06.02.2025 09:49

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 28-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 28-қисм. 


Якшанба кунининг эрта тонгида, тонги назоратдан сўнг одатдагидек бир маҳбусни овқат тарқатгани ташқарига чиқаришди. У, биринчи хонага келиб,  «Йигитлар! Нонушта келди», - дейди. Ичкаридагилар эса,  «Овқат керак эмас. Биз очлик эълон қилдик», - деб жавоб беришди. Посбонлар ҳайратланиб, идорага одам жўнатди. Овқат тарқатувчига кейинги эшикка боришини буюрганди, у хонадан ҳам, қолганларидан ҳам бир ҳил жавоб олинди. Бундан бошқа қисмларда ҳам айни ҳолат бўлганидан, посбонлар саросимага тушиб қолишди. Қамоқхонадаги ваҳимадан бош нозир бир қанча дубинка ва газ кўтарган зобитлар билан югургилаб келди. Биринчи хонага кириб, овқат олиб келтиради ва маҳбуслардан бирма бир  «Овқат есанми?», - деб сўраб чиқади. Қисмдаги бир неча хонага кириб, ҳаммасидан бир ҳил жавоб олади. Тушлик келди ҳам олишмади, кечги овқат келди ҳам олишмади. Бир кун ўтди ҳам, икки кун ўтди ҳам олишмади. Бир ҳафта бўлганда ҳам ирода билан туришди. Икки ҳафта бўлганида, асирлар заифлашиб, жасадлари озғинлашди. Кўзлари қовоғидан ажраб қолди. Ҳар куни,  кун ора бош нозир ёки бир зобит келиб, таслим бўлганлар борми, йўқми текшириб кетарди. Алалоқибат, асирларнинг қатъиятини кўриб, таслим бўлмасликларига амин бўлишганди. Бу иш юқоридагиларгача етиб борган. Бош нозир келиб ҳали у маҳбусдан, ҳали бу маҳбусдан талаб ва шартларини сўрарди. Сўраган одамларидан бир ҳил  «Бу саволга мен жавоб бермайман. Маҳмуд Солиҳ, Ҳасан Собит ва Абдулазиз Шаҳў каби қисм бошлиқлари билан гаплашинг», - деган жавобни оларди. Бундан жиғибийрон бўлган бош нозир  «Биз ҳеч қандай қисм бошлиқларини билмаймиз. Биз учун ҳамманг бузғинчи жиноятчисанлар», - дея ўшқирарди. Ва ниҳоят учинчи ҳафта ҳам ўтди. Маҳбуслар фақат сув ичиб, номига туз ялаб юришди. Вазият жиддий тус олганди. Маҳбуслар очликдан ўлиб кетсалар, дунё минтақасида Исроилга кучли босим бўлиши тайин эди. Охири қисмлар бошлиқлари билан муросага ўтишди. Уларни бош нозир хонасига таклиф қилишди. Хонада турли ноз-неъматлар билан тўлдирилган дастурхон, атрофида қамоқхона масъуллари, тўғрида бош нозир, қисм бошлиқлари эса бош нозир қаршисида ўтиришди. Асирлар мадори қуриганидан курсида тўғри ўтиролмасдилар ҳам. Энг охирги кучларини зўрға жамлаб ўтиришарди. Уларни дастурхонга чорлашди, лекин одоб билан узрини айтдилар. Бош нозир деди:
-Булар ҳам қолган оғаларига ўхшаб очлик эълон қилган. Шартлари бажарилган тақдирда ҳам энг охири бўлиб таом есалар керак ҳали. Хўш, айтингларчи, қандай талаб ва истакларингиз бор?

-Қийноққа солиш услубини тўхтатасизлар. Ҳеч бир маҳбус жасадида қийноқ асорат бўлмаслиги керак. Хоналарда истагандек ўтиришимизга рухсат берилиши шарт. Кундузи ухламоқчи бўлган маҳбусларга қаршилик қилмайсизлар. Истагандай ўтириб-туришга, тўпланиб суҳбатлашишга рухсат берасизлар. Ётиш учун кўрпа-тўшак берилиши керак. Овқатлар миқдор ва сифати оширилсин. Тозаловчи воситалар етарли даражада берилсин. Ювуниш вақтини узайтириб, ҳафтада икки марта рухсат берсилсин. Хоҳловчиларга китоб, дафтар ва қалам берилсин.

Яна бир қанча талаблар қўйишди. Нозирлар эса ёзиб олишди. Кейинги учрашувда жавоб беришга ваъда беришди. Асирлар ўрнидан қўзғалишга ҳаракат қилишаётганда, уларнинг мустаҳкам иродасидан, ўлимга тик боқиб, матонат ила турганларидан ҳайратда қолган посбонлар ёрдамлашишди. Иккинчи учрашувда бош нозир талабларнинг бир қисми қабул қилинганини, баъзилари рад этилганини айтди. Қисм бошлиқлари эса, у ҳолда очлик давом этишини таъкидладилар. Бош нозир яна айрим талабларини қондириб беришини қўшимча қилиб, бебошлик қилмасликка, шунча истаклари амалга оширилаётганини, бир қисми қолса ҳеч нима қилмаслигини айтиб, қаноатлантирмоқчи бўлди. Қисм бошлиқлари ҳаммаси амалга ошмаса, орқага йўл йўқлигини айтишди. Эртаси куни кўпроқ талаблар қабул қилинганини айтиб, қолганларини амалга оширилгунига қадар очликни тўхтатишларини сўради.

-Масалан, бошланишига хоналарда эркин бўлишади. Фақат, дарҳол очликни тўхтатасизлар. Қолганларини секин-аста кўриб чиқиб айтармиз, нима дединглар, азаматлар?

Қисм бошлиқлари қолган маҳбуслар фикри билан қизиқиб, кейин жавоб беришларини айтишди. Буни рад этишганди, улар очлик давом этишини айтиб, чиқиб кетишди. Бироздан сўнг қайта чақириб, қисм бўйи айланиб юришга рухсат беришини, фақат бир зобит ҳамроҳлигида бўлишини айтди. Шундай қилиб, қисмларга бирма бир кириб, маҳбуслар билан суҳбатлашиб чиқишди. Қабул қилинган шартлар билан таништирилди. Ҳамма қисмлар билан учрашиб бўлгач, очликни тўхтатишга қарор берилди. Асирлар орасида шифокор ҳам бориди. Унинг маслаҳатига биноан,  биринчи уч кунда фақат суюқликлар истеъмол қилинадиган бўлди. Сабаби, ҳафталаб фаолиятдан тўхтаб қолган ошқозон оғир овқатларни қабул қилишга тайёрланиши лозим эди. Илк таомни қабул қилинганида, хонадаги маҳбуслар ҳалқасимон бўлиб ўтиришиб овқат тановул қилишди.  «Б» қисмининг еттинчи хонасида Маҳмуд хонадошларига қўлга киритилган ютуқ ҳақида маъруза қилиб, агар, эркаклар азм қилса, уларнинг қаршисига ҳеч кимса чиқа олмаслигини, ҳамиша ғалаба ҳамроҳи бўлишини айтди. Сўнг, Фаластин масаласи ҳақида сўз очиб,  «Фатҳ» ҳаракатининг машҳур шиъорларидан бирини айтди:   «Аждодларимиз айтганидек, ерни ўз бузоқлари ҳайдайди. Бу заминни ҳам ўз ўғлонларигина озод этади».

Эртаси кундан асирлар саҳнига ҳеч қандай зобит ҳамроҳлигисиз, бемалол чиқа бошладилар. Ҳар ким истаган ишини қиладиган бўлди. Икки киши бўладими, уч-тўрт киши бўладими, суҳбатлашиб ўтироладиган бўлишди. Фақат, девор устида бир зобит кузатиб турарди, холос. Шу зайлда фикр алмашиб ўтириш, жамоавий ибодат қилиш, дарс қилиш оддий ҳолга айланиб қолди. Бир хонада Фаластин тарихи ҳақида суҳбат қилинаётган, бошқасида сўнги ҳодисалар ривожидаги сиёсий таҳлиллар айтилаётган, учинчисида  «Фатҳ»  ҳаракати шиъорлари, мақсад-ғоялари ҳақида суҳбат қурилаётган, тўртинчи хонада капитализм, коммунизм каби мабдалар, фалсафа ҳақида суҳбат қурилаётган бўларди. Шундай қилиб, қамоқхона билганлар билмаганларга таълим берадиган мадрасага айланиб қолган эди. Маҳбусларнинг дунёқараши кенгайиб, сиёсий онги ошиб бораверди.

Давоми бор... 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.