни аравадан нари қилишга уринарди. Бобом аравадан олиб келган майда-чуйдаларни туширтирар экан, ички чўнтагидаги халтачадан бир қанча тангалар чиқариб, аравачига узатарди. У ҳам пулни чўнтагига солиб, «Аллоҳ ўрнини тўлдирсин», дея эшагини ҳайдаб кетарди. Болакайлар яна арава ортидан чопиб, осилишларини айтмайсизми? Катталар уларни қайтариб, аравачига йўлни очиб беришарди.

Онам синглимни тиббий кўрикдан ўтказиш учун чодирлар яқинида жойлашган Швеция касалхонасига борар, баъзан мени ҳам олиб оларди. Ёш болалар ва аёллар қисмида синглимнинг вазни, бўйи ўлчаниб, текширув ва таҳлиллар қилинарди. Ўша ерда ёш бола билан келган аёллар жуда кўп бўлиб, оқ ранга бўялган узун ёғочли курсида ўтиришар, жой етмаганлар бўлса, ерга ўтириб олишиб, ўзаро суҳбатлашарди.

Униси ёнидаги аёлга ўзининг дард-у аламларини гапириб ўтирган, буниси ҳам, нарида ўтирган аёл билан ҳасратлашаётган бўларди. Ҳеч бир аёлнинг ғам-ташвиши бир-бириникидан кам бўлмасди. Шўрлик аёллар шу тарзда ичидаги дардларини ўзаро улашганча навбатларини кутишарди.

Касалхона ташқарисида ширинлик сотиб юрадиган ҳолвафурушлар юради. Ўшанда онамнинг этагидан тортиб, бир ширинлик олдириш мақсадида инжиқлик қилардим. Қайсарлик қилиб туриб олганим сабабли, гарчи отам узоқ вақтдан бери бедарак кетган, бобом кексалиги сабаб ишламаётган, бобом тугул ёш-навқирон, куч-қуввати бор йигитларга ҳам иш йўқ бўлиб турган замонда мен учун ширинлик олиб беришга мажбур бўлардилар. Аммо иқтисодий аҳволимиз қўшниларга қараганда дурустроқ эди. Билганим, урушдан олдин онамнинг қўлларида тақинчоқлари бўларди. Урушдан сўнг ўша тақинчоқларни қайтиб кўрмадим. Тоғам ҳам анча яхши инсон эди. Биздан тез-тез хабар олиб турардилар. Ҳар келганида онамга пул бериб кетарди. Ҳатто бизга ҳам, амакиваччаларимга ҳам ҳар келганда танга берарди. Бу пулга Абу Жобир амакининг дўконидан ширинлик олиб ердик.

Тоғамнинг молиявий жиҳатидан омади чопган бўлиб, мато тўқиб чиқарадиган цехи бўларди. Ғазо босиб олинишидан илгари Мисрдан мато тўқийдиган жиҳозлар олиб келганди. Ғазо босиб олинганидан кейин ҳам цехи фаолият юритиб келди. Сифатли матолар ишлаб чиқарарди. 1967 йилдан кейин Жанубий соҳилдан Халил минтақаларигача етказиб беришни йўлга қўйганди. Моддий аҳволи яхши бўлгани учун ҳам онамга кўп ёрдам қиларди. Онам олмайман, деб туриб олсалар ҳам, «Сизларга мен ёрдам қилмасам, ким ёрдам қилади? Болаларингиз қандай яшайди ахир?» - дея мажбурлаб тутқазиб қўярди. Онам бошини аста силкитиб, юзларидан дув-дув ёшлар оқарди. Тоғам: «Ҳар сафар йиғлаб мени қийнайсиз, қўйинг», деб юпатишга уринарди.

Амакимнинг оиласи ҳам деярли тўлиқ биз билан яшардилар. Бир нонни бирга бўлиб едик, бир идишдан бирга сув ичдик. Бобом Маҳмуд акам билан амакимнинг ўғли Ҳасан акага айтиб, улар билан орамизни ажратиб турадиган ўртадаги девордан дарча очтирганди. Икки ховли баъзи хусусий жиҳатларни ҳисобга олмаганда, бир ҳовлига айланганди. Келинойимнинг ота-онаси қийин аҳволда бўлиб, қизининг ҳўжайини шаҳид бўлганини билсалар-да, ёрдам қилишга қодир эмасдилар. Аммо тез-тез оиласи тарафдан қайта турмуш қуришга босим бўлиб келарди. Келинойим эса ҳар гал болалари зое бўлишидан қўрқиб, рад қилар экан.

Кунларимиз, ойларимиз, йилларимиз шу зайлда ўтди.

Кунларнинг бирида тоғам бизникига ҳол сўраб келганди, кетиш олдидан одатдагидек онамга пул бермоқчи бўлдилар. Она бу сафар ололмайман дея қаттиқ туриб олди. Чунки онамда кучли ҳижолат ҳисси сезилиб турарди. Шундан сўнг тоғамиз бизга моддий ёрдам қилишга бошқа йўл топиб қўйган экан. Ўзининг цехида майда-чуда ишларни қилиб туришга ёшроқ йигитлар керак деб, Маҳмуд акам ва амакимнинг ўғли Ҳасан акани ишга олди.

Эрталабда боришлари ҳам шарт эмасди. Мактабдан қайтгандан кейин боришса бўларкан. Бегонадан кўра ойлик маошни шуларга берсам ўрни бўлади, деган режа қилган экан. Олдиндан бир ойлик маошларини ҳам берди. Онам ҳам шундан кейин қўлларини қайтаролмадилар. Маҳмуд ва Ҳасан акаларим оила боқиш масъулиятини зиммаларига олиб, цехда ишлай бошладилар. Мактабдан қайтишгач, дастурхон устида узун суҳбат бошланарди. Онам уларга ишга қандай бориб-келишларини, ишни қандай ихлос билан қилиш кераклигини, қунт билан бажаришларини ўргатарди. Сўнг елкаларидан қоқиб, ишга кузатарди. Шом вақтида уларни худди бирор юртни фатҳ қилиб келаётган отлиқ қўмондонларни кутиб олгандек кутиб оларди.

Акаларим тоғамнинг ишхонасида айтарли иш қилишмасалар-да, бизга ғамхўрлик қилишнинг ажойиб режаси эди бу.

Бомдод вақти кирганида кўпинча бобомнинг таҳорат олаётиб айтаётган дуо овозидан уйғониб кетардим. Бу дуони эшитиш менга жуда ёқарди. Кейин намоз ўқишни бошлагач, «Фотиҳа» сурасини, зам сураларни ўқиганини мирқиб тинглаб ётардим. Кейин қўлини очиб, қунут дуосини ўқирди. Бу ҳолат такрорланаверганидан ўша дуоларни ёдлаб олай дегандим.

اللهم اهدنا في من هديت ....»

Шу сўзлар билан бошланарди.

Босқинчилар тунги соат еттидан то эрталабки бешга қадар кўчага чиқишни ман қилиб қўйган, ким бу вақт кўчага чиқса, отиб ташлашарди. Туни билан у ер, бу ерда юриб, карантин вақтида кўчага чиқмасликларини таъминлаб туришарди. Шу сабабдан бобдод намозини масжидда адо қилолмасди бобом. Аммо қолган намозларни кутилмаган сабаблар тўсиб қолмаса, жамоат билан ўқирди.

Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.